Таълимга бахшида умр
Таълимга бахшида умр

Таълимга бахшида умр

383 marta ko'rildi

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ХОДИМИ АРСЛОН МАТНИЁЗОВ СУВРАТИГА ЧИЗГИЛАР

Қаҳрамонимиз 1950 йилнинг 1 майида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги Хадра қишлоғида деҳқон оиласида туғилиб ўсди. 1968 йилда шу ердаги 14-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга битказиб Хоразм давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга киради. Олийгоҳда таҳсил олиш жараёнида тарих фани ўқитувчиси Олланазар Собиров раҳбарлигида “Хоразм воҳаси аҳолисининг маданий алоқалари” мавзусида илмий иш олиб бориб, Республика олийгоҳлари талабаларининг Тошкент, Самарқанд ва Нукус шаҳарларида ўтказилган илмий-амалий анжуманларида фаол қатнашди. Талабалик йилларида институтнинг Беруний номидаги стипендиясини олишга мушарраф бўлган.

1973 йилда олийгоҳни муваффақиятли тамомлаб ўзи ўқиган мактабга тарих-география фанлари ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашган. Интилувчанлиги, ташкилотчилиги, сидқидилдан меҳнат қилгани сабаб 1975 йилда уни ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинлашди. 1976 йилдан ушбу лавозимдаги фаолиятини 15-умумтаълим мактабида давом эттирган. Ёш мутахассисдаги ташаббускорликни, изланувчанликни сезган туман халқ таълими бўлими мутасаддилари уни методика хонаси мудирлигига таклиф қилишган. У мактабларда ўқитишнинг янги услубларини қўллаб қисқа вақтда таълим-тарбия жараёнини юқори савияга кўтаришга муносиб ҳисса қўшди. Туман, вилоят ва Республика доирасидаги тадбирларни ўтказишга бош-қош бўлди. Иш фаолияти вилоят ва Республика газеталари, телевидениеларида ёритилиб, оммалаштириб борилди.

Меҳнатда тобланиб, устоз мураббийлик даражасига етган А.Матниёзовни 1986 йилда ўзи ўқиган ва ишлаган 15-умумтаълим мактабига директор қилиб тайинлашди. Раҳбарлик фаолиятини мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан бошлади. Яъни қўшимча хоналар қуриш, жиҳозлар билан таъминлаш, кадрлар заҳирасини тубдан яхшилашга эътибор қаратди. Шу сабаб қисқа муддатда ижобий ишларни амалга ошира олди. Бу эса ўз-ўзидан мактабга ютуқларни етаклаб келди. 1988 йилда янги мактаб биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди ва 1991 йилнинг 1 апрелида фойдаланишга топширилди. 43-мактаб 15-мактаб жамоасидан ажралиб, алоҳида иш бошлади. Янги мактабга Арслон ака Матниёзов директор этиб тайинланди. Илм масканида таълимни замонавий услубда олиб бориш учун барча имкониятлар яратилган эди.

Мактабнинг ижобий ишлари 2-3 йилда ўз самарасини бера бошлади, яъни турли тадбирлар ва фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришилди. Синф хоналари давр талаби асосида жиҳозланди, дарсларни кабинет усулида ўқитиш йўлга қўйилди. Билим даргоҳимизда Хива, Гурлан, Шовот туманлари мактабларининг кўчма педагогик кенгашлари ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашиш учун кўплаб ҳамкасбларимиз ташриф буюрарди. 1991-1992 йилларда билим даргоҳимиз вилоятда энг илғор мактаб деб эътироф этилди ва 2018 йил охиригача тажриба-синов мактаби бўлиб келди. Қолаверса, илм масканимиз ҳар йили вилоят, Республика миқёсидаги кўрик-танловларда фаол қатнашиб, юқори ўринларни эгаллади. Арслон ака қарийб 35 йил ушбу табаррук даргоҳга директорлик қилди. Иш фаолияти давомида эришган ютуқлари учун Халқ таълими вазирлигининг Фахрий ёрлиғлари, бир қанча кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Устозга 1997 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони берилган.

А.Матниёзов тажрибали педагог, ташкилотчи инсон бўлиш билан бирга тарихга, адабиётга, ижодга ҳам қизиқади. Зотан, 1999 йилда ўзи туғилиб ўсган Хадра қишлоғининг тарихини ёзиб маҳалладошларига тақдим қилди. Китобда қишлоқнинг узоқ ўтмиши, урф-одатлари, қишлоқ аҳлининг ҳаёт ва меҳнат тарзи ўз аксини топган.

  Тиниб-тинчимас зиёли инсон доимо изланиб яшашга ўрганган. У туман, вилоят, Республика матбуотида ўз мақолалари, фикр-мулоҳазалари билан мунтазам иштирок этиб келади. 2020 йилда “ Хадрада халқ таълими” китобини босмадан чиқарди. Унда қишлоғимиздаги таълим масканларининг тарихи, таълим фидойилари, уларнинг қилган меҳнатлари тўғрисида қимматли маълумотларни келтирган. Шунингдек, илк таълим масканлари, маҳаллаларнинг тарихи, мактабларнинг ҳудудий бўлиниши, ижодкор устозлар, хадралик ҳожибоболар тўғрисида батафсил ҳикоя қилинган. 43-умумтаълим мактабида амалга оширилган ижобий ишлар 2020 йилда чоп этилган “Меҳрдан яралган маскан” рисоласида ўз аксини топган. Устоз 2022 йилда “Қутбиддин бобо” жоме масжидининг тарихини қаламга олди. Масжиднинг қурилиши, хайр-саховат ишлари шунингдек, Қутбиддин бобонинг Хадра халқи учун қилган эзгу ишлари қайд этилади унда.

Арслон Матниёзов ҳозирда гарчи, кексалик нафақасида бўлсада, бир зум ҳам тиниб-тинчимайди. Маҳалла фаоли сифатида турли йиғин ва тадбирларда, тўй-маъракаларда ўзининг қимматли маслаҳатлари, насиҳатлари билан иштирок этади. Ёшларни меҳнатни севишга, ватанни қадрлашга, ўқиб-изланишдан тўхтамасликка руҳлантириб туради. Биз шогирдлар бутун умрини таълим тараққиётига бағишлаган устозимизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр тилаб қоламиз.

 

                                                                         Раҳима ЭРЖАНОВА,  Қўшкўпир туманидаги    

                                                                      43-умумий ўрта мактабининг маънавий-

                                                                     маърифий ишлар бўйича директор

                                                                     ўринбосари.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan