Ўзбошимчалик билан ер майдони эгаллаш ва иморат қуришнинг салбий оқибатлари
Ўзбошимчалик билан ер майдони эгаллаш ва иморат қуришнинг салбий оқибатлари

Ўзбошимчалик билан ер майдони эгаллаш ва иморат қуришнинг салбий оқибатлари

36 marta ko'rildi

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ–997-сонли Қонуни билан Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси қуйидаги мазмундаги 232-боб билан тўлдирилди.

ФПКнинг 2706-моддасига кўра, прокурор, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишни (бузиб ташлашни) ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.

Суднинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда-қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари  тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларини эгаллаб олиниши тушунилади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик ҳолатларда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тегишлича жазо чоралари белгиланган.

Шунга кўра барча фуқароларимизга давлат захирасида турган ёки бошқа фуқаролар ва ташкилотларга тегишли ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олмасликларини маслаҳат берамиз.

Мунис ОБЛОҚУЛОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Боғот туманлараро судининг судьяси.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan