Янги китоб тақдимоти ўтказилди
Янги китоб тақдимоти ўтказилди

Янги китоб тақдимоти ўтказилди

1 369 marta ko'rildi

Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тупроққалъа туман бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган тақдимот тадбирида Бекзод Абдиримов ҳамда Ғуломжон Атажанов қаламига мансуб «Сайфиддин Қутуз сўнги зарба» номли китоб тақдим этилди ва китобнинг қисқача мазмуни китобсевар иштирокчиларга таништирилди.

Тақдимотда 8-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, тарих фан ўқитувчилари, ижодкор ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.

Бекзод Абдиримов ҳамда Ғуломжон Атажанов қаламига мансуб «Сайфиддин Қутуз сўнги зарба» номли китоби Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилоят бўлими томонидан нашрга тайёрланди.

 Китобда тарихимизнинг бевосита Миср билан боғлиқ йиллари, жумладан, мамлуклар давлатининг ташкил топиши ҳамда энг муҳим даврлари саналган XIII аср ўрталарига, айниқса, ўзбек ва миср халқи, бутун мусулмон олами қаҳрамони бўлган Сайфиддин Қутуз тарихи ҳақида ҳикоя қилинади.

«Сайфиддин Қутуз сўнги зарба» хоразмийлар изидан номли китобда Сайфид­дин Қутуз, унинг сиёсий майдонга келиши, жасорати ва курашига урғу берилган. Аввало, мўғулларнинг истилоларига, Жалолиддин Мангубердининг ғанимларга қарши курашига тўхталинган. Сайфиддин Қутузнинг тарихий ғалабасида бевосита унинг хотираларида сақланган мўғуллар босқини, аламли мағлубиятлар ва йўқотишлар, яқин кишилардан жудолик ва қуллик кечинмалари қолдирган изтироблар ҳамда ана шу изтироблар шакллантирган қасос, ғалабага бўлган ишонч, шижоат ва жасорат туйғулари катта роль ўйнаган. Шу нуқтаи назардан, мазкур китоб мўғулларнинг Марказий Осиёга босқинидан бошланиб, Айн Жалут жанги ва улар билан боғлиқ мулоҳазалар билан ниҳояланган. Ушбу китоб чин маънода тарихий-маънавий аҳамияти юксак асардир.

Китоб Жалолиддин Мангубердининг қизи Туркон ҳақидаги воқеаларни ҳам ўз ичига олган. Асар ўзбек тилида ўзига хос дизайн ва юқори полиграфик сифатда нашр этилган.

Тақдимотда сўз олган Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Машҳурбек Давлетов, Бекзод Абдиримов ҳамда Ғуломжон Атажанов қаламига мансуб «Сайфиддин Қутуз сўнги зарба» китобида муаллифлар ижодининг ўзига хос жиҳатлари, китобдан жой олган мавзулар мазмун-моҳияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритди.

“Енгилмас мўғуллар афсонасини ёлғонлигини исботлаган, мўғуллардан Ислом дунёсини сақлаб қолган саркардалар бизнинг аждодларимиз эди.  Бу билан қанча фахрлансак, қанча ифтихор қилсак, зиммамиздаги қаҳрамон аждодларимизга муносиблик масъулияти шунча ортади. Келинглар, аждодларга муносиб авлод бўлайлик” дея китобдан ўрин олган мавзулардан парчалар ўқиб берди. Шунингдек, бу китоб азалий ришталар билан боғланган халқларимиз тарихини ўрганиш йўлида, ёшларимизни ватанпарварлик, инсонпарварлик, жасорат ва садоқат туйғулари билан тарбиялашда муҳим манба бўлиб хизмат қилишидан фахрда эканлигини таъкидлади.

Тақдимот якунида иштирокчиларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

  Фатима Сейдабдуллаева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Тупроққалъа туман бўлинмаси раҳбари.

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan