*Фельетон
*Фельетон

*Фельетон

63 marta ko'rildi

*Фельетон

«УЧИШ»

ёҳуд қўл- оёқ одам

Бир идорага Чаққоновга ўхшаган қўл-оёқ одам ҳам керак экан. Ахир у идорада ёшуллини кўз-қулоғи, йўқини бор қиладигани, баъзан қислиққан пайтида «Ажаб ёшулли!» деб турадиган яккаю- ягона ҳаммаслаги.

Чаққонов ўзи асли ғирт саводсиз. Алифни калтак дейдиган хилидан. Олийгоҳга қандай кириб, қандай тамомлаган у ёғи бизга қоронғи. Аммо мактабда тил ва адабиётдан дарс бериши рост. Директорнинг ўнг қўли. Тўғрироғи сояси. Директор ҳам унга ўрганиб кетганми, бир кун кўринмаса сўраб  туради. Аммо, мактабга комиссия келганида қовун туширгани ёмон бўлди. Директорнинг ҳам «учиш»ига бир баҳя қолди.

Кунларнинг бирида района мудири директорнинг қулоғига:

-Бир оёқ- қўли чаққон ишончли одамингиз йўқми деб сўраб қолди. Директорга бу айни муддао бўлди. Чаққоновдан қутилишни йўли топилди. Мудирга директор Чаққоновни рўбарў қилди.Энди кимсан Чаққонов Районада услубчи бўлди. Гарчи вазифаси услубчи бўлсада мудирнинг оёқ-қўли бўлиб юриди.

Чаққонов номига мос одам эмасми, унинг ёшуллини ҳурматии жойига қўйиши,  не деса «Ажаб! деб туриши мудирни ёғдек эритарди. Бир-икки маротаба вилоят бошқармаси бошлиғи туманга келганида унга Чаққонов ёқиб қолиб,  мудирдан сўраб олди. Энди кимсан Чаққонов вилоят халқ таълими бошқармаси ходими. У ерда узоқ ишламади. Бир зиёфатда ҳокимият ходимлари ҳам бор эди. Чаққоновни югуриб-елиб хизмат қилиб юрганини кўрган ҳокимият вакили уни бошқарма бошлиғидан тилади.

-Бу йигит айни бизбоп одамга ўхшайди. Қаранг адашиб бу ерда ишлаётган  шекилли. Буни менга беринг,-деди. Бошлиқ ҳокимият вакилини сўзини икки қилолмади.

Шундай қилиб Чаққонов ҳокимиятга ишга ўтди. Кимсан энди у Чаққонов Чаққон Чаққоновичга айланди. Унинг бошига омад қуши қўнган эди. У ҳокимиятда таълимга жавобгар  бўлим бошлиғининг ўринбосари бўлди. Чаққоновга ўхшаган одамларга савод эмас, фақат қўл-оёқ бўлиб бошлиғининг ишини қилиб юрса бўлди. Бор деган жойига бориб, раҳбарнинг юмушини қилса олам гулистон.

Ана шундай кунларнинг бирида бошлиқ Чаққоновни ёнига чорлади.

-Чаққобой мана менда ишлаётганингга ҳам икки йилдан ошиб қолди. Энди амалий ишга киришадиган пайт келди. Сенга бир хизмат бор. Ўзингни узоқроқ қариндошларингдан оғзига маҳкамларидан ўн-ўн беш нафарча одам топасан. Бир икки одамлардан олди-бердилар бор шуни олиб ўшаларникида омонат қўясан. Қачон керак десам олиб келиб берасан тушундингми? Мабодо ризқинг қирқилиб қолса…Мен сени кўрмадим сен мени…Бу ёғига каллангни ишлат.

Чаққонов гап нимадалигини сезди чамаси бошини сарак-сарак қилиб розилик билдирди. Шу кундан эътиборан қора машинада бошлиқ қаерга бор деса бориб, нимани ол деса олиб юриди. Албатта, ҳисоб-китобини бошлиққа бериб турди. Шунинг баҳонасида ўзи ҳам уч-тўрт нафар кишининг хожатини чиқаришга улгурди. Аввал қариндош туққанини ёғилроқ ишларга жойлади. Бирисини мактабга директор яна бирисини боқча мудираси қилди. Кейин ишталаб бегоналарни ҳам «илтимос» ларини бажарди.Албатта қуруқ эмас. Ахир қуруқ қошиқ оғиз йиртади-да.

Иш яхши кетаётган эди. Аммо емоқнинг қусмоғи чиқиб катта миқдордан пора олаётганида қўлга тушди. Ишнинг пачаваси чиқди.Терговда бошлиққа рўбарў қилишди.

Бошлиқ Чаққоновни бўралаб сўкди. Хорамхўр деди. Ўзи сезиб юргандим оёқ олишинг бошқача эди деди. Чаққонов индамай бошини куйи қилиб индамай  тураверди. Шундай қилиб Чаққоновни чаққон суд қилиб панжара ортига ташлашди.Аёли уни кўришга борди. Йиғлаб сиқилди.

-Йиғлама хотин,-деди Чаққонов беш-олти йил ҳадемай ўтади кетади. Агар қийналсангизлар катта амаким ва кичик тоғамдан кўмак сўра, улар албатта, ёрдам қилишади, Мени айтди деб яхшилаб тушунтирсанг бўлди, -деди.

Чаққоновнинг аёли  ҳамма гапдан хабардор эмасми орадан икки-уч ойлар ўтгач пулга зориқдими эрининг катта амакиси ҳузурига йўл олди. Унга эрининг илтимосини оқизмай-томизмай етказди. Амаки ҳам ҳайрон бўлди. Елкасини қисди.

-Келин тўғриси ёрдам беролмаймн. Бир ҳафта олдин Чаққонов айтди деб бари берганларини олиб кетишди-я. Сен оёғингни қўлингга олиб кичик тоғасининг ёнига уч, балки ўша ёрдам қилар деди. Чаққоновнинг аёли тоғаникига борди.Борса у ерни ҳам “шип-шийдон” қилишибди.

-Эйвоҳ, тинчгина маллимлигини қилиб юрса ўлармиди, бу эрвой дегани. Яна ўша  бояги, Холхўжанинг таёғи бўлди қолди,- дея бошини муштлаб изига қайтди.

Болтабой Муҳаммад Қурбон.

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan