Янги Ўзбекистон фильмлари туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ўртасида энг яхшиси деб топилди
Янги Ўзбекистон фильмлари туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ўртасида энг яхшиси деб топилди

Янги Ўзбекистон фильмлари туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ўртасида энг яхшиси деб топилди

245 marta ko'rildi

Ўзбек кино санъати усталарининг фильмлари шов-шувга сабаб бўлди ва Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган “Қўрқут ота” кинофестивалининг сўзсиз ғолибига айланди.
Туркияда нуфузли “Қўрқут ота” кинофестивали тантанали якунига етди. Ўзбекистон фильмлари бирданига икки асосий номинация бўйича ғолиб деб топилди. Режиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати” картинаси “Энг яхши бадиий фильм” номинацияси бўйича гран-прини қўлга киритди, ёш режиссёр Фурқат Усмоновнинг “Инсон” фильми эса “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида гран-при соҳиби бўлди.
Бундан ташқари, ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова «туркий халқлар бирдамлиги ва ҳамдўстлигига қўшган ҳиссаси учун» «ТУРКСОЙ» халқаро мукофотига лойиқ деб топилди. Актриса Раъно Шодиева туркий халқлар кинематографияси соҳасидаги хизматлари учун тақдирланди. У даволанишда бўлгани боис мукофотни актриса Райҳон Уласенова қабул қилиб олди.
Кинофестиваль доирасида ВГИК (Бутунроссия кинематография институти) талабалари Акмал Обиджонов ва Саидаълохон Маъсудхоновга Туркия маданият ва туризм вазири Мехмет Нури Эрсой томонидан «Энг креатив қисқа метражли фильм» учун эсдалик нишони тақдим этилди.
Туркия Республикаси туризм ва маданият вазири Меҳмед Эрсой тақдирлаш маросимида айтиб ўтганидек, “Ўзбекистон кинофестивалда намойиш этилган ўзининг кучли фильмлари билан бизни хурсанд қилди ва ҳайратга солди. Улар нафақат ташкилотчиларда, балки халқаро ҳакамлар ҳайъатида ҳам кучли ва ёқимли таассурот қолдирди. Ўзбекистонлик кино усталарини шундай нуфузли мукофотлар билан чин дилдан қутлайман!” – дея таъкидлади у.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовнинг фикрича, миллий кино усталарининг муваффақияти сири Ўзбекистон Президентининг миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратаётган эътиборидандир.
“Шундай нуфузли кинофестивалдаги бу икки гран-при, шубҳасиз, кинематография соҳасидаги ислоҳотлар ва муҳтарам Президентимиз томонидан миллий кино ривожига қаратилаётган улкан эътиборнинг ёрқин натижасидир. 57 фильм орасида иккита асосий номинация бўйича ғолибликка эришиш оддий иш эмас. Чунки 17 та давлатдан муносиб рақобатчилар бўлганини унутмаслигимиз керак, улар орасида дунёда энг яхши ҳисобланган турк киноси ҳам намойиш этилди. Ва бу ғалаба ижоди айнан Янги Ўзбекистонда шаклланган кино ижодкорлар ва ёш режиссёрларимиз – Фурқат Усмонов ва Дилмурод Масаидовларнинг улкан меҳнати маҳсулидир”, – таъкидлади Фирдавс Абдухолиқов.
Ғолиб, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК директори Фурқат Усмонов ҳам ўз кечинларини ўртоқлашди:
“Энг кучли таассуротлар, бу – қувонч, ижодий гуруҳимиз амалга оширган ишдан фахр туйғуси! Ёш ҳужжатли кино ижодкорлар эндиликда ўзларини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда танитиш имконига эга бўлди ва бунда ҳам Янги Ўзбекистон раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсатнинг хизмати катта. Ўзбекистон Кинематография агентлигига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман, агентликнинг ёрдамисиз бу лойиҳа, “Инсон” фильми суратга олинмаган бўларди”.
Таниқли режиссёр Тимур Бекмамбетов ҳам ўзбек фильмларининг савиясини юқори баҳолади.

“Қўрқут ота” кинофестивалида иштирок этаётган ўзбек кино санъати усталари ва ўзбек фильмлари ушбу тадбирга алоҳида жозиба беради. Бугун Ўзбекистонда кинематография соҳасига катта эътибор қаратилаётганини таъкидламасам бўлмайди. Кўп йиллар давомида тўхтаб қолган Тошкент кинофестивалининг давом эттирилаётгани ва мамлакатда кино ишлаб чиқаришга янгича ёндашувлар қўлланилаётгани қувонарли, – деди Тимур Бекмамбетов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1–5 ноябрь кунлари Бурса шаҳрида туркий тилда сўзлашувчилар дунёсининг “Қўрқут ота” кинофестивали иккинчи бора ўтказилди. Фестивалда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон киносаноати вакиллари иштирок этдилар.
“Қўрқут ота” кинофестивали доирасида “Ўзбекистон киноси кунлари” ҳам бўлиб ўтди. Ўзбек киноюлдузлари, актёрлари ва режиссёрлари билан ижодий учрашувлар ташкилланди, шунингдек, Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Акром Шоҳназаровнинг “101 рейс”, Иброҳим Расуловнинг “Севги баҳори” фильмлари ва Фурқат Усмоновнинг “Инсон” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan