Эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳлари мобайнида орттирилган мол-мулкни бўлишнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари
Эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳлари мобайнида орттирилган мол-мулкни бўлишнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари

Эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳлари мобайнида орттирилган мол-мулкни бўлишнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари

70 marta ko'rildi

Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши ҳуқуқи шахснинг иқтисодий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу норма Асосий Қомусимизнинг 66-моддасида мустаҳкамланган.

Маълумки, оила қонунчилигига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Хўш, унда эр-хотин бирга яшаб, оилавий келишмовчилар сабабли алоҳида яшаган даврда ўзига тегишли бўлган мулкни бўлиб олиши мумкинми деган табиий савол туғилади.

Алабатта мумкин, амалдаги оила қонун ҳужжатларига мувофиқ эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш никоҳ даврида, шунингдек никоҳдан ажрашгандан сўнг уч йил мобайнида амалга ошириши мумкин.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.

Шу ўринда, суд амалиётидан бир мисол келтирсак, фуқаро А.Б. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда қонуний никоҳдан ўтиб бирга яшаб келган даврда эр-хотин турар жой қурганлигини кўрсатиб, ушбу турар жойни ўзига тегишли улушини натура шаклда бўлишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2024 йил            26 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Унга кўра, А. тумани, К. қишлоғи, В. маҳалласи, Д. Кўчаси 11-уй манзилида жойлашган турар жойнинг (литер 0001) даги айвон (3)ни бир бўлаги 18,75 кв.м., ошхона (4), ювиниш хонаси (5), яшаш хонаси (6), гараж (литер 0002), айвонча (0003)ни бир бўлаги 33,0 кв.м. дан иборат 119.899.137,50 сўм қисми даъвогар А.Б.га бўлиб берилган.

А. тумани, К. қишлоғи, В. маҳалласи, Д. кўчаси 11-уй манзилида манзилида жойлашган турар жой ёйма режасидаги турар жой (литер0001) даги долон (1), мехмонхона (2), айвон (3)ни бир бўлаги 18,75 кв.м., яшаш хонаси (7), айвонча (литер 0003)ни бир бўлаги 43,0 кв.м.дан иборат 178.344.423,50 сўм қисми жавобгар С.Д.да қолдирилган.

Жавобгар С.Д.дан даъвогар А.Б. фойдасига улушлардаги фарқ учун 29.222.643 сўм компенсация ундириш белгиланган.

Ушбу хулосага келишда, суд турар жой никоҳ давомида орттирилган умумий мулк эканлигигини инобатга олиб, тарафларнинг тушунтиришлари, ишдаги далиллар ва Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Хоразм вилоят бўлимининг суд қурилиш техникавий экспертизаси давлат экспертининг хулосасига асосланган.

Мухтасар қилиб айтганда, мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари Ўзбекистон Республикасининг конституциявий нормалари тўғридан тўғри қўлланган ҳолда суд орқали ишончли ҳимоя қилиб келинмоқда.

 

Ғ.МАТЯКУБОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Боғот туманлараро суди раиси

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan