ЯРҚ ЭТГАН ЧАҚМОҚ   Ёхуд қисқа умр кўриб ўзидан ёрқин из қолдирган инсон ҳақида
ЯРҚ ЭТГАН ЧАҚМОҚ  Ёхуд қисқа умр кўриб ўзидан ёрқин из қолдирган инсон ҳақида

ЯРҚ ЭТГАН ЧАҚМОҚ  Ёхуд қисқа умр кўриб ўзидан ёрқин из қолдирган инсон ҳақида

85 marta ko'rildi

   Кузак фаслининг иккинчи ойи- октябрь ҳам кириб боғларда мевалар пишган, айниқса анорларга маза кириб, айрим жойларда пишган анорлар очилиб “мана мен пишдим” дегандай ўзини кўз-кўз қилаётгандай,шохлари меваларни кўтаролмай эгилиб ётарди.

Олтинчи октябрь эди ўша куни.  Оллаберганнинг негадир эрталабдан мазаси бўлмади. Оз-моз тоби қочгандай бўлди. Умрида биринчи марта мактабга бормади. Дарсдан қолиш уёқда турсин дарсга умуман кечикиб борганига          ақли етмайди. Аммо негадир бугун оёқлари жонсиз ўзига буйсунмагандай, юраги безовталанди. Бир пас ётсам ўтиб кетар қабилида каравотга чўзилди. Ҳақиқатан ҳам касаллик ортга чекингандай бўлди. Аёлини ҳай-хайлашига қарамай мактабга жўнади. Директор Салой Отабоев билан мактабнинг ҳовлисида туриб гаплашди. Мазаси йўқлигини айтиб узр сўради. Директор Оллаберган аканинг ранги докадек оқариб кетганини кўриб уни уйига жўнатди. ”Устоз, врачга учрашинг, яхшилаб даволанинг” деб уни изига қайтарди.

Оллберган ака         уйига боргач ўзини яхши ҳис қилгандай бўлди. Тушдан кейин боққа кириб сарҳил мевалардан терди. Анорнинг ҳам пишганларидан саралаб олиб тўрвахалтага солиб ота уйи тамон жўнади. Ота-онам ҳам мевалардан есин дедими, ёки умри паёнлаб бораётганини сездими, ота-онамни бир кўриб қолай дедими, қандайдир куч уни ўша томонга етаклаган эди.

Ота ҳовлисига кириб отаси ва онаси билан саломлашди. Меваларни уларнинг олдига қўйган ҳам эдики, сал салдан энгашиб кетаверди.Ота-онаси ҳам хайрон эди. Ўғлининг йиқилгани кўриб эси бошидан учган ота унинг бошини тиззаси устига олди. ”Ҳа ўғлим на бўлди”деёлди халос. Оллаберган ўз отажони қўлида жон берди.

Эй шум фалак, бу қандай кўргулик, бу қандай жудолик. Одамзод бир қизил гул. Бир кун очилади, бир кун сўлади. Аммо,ҳеч ким ҳам вой болам демасин экан. Бир зумда ҳовлида қиёмат қойим қўпди. Ўзининг киндик қони томган муборак ҳовлисида Оллаберган 1984 йилнинг 6 октябрида  айни 38 ёшида оманатини топширди.

Отага солмагил фарзанд доғини,

Бевақт хазон этма яшил боғини,

Етдим деганида йиқилмасин ҳеч,

Айримасин ундан суянч тоғини,

Ҳеч бир ота болам деб йиғламасин!

Ҳеч бир она болам деб йиғламасин!.

Эртасига 7 октябрь куни Оллаберганни қабрга қўйиб қайтишди.

***

           Оллаберган Хафизов 1946 йил 10 мартда Ўртаёп қишлоғида чорвадор, дехқон оиласида таваллуд топди. Унинг отаси Хафиз Худойберганов 1910 йилда туғилган бўлиб, колхоз сурувини боқувчи чўпон эди. Онаси Рахимажон Машарипова 1922 йилда туғилган бўлиб,  ёшлигидан колхоз аъзоси бўлиб ишлаган аёллардан эди.

Уларнинг оиласида Оллабергандан олдин Раъножон, Онабиби, Ақлжон исмли қизлари, Оллабергандан кейин эса Аноржон, Раҳимбой, Комилжон, Аминбой, Назирбиби, Султонбой исмли ўғил ва қизлари туғилган. Оила серфарзанд оилалардан бири эди. Уларнинг уйлари ёнидан “Хонобод” қанали оқиб ўтар ва жануб томонидаги кўлларнинг сарҳадлари, бевосита томорқаларига туташ эди.

Ота – онасининг меҳнаткашлиги, ишга яраган фарзандларини тиришқоқлиги билан ўқишдан ташқари вақтларда, оилага қарашиб, уйи атрофидаги кўл бўйларида қўй ва эчки, қорамолларни боқиб уруш даврида ҳам, ундан олдинги ва кейинги даврларда ҳам меҳнатлари орқасидан оила ўзига тўқ  яшаган.

Оллаберган 1953 йилда қишлоқдаги 7 йиллик, 17-сон (Хозирги 23-сон А.П.Чехов номли) мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилиниб, 1960 йилда 7-синфини тамомлайди. Қишлоқда ўрта мактаб бўлмаганлиги сабабли, 1960 йилда Ших қишлоғидаги Охунбобоев номли ўрта мактабнинг 8- синфига қабул қилиниб, 1964 йилда мактабнинг 11-синфини аъло бахоларга ўқиб тамомлайди.Ҳужжатларини Хоразм давлат педагогика институтининг бошланғич таълим мутахассислиги фақультетига топшириб, имтиҳонлардан юқори баҳолар билан ўтади. 1968 йилда институтни муваффақиятли  тамомлайди. Институтда яхши ва аъло баҳоларга ўқиш билан, спорт тўгаракларига, айниқса, курашга қатнашиб, вилоят ва республика мусобақаларида совринли ўринларни эгаллайди. 1968 йил сентябрь ойида қўшни Хосиён қишлоғидаги 22-мактабда (олдинги “Коммунизм” мактаби) педагогик фаолиятини бошлайди. Шу йилнинг декабрь ойидан, ўзи ўқиган Ўртаёп қишлоғидаги 23-сон мактабига Бошланғич синф ўқитувчиси қилиб ишга тайинланди.  Оллаберган Хафизов 1969 йилнинг бошида ўртаёплик Сўнажон Отабоева билан тўйлари бўлиб оила қуришди.

Сўнажон Отабоеванинг отаси Отабой ака Раҳматуллаев Ўртаёп қишлоғида шу вақтлари Ленин номли колхоз дея аталган хўжаликда (1945-60 йилларда) бош ҳисобчи бўлиб ишларди. Онаси Моможон она ҳам колхоз ишлаб чиқаришини фаол аъзоларидан бўлган.

Оллаберган ака 1969-70 йилларда  ҳарбий хизматда бўлади. 1970 йилдан яна 23-мактабга ўз ўрнига ишга тушди. У ҳарбий хизматга чақирилмасдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам юқори синфларнинг эр ўқувчилари билан кураш машғулотлари ўтказиб юрди. Болаларнинг бу машғулотларига рахбарлик қилди. О.Хафизов педагогик фаолиятини дастлабки даврларидаёқ ўзининг фидоийлиги, масъулиятлилиги, ўқитувчилик одоби билан мактаб жамоасини, ўқувчиларининг ота-оналарини хурматини қозонди.

Ўқувчиларга билим беришда турли хил методлардан фойдаланар, айримлари билан якка тартибда ишлар, қандай бўлмасин, дарс самарадорлигига эришарди. Натижада ўқувчиларнинг севимли ва хурматли устозига айланди. Ўттизга ҳам кирмаган бу йигитга эл-элат хурмат билан қарар, кийиниши, маданияти, қадди қомати, савлатидан катхудолик, ташкилотчилик қобилиятини кўрардилар. Шунинг учун уни бутун қишлоқ тўйларини бошқарувчиси, (у вақтда тўйлар ёзу қишда ҳам ҳовлида ўтказиларди) сухандонлик қилишни ҳам илтимос қилдилар. О.Хафизов бу иши билан бутун катта қишлоқни таниқли ва хурматли кишисига айланди.

Ёш педагогни 1971 йил сентябрь ойидан мактаб директори Маҳмуд  Эрнафасовни тавсияси билан туман халқ таълими рахбарияти ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинлади. О.Хафизов хақиқатдан ҳам бу лавозимда фидойилик билан ишлади. Ҳар бир ўқитувчидан хафталик дарсларни режа асосида ўтилишини, хафтанинг якунида қандай мақсадга эришганлигини аниқлар ва маслахатлар берарди. Айниқса, шу даврларда ишга тушган ёш ўқитувчиларга ўзининг маслаҳатлари билан ёрдам берарди. У услубий бирлашма ишларида ҳам, ўзаро дарсларни кузатиш, таҳлил қилиш, очиқ дарслар ўтказиш, хатто фан ўқитувчиларини қишлоқдаги қўшни 24-мактаб ўқитувчилари билан, бир-бирларини  синф хоналарини кўриш, методик янгиликлар билан танишиш, ишларини ижобий йўлга қўйган завучлардан бири эди.

О.Хафизов дарси кузатилган устоздан, ўқувчиларга дарсликдан ташқари нималар бергани уни ўқувчилар қандай қабул қилганини сўрарди. У хақиқий маънодаги педагог, психолог раҳбар эди. Унинг яна бир ютуғи шунда эдики, у туман методика хонаси мудиридан илтимос қилиб, туманда яхши деб топилган мактабларни ташқи назорати вақтида ўзи ва яна 3 4 нафар ўқитувчини ҳам ташқи назоратда қатнаштирар эди. Бу ҳаммасидан ҳам фойдали эканлиги, сал вақтда самарасини берарди. Оллаберган ака бу лавозимда 1978 йилнинг августигача ишлади. 1978 йил сентябрдан фаолиятини бошланғич синфлар бўйича директор ўринбосари лавозимида бошлади. Бу лавозимда ҳам ишларини мукаммаллик даражасига кўтариб, 1984 йил 6-октябр ойигача  ишлади. Устоз бошланғич синф ўқувчилари дафтарларини таҳлил қилиб, қайси ўқувчини ёзуви яхшиланаётгани ва бузилаётганини биларди.

Оллаберган ака  турмуш ўртоғи Сўнажон опа Отабоева билан бахтли хаёт кечирди. Улардан солиҳ, солиҳа фарзандлар туғилиб, ўсиб, камол топиб, эл юрт корига ярадилар.Уларни Сўнажон опа хеч кимдан кам қилмасдан, қувончларига қўшилиб, шодликларига шерик бўлиб, нафақат она, ота ўрнида ота бўлиб, хамиша турмуш ўртоғини  ёд этиб бахтли она бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Хамма фарзандлари оилали. Сўнажон опа фарзандларидан набиралар ва эваралар кўриб уларни оталари, боболаридек, ажойиб инсон қилиб тарбиялашга ўз  ҳиссасини қўшмоқда. Оллаберган ака ва Сўнажон опанинг Равшанбек, Расулбек, Одилбек, Шодлик, Сунбулой, Қудратбек, Фурқатбек, Байрамли, Чўлпоной фарзандлари ота -оналари изидан бориб халққа хизмат қилишмоқда. Уларнинг бири ИИБ ходими бўлса яна бири солиқ органларида ишлаган ва яна бирлари тадбиркор, ўқитувчи.Ҳуллас бугун Оллаберган Хофизовнинг изи обод.

        Оллаберган ака дунёдан ўтганида Чўлпоной қизи атиги тўрт ойлик чақолоқ эди. Бугун у олий маълумотли тарбиячи.Икки нафар фарзанднинг онаси. Одилбек отасига ўхшаб эл-юртга хизмат қиладиган йигит бўлиб етишди. У  қишлоғида 100 ўринга мўлжаланган “Амина-Сўнажон” хусусий боғчасини қуриб ишга туширди.Элдошларидан анчаси ишли бўлди.

Оллаберган ака жуда қисқа вақт умр кўрган бўлса ҳам, юзлаган шогирдлар етиштирди. Улар туман вилоят республикада масъул лавозимларда ишлаб келмоқдалар. Унинг порлоқ хотираси оила аъзолари, фарзандлари, набиралар ва чеваралари, қариндошлари, дўстлари, шогирдлари, ҳамкасблари қалбида мангу яшайди.

 

 

                                                                                             

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan