Наврўз кунларида атрофда ажиб манзаралар кўзга ташланади. Она табиат уйғонади. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Янгиланиш, яшариш фасли бошланди. Шукуҳли бу кунларда эса юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади. Асрлар тарихига эга бу байрам томошаларида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналаримиз қайта тикланиб, янгича тус олади. Шу тариқа миллий меросларимиз авлодлар қалбига синга боради. Наврўз байрамининг қадим тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтсак.
Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида ҳам жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Мазкур жабҳада мустақиллик арафасида, ҳали собиқ иттифоқ ҳукмрон бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан маданий-маърифий, умуман, маънавий ҳаётимизда туб бурилиш ясаган муҳим бир тарихий ҳужжат имзоланганлигини бугун қувонч билан эслаймиз.
Наврўз асосан баҳорий тенг кунлик 21-22 мартдан бошлаб нишонланган ва бир ҳафта, ўн кун, ҳатто, баъзи жойларда бир ойгача давом этган байрам. Маълумки, мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олинди. 2009 йилда ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданият мероси рўйхатига киритилди. Бу фахрли ҳодиса юртимизда Президентимиз раҳнамолигида халқимиз маданий-маърифий меросига қаратилаётган юксак эътибор нишонасидир.
Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади.
Ушбу кун кеча билан кундузнинг тенглашган пайтидир. Ушбу байрамнинг кириб келиши билан кўпгина Ўзбек оилалар Сумалак, халим, кўк сомса, ош каби турли миллий таомларни тайёрлайдилар. Мазкур таомлар одамзод организмига фойдали бўлган кўп витаминларга бойдир.
Бепоён юртимизни қамраб олган халқ сайилларида бугун «Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!» деган эзгу тилаклар янграмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Ислоҳотлар эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга — ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилганини биз яхши биламиз. Бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқда. Барчамизнинг тилагимиз биттадир, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин!
Раъно ВАПАЕВА
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Урганч тумани бўлинмаси раҳбари.