Хоразм қадимдан эл таниган Эшвой бахши, Нуржон бахши, Оташ бахши, Сиёв бахши каби ном қозонган бахшилар юрти. Хоразм бахшичилик мактаби ҳақида сўз кетганда албатта, Бола бахши (Қурбоназир Абдуллаев)номи алоҳида зикр этилади.Негаки бугунги вилоятда фаолият олиб бораётган бахшилар Бола бахши мактабининг давомчиларидир.Булар Бола бахшининг фарзандлари, Ўзбекистон халқ бахшилари Норбек ва Етмишбой Абдуллаевлар, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар Норматов ва шулар қаторида қўшкўпирлик Каримбой бахши Отамуродов ҳам бор.
ТАЪЛИМ БЕРГАН УСТОЗИНГДАН АЙРИЛМА
1969 йили Хоразмда қиш жуда қаттиқ келди.Шу йил Амударё ҳам музлаб қолиб Шоббозни(Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани) сув босган эди.Мактаблар тўхтаган.Одамлар зарурият бўлмаса уйидан чиқмас, ҳамма уйида эди.Ҳали у пайтлари ўзига тўқ бўлган айрим оилалардагина телевизор бор эди. Мактабга ўрганган болалар онасининг пинжига кириб хадеб эртак айтиб берингга тушишарди.Жумагул опа ҳам бистотидаги бор эртакларни ўн марталаб айтиб берса ҳам болалари уни қайта эшитишдан чарчамасди.У орада халқ достонларини ҳам эртак қилиб айтиб берарди.Ўғилларидан айниқса Каримбойнинг зеҳни ўткир бўлиб онаси айтиб берган “Гўрўғли” ҳақидаги достонни ёд олишга улгурган эди. Гоҳида онаси чарчаган кезлари Каримбой достонни уйдагиларга, баъзан тенгқурларига айтиб берарди.
Ишдан хориб-чарчаб келган отаси Бекчон ака чойга ўтирар экан:
-Қани Каримбой Гўрўғлидан бир хиргойи қилиб беринг-чи деб ўғлига юзланарди.Ўн бир ёшли Каримбой қўлига таёқни олиб достон куйлашга тушиб кетар, Бекчон ака ҳар замонда “Баракалло!” деб қўяр,шу билан отанинг бутун чарчоғи чиқиб кетарди.
-Онаси шу боланг кўз тегмасин катта бўлса бахши бўларов деб қўярди гап орасида.
Ўша пайтлари фаришталар омин деб турганми,ёки ота дуолари ижобат бўлибми Каримбой элда Карим бахши бўлиб танилди.
У ўрта мактабда ўқиб юрган пайтлариданоқ санъатга қизиқди.Ашула тўгарагининг фаол аъзосига айланди. Мактабдаги тадбирларда ўзининг достон қўшиқларини айтиб тенгдошларини қойил қолдирарди.Ўрта мактабни тугаллагач Тошкентдаги маданий оқартув техникумига ўқишга кириб санъатнинг сир-асрорларидан воқиф бўлди.Ўқишни тугатиб келгач, Қўшкўпир тумандаги “Юлдуз” ашула ва рақс ансамблида ишга кирди.Турли кўрик-танловларда,давлат тадбирларида, элнинг тўйу -томошаларида хизмат қилиб танилди. Аммо унга достонларни ўрганиш сира тинчлик бермасди. Бунинг учун эса устоз керак эди.
Каримбой Отамуродов шовотлик бахши Қаландар Норматов томонидан ташкил этилган “Авазхон” фольклор этнографик ансамблига ишга киради.Унга Қаландар бахши устозлик қилади.Достонларнинг айтим йўлларини қунт билан ўргатади.У ерда “Ошиқ Маҳмуд”,”Гўрўғли” ва “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”достонларини тўлалигича ўрганди.Ансамбл созандалари билан Ўрта Осиё бўйлаб гастролларда, турли кўрик-танловларда иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллашга эришади. Жумладан 1985-1987 йилларда Республика бахши шоирларнинг анъанавий кўрик- танловида фахрли,1991 йилда эса иккинчи ўринга лойиқ топилди.1992 йилда Ислом шоир Назар ўғли таваллудининг 120 йиллигига бағишланган танловда,1999 йилда “Алпомиш “достонни яратилганлигининг 1000 йиллигига бағишланган танловларда фаол қатнашди.2009 йили бахши шоирларнинг анъанавий кўрик-танловида юқори ижрочилик маҳоратини намойиш этиб биринчи ўринни эгаллади.Бундай жуда кўплаган кўрик-танловлар лаурияти ғолиби бўлганлиги ҳақидаги диплом ва ташаккурномалар Каримбой Отамуродовнинг бисотида анчагина.
БОЛА БАХШИ БИЛАН ИЛК УЧРАШУВ
Каримбой бахши Отамуродов Бола бахши билан бўлган илк учрашувини шундай хотиралайди.1985 йили Шовот туманида бахши шоирларнинг анъанавий кўрик-танлови бўлиб ўтаётган эди ўшанда.Танловда Карим бахши ҳам иштирок этиб достон куйлади. Достонни тугатиб эндигина жойига ўтирган ҳам эдики Бола бахшининг ўғли Етмишбой келиб уни отаси чақираётганини айтади.Уни Бола бахши хузурига чорлаган эди.Шунда атрофида ўтирган созандалар ”Достонни бирон жойини бузиб айтган ўхшайсан катта бахшидан дакки эшитадиган бўлдинг”деб юрагига ғулғула солиб қўйишди. Карим бахши минг хадик билан Бола бахши ўтирган жойга бориб эгилиб устозни қўлини олди.
-Нердансан ўғлим?-деди Бола бахши Каримбойга бошдан оёқ тикилиб Хоразм шевасида.
-Қўшкўпирдан,-дея қисқа жавоб қилди.Каримбой бахши.
-Қўшкўпирданлигингни билдим.Хўш, қайси ўрамдансан?
-Оқдарбандданман бахши бува,-деди Каримбой ийманиб.
-Оқдарбандда дўстларим кўп.Фалончи, фалончи деб ўндан нафардан зиёд одамларнинг номини айтди.-Яхши тузук айтим йўлларинг ҳам, чертим йўлларинг ҳам жойида камол топ болам.Устозинг ким?сўради Болабахши унга савол назари боқиб.
-Қаландар бахши,-деди у.
-Қаландар менинг шогирдим, сен бўлса шогирдимнинг шогирди экансан.Қаландар билан мен ёнга бир бор,-деб Бола бахши уни уйига таклиф қилди. Карим бахши Бола бахши хузуридан анча енгил бўлиб қайтди.
Шундан кейин Каримбой бахши Бола бахши Абдуллаев ёнига бориб унга шогирд тушди.Бола бахшидан халқ достонларни қунт билан ўрганди ва бахшининг энг кенжа шогирдлари қаторида жой олди.
Оқдарбанд қишлоғида бир пайтлари Хива хони томонидан воҳага кўчириб олиб келинган эронлик халқларнинг бугунги авлодлари истиқомат қилишади.Қишлоқ аҳли қадимдан сақланиб келаётган урф-одатларини ҳали ханузгача унутишгани йўқ. Айниқса куй қўшиқларини ҳамон ижро этиб келишади. Каримбой Отамуродов бошчилигида қишлоқда “Жуфт қарсак”ансамбли ташкил этилади.Ушбу ансамбл ҳозирда ҳам вилоятда ўтказилган турли тадбир ва кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.Қишлоқда яқиндагина қад ростлаган қишлоқ маданият маркази анасмбл жамосига муносиб туҳфа бўлди.
Каримбой Отамуродовнинг сайъ-ҳаракатлари билан қўшни Ших қишлоғида ҳам “Дўстлик” ашула ва рақс ансамбли ташкил этилди.Бугунги кунда Каримбой бахши гарчи нафақада бўлсада шогирдлари холидан тез-тез хабар олиб туради.Ҳа, айтмоқчи бир пайтлари ўзи Хоразмнинг машхур бахшилари этагидан тутиб уларга шогирд тушган бўлса бугун унинг ўзи кўпларга устоз.Унинг шогирлари вилоятимизнинг турли бурчакларидан келиб бахшичилик сирларини ўрганишмоқда. Усмонбек Абдуллаев, Улуғбек ва Умидбек Хўжаев, Тўйлибой Давлетов, Бобурбек Юсупов, Отахон Отажонов каби шогирдларининг парвозидан Каримбой бахшининг кўнгли шод.
Энг кенжа шогирдлари Шохжаҳон Нурметов ва Алинур Самандаровалар устозидан халқ достонларини қунт билан ўрганишмоқда.
***
Узоқ узоқлардан, чексиз қум барханлари томондан соз саси келади. Бахши куйламоқда.Атрофда тумонат одам.Достон эшитишга келганлар бахши атрофида чордона қуриб ўтириб олишган.Ўртада саксовулдан гулхан ёқилган.Гулхан теварагида эса чойгумларда чойлар қайнаяпти.Карим бахши Гўрўғли достонини берилиб куйламоқда.Гўё тингловчилар хаёлида Гўрўғли шу қум барханлари орасидан Ғиротини миниб чиқиб келаётгандай.Қиш фасли эмаси ҳаво анча мунча салқин.Достон тинглашга келган қарияларнинг устларида силкма пўстин.Ёш яланг йигитлар ҳам қалин кийимлар кийиб олишган.
Табиат қўйнида соз-суҳбат қилишнинг гашти бўлакча.Ушбу достон кечаси вилоятдаги 8-телеканал буюртмасига асосан суратга олинмоқда.Тадбирда фольклоршунос олим Сафарбой Рўзимбоев ҳам иштирок этиб даврани олиб боряпти.Каримбой Отамуродов салкам икки соатлар чамаси достон куйлади.
Бундан ташқари Каримбой бахши ижросидаги “Ошиқ Маҳмуд”достони Республика маданият ва маърифат телеканали,”Ошиқ Ғариб ва Шохсанам” ва “Базиргон”достони Республика хамда вилоят радиолари фонатекасида сақланмоқда.Бугунгача унинг репертуаринда 6 та тўлиқ достон ўндан ортиқ термалар бор.Каримбой Отамуродов ҳамон изланишда ўқиб ўрганишда.Янгидан янги достонларни ўрганиш устида иш олиб бормоқда.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
журналист.