ТАБИАТНИ СЕВГАН ИНСОН
ТАБИАТНИ СЕВГАН ИНСОН

ТАБИАТНИ СЕВГАН ИНСОН

55 marta ko'rildi

Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” номли асарида Анас розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангизнинг қўлида ниҳол бўлгани ҳолда қиёмат келиб қолса, қиёмат бўлишидан олдин уни экиб олиш имкони бўлса, уни албатта экиб олсин”, – дедилар.

Улуғларимиз боғ яратиш, уни келгуси авлодга қолдириш каби эзгу ишларнинг хайрлиликларининг энг хайрлиси деб билганлар. Ҳикоятларнинг бирида бир кекса отахон даласига ниҳол ўтказиб турганини кўрган бир йўловчи:

-Э, отахон ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолибди. Бу ниҳолингиз қачон мевага киради.Унгача сиз бормисиз, йўқмисиз,- дебди.

-Эй, ўғлим, оталаримиз боғ яратиб кетди, мевасидан биз баҳраманд бўлдик. Биз боғ қилсак фарзандларимиз мевасидан ейишади.  Боғ қилиш биз учун қарз. Мен қарзимини узяпман деган экан. Бу ривоятни ўқиб ўқитувчилик касбининг боғбонга нима алоқаси бор экан деб ўйлаётгандирсиз. Бор, албатта. Устоз ҳам боғбон мисоли. Боғ эса унинг шогирдлари, меваси уларнинг ютуқларидир.

Ғозовот қишлоғининг Туркманистон давлати билан чегара ҳудудида Омонбой Матёқубов деган бир инсон яшаб ўтди. Мен у кишини ана шу боғ яратган боғбонга ўхшатган бўлардим.Сабаби у киши ҳаётда асл маъносида ҳам, рамзий маънода   ўзидан боғ қолдирган, юзлаб шогирдлар қолдирган азиз устозлардан бири эди.

Омонбой Матёқубов 1952 йилнинг 24 мартида Ғозовот қишлоғида таваллуд топган. Отаси Юсуф ота Аллазаров ва онаси Сўнажон она Матёқубовалар колхоз даврларда оддий деҳқон бўлиб ишлашган инсонлардан эдилар. Уларнинг ёлғиз ўғли Омонбой ва унинг икки нафар синглиси Дармонжон ва Бикажонлар дунёга келган. Дармонжон колхоз аъзоси бўлган. Ҳозирда қарилик гаштини сурмоқда. Бикажон синглиси олий маълумотли она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда нафақада       Омонбой 1958 йили қишлоқдаги Киров номли саккиз йиллик мактабнинг биринчи синфига бориб, 9-10 синфларни Гоголь номли ўрта (30-мактаб) мактабда ўқиб тамомлади.

Мактабни тамом қилган 1968 йили Хоразм давлат педагогика институтининг химия-биология факультетига ўқишга киради. Олийгоҳни 1973 йили тамомлагач, армия сафида хизмат қилади. Ҳарбий хизматдан келгандан сўнг ўзи ўқиган 34-умумтаълим мактабида химия-биология фани ўқитувчиси бўлиб ишга киради. Ўша йиллари Омонбой оғадан таълим олган собиқ ўувчиларининг хотирлашича у дарсини шундай берилиб ўтар эканки, ўқувчиларни ўзига маҳлиё этиб қўяркан. Ҳар бир дарсини ўзи тайёрлаган кўргазмли воситалар ёрдамида, назарий маълумотларни химия ва биология фанларидан амалий машғулотлар билан бирга олиб борарди.

Унинг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги раҳбарият оғзига тушиб, мактабга илмий бўлим мудири этиб қўйишади. У 1976-80 йилларгача шу вазифада ишлади.

1980 йилларга келиб туманларда ўқув ишлаб-чиқариш комбинатлари ташкил этила бошлайди. 1980-90 йилларгача у қишлоқда ташкил этилган ўқув ишлаб-чиқариш комбинатини директори бўлиб ишлайди.

1990 йилда уни туман халқ таълими раҳбарияти Ғозовот қишлоғидаги отахон таълим даргоҳи  Гоголь номли (30-мактаб) мактабга  директор этиб тайинлашади.У ўзидан олдин мактабда фаолият олиб борган директорларнинг ишларини давом эттириб, мактабни барча ютуқлари билан туманда олдингилар сафида юришини таъминлади. Ўқувчи ва ўқитувчиларга етарли шарт-шароитлар яратиб бериш, мактабнинг  моддий-техника таъминотини яхшилаш ишларига катта эътибор қаратди.

Омонбой Матёқубов 2016 йилгача директор бўлиб ишлаб нафақага чиқди. Бир  мактабда 26 йил директорлик қилди.Унинг жами раҳбарлик фаолияти 34 йилни ташкил этди.Унинг таълим соҳасида олиб борган меҳнатлари қадрланиб “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак-нишони билан тақдирланди. У фаолияти давомида 5 марта  туман кенгаши депуталигига сайланди. Омонбой оға   оиласи ва фарзандлари билан қишлоқда фермер хўжалиги ташкил этиб фаолият олиб борди.

Омонбой Матёқубов том маънода уста деҳқон, моҳир боғбон ҳам эди. Ўзи биология ўқитувчиси эмасми экинларнинг биологик ҳусусиятларини яхши биларди. Шу сабабми унинг ўтқазган ниҳолларининг ҳаммаси пайванди мевалар бўлиб яхши ҳосил берарди.Унинг хонадони сари борар экансиз чор- атроф ва томорқа хўжалигининг мевали ва манзарали дарахтларга тўлалигини кўриб, қалбингиз бир энтикиб кетади. У ердаги дарахтлар чиқараётган кислароддан тўйиб-тўйиб нафас оласиз. У фермер хўжалиги далаларининг четларига ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишни канда қилмасди. Омонбой оға  боғ қилишни яхши кўрарди. Яхшидан боғ қолади деган мақолни дилдан ҳис қилган бўлса неажаб.

Бугун ажойиб, дилкаш, одамохун инсон  орамизда йўқ. У 2022 йилниг 20 майида бу дунёни тарк этди. Ундан у яратган боғлар, юзлаган шогирдлари, фарзандлари ва невара-чеваралари  ёдгор бўлиб қолди.  Бугун унинг давомчилари турмуш ўртоғи Анажон опа Қутлибоева атрофида жипслашиб отаси ишини давом эттириб келишмоқда. Анажон опа ҳам то нафақага чиққунча 34-умумтаълим мактабида ўқувчиларга математика фанидан дарс бериб келди. Ўғли Улуғбек 34-умумтаълим мактабида маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, Алишер фермер хўжалигида иш юритувчи бўлиб ишлайди. Отабек “Омонбой бек Ғозовотли” фермер хўжалигининг раҳбари, Шаҳодат, Шаҳло, Садоқат, Баҳром фарзандлари  умумтаълим мактабларида ўқитувчи бўлиб ишлашмоқда.

Ҳулоса шуки, бугун Омонбой  оға Матёқубовнинг изи обод. Унинг иккинчи умри фарзанлдари ва шогирдлари қалбида яшамоқда.

 

 

 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan