Хотира  уйғонса гўзал
Хотира уйғонса гўзал

Хотира уйғонса гўзал

297 marta ko'rildi

ОТАМНИНГ ЁДИ

Туғилиб ўсган Шовот элим мен учун энг табаррук замин. У ердан дунёга жуда кўп улуғ зотлар етишиб чиққан. Бу муборак табаррук замин тупроғида  Юсуф Хамадоний ҳазратларининг хоки пойлари ётибди. У ердан вилоят ва республикага машҳур истеъдодли раҳбар кадрлар етишиб чиққан. Мадёр Худойберганов, Матрасул Худойберганов, Раҳимбой Тоҳиров…Бу каби моҳир раҳбарларнинг номини янада давом қилдириш мумкин.

Менинг падарбузрукворим Рўзимбой Матчонов ҳам шу эл фарзанди. У 1954 йилда тумандаги Буйрачи қишлоғида туғилган. Тошкент қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва ирригациялаш инженерлари институтини тугаллаган. Колхозда механик, устахона мудири,  бош инженер  вазифаларида ишлаган. Отам раҳматлик ўз ишининг устаси, меҳнаткаш инсон бўлганлиги туфайли  уни  масъул вазифаларга ишга чакиришади. У қаерда, қай вазифада ишламасин ўзининг бор  билим ва куч-ғайратини сарф қилади. Бу унинг район агросаноат бирлашмасида бош инженер бўлиб ишлаган кезларида яққол намоён бўлади. Кейинчалик отам  Шовот район партия комитетида инструктор, бўлим мудири вазифаларида ишлайди. 1985-88 йилларда Чкалов номли колхоз партия комитетига секретарлик қилди. Шундан сўнг Ленинграддаги олий партия мактабини тугаллади. 1990 йилда вилоят ижрокомида референт ,қишлоқ хўжалик бўлимининг мудири хамда вилоят агросаноат уюшмаси раисининг механизация ҳамда моддий-техника таъминоти бўйича муовини вазифаларида самарали ишлади. 1992 йил Комилжон Отаниезов номли жамоа хўжалиги бошкаруви раиси лавозимларида ишлаган. 1994-1997 йилларда вилоят нефт  базасида бошлиқ ўринбосари лавозимида фаолият олиб борди. 1997-2000 йил декабргача вилоят қишлоқ хўжалиги механизациялаш бўлимида бўлим бошлиғи лавозиларида ишлади. Афсус умри қисқа экан 2000 йили 46 ёшида ўлим отамни орамиздан олиб кетди.

Нима деймиз, ўлим ҳақ. Яратганинг иродаси шу. Биз бандалар унинг  олдида ожизмиз. Аммо ўтганларнинг руҳини шод этиш доимо уларни яхши фазилатлар билан ёдлаб туриш биз тирикларнинг инсонийлик бурчимиздир.

Отам раҳматлик фарзандларига жуда меҳрибон, одамохун, меҳмондўст инсон эдилар. Уйимиздан меҳмон аримасди. Дўст қадрдонларига,қариндош туққанларга  қайишадиган, бирон ёрдам керак бўлса мурувват қўлини чўзадиган фазилатлари менинг шууримда муҳрланиб қолган.

Бугун унинг ишини, унинг ноёб фазилатларини фарзандлари давом эттириб келаётганлигидан хурсандман. Ўғли  Музаффар Маъмун университети НТМ, филология факультети декани, Ирода қизи Шовот туманидаги  23-умумий ўрта таьлим мактабида инглиз тили фани ўқитувчиси, Мақсуда қизи Шовот туманидаги  5-умумий ўрта таьлим мактабида информатика ва математика фани ўқитувчиси, Отабек Маъмун университети НТМ,бухгалтерия бўлими талабаси,»Дилнура» фермер хўжалиги раҳбари,Мансурбек  «Темир йўл обод «станциясида инженер-механик лавозимида ишламоқда, Хакимбой  Урганч Давлат Университети Иқтисодиёт бўлимида катта ўқитувчи вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилиб юртимиз равнағига ўзларининг ҳиссаларини қўшиб, отамиз орзу қилгандай эл-юртга паёни тегадиган инсонлар бўлиб шаклланишмоқда.

Отам том маънода ижодкор инсон эдилар. У санъатни, адабиётни жуда қадрлар, кези келганда ўзи ҳам шеърлар ёзиб турарди. Яқинда тахламларни кўриб ўтириб қўлимга ушбу қораламлар тушиб қолди.

Аллоҳим яратган бу дунё азиз,

 Ўткинчи дунёда  инсондир  азиз,

Меҳрла боқади бу қаро кўзлар,

Карвони азиздир сарбондир азиз.

 

Дунё  бўлинармиш оққа қарога,

Офтоб нурин сочар унга баробар.

Яхши ҳам ёмон ҳам ўтади бир кун,

Ёмонлар қолади унда саросар.

 

Дунё дунё бўлар  яхшилар билан,

Худойим   кам  бўлманг  қатордан  дўстлар,

Илоҳим   окибат  сизга эш бўлсин.

Камолга етказгай хайр-у дуолар. 

 Отамизнинг  ёркин хотираси қалбимизда  мангу яшайди.

Мақсуда МАТЧАНОВА,

Шовот  туманидаги   5-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan