Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-89-сонли фармони тасдиқланди.
Фармонга асосан Адлия вазирлиги зиммасига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди:
- жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳисобига тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;
– давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;
– интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
– ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонига асосан адлия органлари тизими ихчамлаштирилиб, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиаллари ҳамда ФҲДЁ органлари барча ҳуқуқ ва ваколатларини сақлаган ҳолда туман (шаҳар) адлия бўлимлари тузилмасига ва бўйсунувига ўтказилади;
Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлигининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси қилиб белгиланди ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда интеллектуал мулк соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ҳамда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи ваколатли давлат бошқаруви органи мақоми берилди.
Адлия вазирлиги тузилмасида ҳам ўзгаришлар амалга оширилди, яъни:
– Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармаси, Халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармасидан иборат Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик департаменти;
– Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси ҳамда Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси негизида Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси;
– Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси негизида Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тартибга солиш бошқармаси;
– Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ҳамда Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси негизида Қонунчиликни тизимлаштириш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилди.
Шу билан бирга, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги қўшиб олиниши муносабати билан Давлат хизматлари департаменти, Интеллектуал мулк департаментлари ташкил қилинди.
Бу каби амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси “Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини рўёбга чиқариш ҳамда адлия органлари тизимида маъмурий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришдаги сай-ҳаракатлар мисоли сифатида кўрсатишимиз мумкин.
Расулбек ИБРАГИМОВ
Хоразм вилоят адлия бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси.