ҲАҚИҚАТГЎЙ  ШОИР
ҲАҚИҚАТГЎЙ  ШОИР

ҲАҚИҚАТГЎЙ  ШОИР

348 marta ko'rildi

ҲАҚИҚАТГЎЙ  ШОИР

Қўшкўпирлик шоир Жумабой Матёқубов хотираси куни

1949 йил.13.май-2006 йил.16.ноябрь

—  Хоразмда бу шоирнинг ёзган ҳажвий руҳдаги, юмор, сатирага йўғрилган шеърлари матбуотда босилмай туриб овоза бўлар, табиийки, одатга кўра газеталарда бу ашъорлар “қирқилиб” чоп этилар,баъзан нашр ҳам қилинмасди. Шундай бўлсада Жумабой Матёқубов бундан ўкинмас, таниш-билиш турли соҳа вакиллари, гапига қулоқ тутиб суҳбатидан баҳраманд бўлишни истайдиган ижодкорларга шу руҳдаги шеърларини ёддан ўқиб берарди. Раҳбарлар , ҳаттоки ижодий ташкилот ёшуллилариям уни турли тадбирларга таклиф этишмас, бироқ уни ўзига билдирмасдилар. Чунки норозилигини билдирса шоир илҳоми жўш уриб турганда навбатдаги ҳажвиянинг қаҳрамонига айланиб қолишини билишарди. Мен Жумабойнинг феълини билганим, ижодини қадрлаганим учун “сен Хоразмнинг Машрабисан”, деярдим,- деб хотираларини ўртоқлашади ўлкашунос Комил Нуржонов.

Ҳа, раҳматлик Жумабой Матёқубов (1948-2005)нинг Хоразм адабий муҳитида ўзига яраша ўрни бор эди. Унинг қўлларини чўзиб, маяковскийча шеър ўқиш усули кўпчилик адабиёт мухлисларининг ёдида.

1996 йил вилоятдаги “Манзара” газетасининг 50-сонида Жумабой аканинг “Уч шоир” номли шеъри чоп этилиб, воҳада анча шов-шувга сабаб бўлганди.

Бу пайтга келиб вилоят газетасида Рўзимбой Ҳасан, Пирмат Шермуҳаммедов, Озод Ҳусаинов, Сайёра Самандарова, Ошиқ Эркин, Олмахон Ҳайитова,Матназар Абдулҳаким, Шуҳрат Маткарим ва бошқаларга очиқ хат ва эътирозларим чоп этилган, ўқиган, мени таниган борки “зўр” деб қўярди. Жумабой ака ҳам бир гал кўришганимда  “меним кўнглимдаги ёзибсиз” дея табриклаганди.

Орадан қисқа вақт ўтиб Жумабой ака хасталаниб қолди. Қайсидир йили “Матбуот уйи”да учратганимда бўйнини боғлаб олган, гаплашганида овози зўрға чиққанди.Кўп ўтмай, дардли, дарвешфеълли шоир вафот этди.

Хоразм адабий муҳитида Жумабой аканинг ўз ўрни бор эди. Афсуски, шоир яратган шеърларини ҳаётлигида кичкинагина “Зиёратгоҳда ёзилган достон”, “Илоҳий юпанч” тўпламларида чоп этдира олганди холос. Аслида Жумабой аканинг мероси — ҳажвия, сатиралари, лирик шеърлари, достонлари ўнлаб катта-катта китоблар тарзида нашр этишга арзийди.Балки шоирнинг 2018 йилдаги 70 йиллигига атаб сайланмалари чоп қилинса, бу ташаббусни шоир туғилиб ўсган Қўшкўпир тумани, вилоят ҳокимлиги , саховатпеша ҳомийлар қўллаб-қувватласа Жумабой ака руҳи шод бўлган, адабиёт мухлислари учун ҳам катта маънавий туҳфа қилинган бўларди.\

Умид Бекмуҳаммад нашрга тайёрлаган.

УЧ ШОИР

Хоразмда бор-йўғи уч шоир,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар,
Учови ҳам бир-биридан ғўч шоир,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Дошқин бобо ёнин қилиб қароргоҳ,
Шеър ёзишар,Зарифий ҳам борар гоҳ,
Бўлиб кетар оҳда-оҳу, воҳда-воҳ,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Анжирдан бошлайди бири сўзини,
Феруз каби тутар бири ўзини,
Шеър ўқиса бири юмар кўзини,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

“Қўймадингиз” дея олиб эҳсонлар,
Қутлуғ бўлсин кийган зарбоп чопонлар,
Бирён четда қолиб кетди Омонлар,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Меҳмон энса уюшмадан Тошкентдан,
Қайси бири қуруқ келиб, бўш кетган,
Аэрофлотга чиқиб хайру-хўш этган,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Чингизнинг қиринда Рустамда не ҳол,
Дарёнинг бўйинда Маҳмуддан аҳвол,
Сўраш йўқ, исташ йўқ, бу на ола-ол,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

ОСИҒЛИК ҚОВУНЛАР

Эҳ-ҳей, қачонлардир яшириб палак,
Кўп замон кўзлардан асралган пинҳон.
Буюк тўрт фаслни кашф этган фалак,
Яна илк кашфига топгунча имкон
Қоришиқ фасллар силсиласида,
Дилларга, кўзларга чўғдек босилиб,
Тенгсиз безак мисол уйнинг тўрида
Қовунлар турибди осилиб!

Мен-ку безак дедим, тенгсиз ва нодир,
Минглаб Матвафолар меҳри яратган.
Лекин аълам билан эсланса Бобур,
Кўз ёш бу киприкка илиниб қотган.
Хуш ҳидида баҳор, ёз, куз руҳи бор
Ҳис қилиб турибман минг талвос қилиб.
Қишнинг ёқасида соғинч устивор
Қовунлар турибди осилиб!

Тафтин уфурарди оловранг бархан,
Чайлада қайноқ чой ҳўпларди бир чол.
Бир ёнда вақирлаб тунча қайнаркан,
Бир ёнда яшнарди салинлар хушҳол,
Қачонлардан буён шу манзаранинг
Қалбимда турибди муҳри босилиб.
Тонг чоғи палакка қўнган чиғ, сани
Унутсам кетайин осилиб!

МЕҲР ЧЎҒЛАРИ

Қаҳратон қиш эди.Сўнгги гугурт чўп,
Ҳўл ўтинни ёқа олмасдан ўчди.
Ўчоққа мук тушиб бир гала бола
Пуфладик чўғларнинг куллари кўчди.

Қўшни уй ўтидан шунда,
Онам олиб келган чўғлар ёдимда.
Куни кечагидек бу гаплар гўё,
Бўлиб ўтса ҳамки қадим-қадимда!

Меҳру оқибатдур одам зийнати,
Бор гап шу-қалбингга кўчир, кўчирма.
Бир кун эшигингни қоқиб борарман.
Меҳринг чўғларини, қўшним, ўчирма!

ГУЖУМ

Ногоҳ қўпордилар асрий гужумни,
Томоғим бўғилди ғамдан, аламдан.
Кашфиёти бўлди бу қайси шумнинг,
Қай ғаним ўч олди, табиат, сендан?!
Ўша кун йиқилди қадим қаъладек,
Юз йиллик орзулар, юз йиллик ўйлар.
Ёшлигим хотирин кимлар талади,
Ким энди умримнинг баҳорин сўйлар?!
Гужум мотамидан кўк мижжасида
Ёндилар юлдузлар-чақноқ кўз ёшлар.
Бепаноҳ қушларнинг гирён сасидан
Қолмади, қолмади дилда бардошлар!
Соқов кечаларда жим ташлаб қадам,
Кезаман…гужумга кетар хаёлим.
Умри салкам қирқ ёш гужумман мен ҳам,
Лекин тегмаяпти сизга малолим.
Кашфиёти ҳадни билмаган шумлар?!

БОҚИЙ МУҲАББАТ

Япроқлар ёпларга тўкиб рангини
Ўйноқи сувларнинг лойқасин ичди.
Мавжлар ичга ютиб шўх оҳангини
Дарахтнинг оёғин мажолсиз қучди.

Еллар шивирларкан ишқ қўшиғини,
Қуёш осиларкан шабнам бўйнидан
Барглар ҳам унутиб бору йўғини,
Оҳиста узалар ёплар қўйнида!…

Демак, муҳаббат бор, демак вафо бор,
Ҳали ошиқларга қовушмоқ насиб.
Сўнгги қатра қадар ёпларда ётар
Барглар севгилисин бағрига босиб!…

***

Қанча баҳорларнинг хуш бўйларини
Ёзлар ола кетди, қарадим қолдим.
Оғироёқ ёзнинг оқ ўйларини
Кузлар ола кетди, қарадим қолдим.

Залворли илдизлар тупроқда қолиб
Сомон томга чиқса-гўёки ғолиб,
Қишнинг шамоллари қўйнига солиб
Музлар ола кетди, қарадим қолдим.

Серёғин кунларда оёқ тойса-да,
Яланглик ҳар ёнга қулоч ёйса-да,
Баҳор ижод этган яшил майсада
Кўзлар қола кетди, қарадим қолдим…

***

Оппоқ бино.Олдида тандир,
Тандир ёқда тош қудуқ ва тол.
Тафтда ёниб нон ёпар кампир,
Мол суғорар қудуқдан бир чол.
Хонатласдан эгнида кўйлак,
Кўрпачага букиб тиззасин,
Нон ясайди ёш бир келинчак,
Чиқармай дер чакичнинг сасин…
Оппоқ бино.Олдида тандир.
Тандир ёқда тош қудуқ ва тол,
Тафтда ёниб нон ёпар кампир,
Мол суғорар қудуқдан бир чол.

КЕЛИН ТУШГАНДА...

Бизнинг Хоразмда қадимдан қадим
Келин туширганда шудир қоида:
Келин аравасин ўтдан ўтказиб,
Пўстин ёзишади унинг пойига.

Бизнинг Хоразмда қадимдан қадим,
Келин туширганда шудир қоида:
Ҳамиша покиза боссин деб одим,
Келинчак йўлига оқлик ёйишар.

Бизнинг Хоразмда қадимдан қадим
Хонаи хуршидга тушганда келин
Қудалар тарафдан келган бўлса ким
Суртиб чиқишади манлайига ун!…

ОҚ ТУТ

Ҳовлимиз олдида оқ тут бор, ёлғиз,
Ғадир танасига қулоч етмайди.
Илк баҳордан тортиб, келгунча кеч куз,
Қувсанг ҳам бағридан қушлар кетмайди.
Эгри-бугри шохлар гўё беланчак,
Хиёл тебранади ўнгу сўлида.
Гўёки бир муддат қотган гулдирак
Булутлар дарз кетар чайир қўлида.
Аёзли оқшомлар собит туради
Шохлари қолса ҳам яланғоч, тақир.
Наздимда умиднинг шудир суврати,
Илдизи заминга қадалган тақдир!
Самони қучгудай етса қулочи,
Шу қадим оқ тутга келар ҳавасим.
Сенсиз яшамоқнинг йўқдир иложи,
Эй, менинг оқ тутим, Хоразм!

КАЛТА МИНОР ҚИССАСИ

Хон амри янгради: Қуринг бир минор,
Қуринг-ки , устидан кўринсин Эрон!
Фармони олийдан не бир устивор,
Ишга киришилди, ғанимат ҳар он…

Обида ўсарди, унинг пастида
Ҳар хил миш-мишлар ҳам чўзар эди қад.
Армон яшагандай орзу қасдида
Оқ ва қора кучлар талашар сарҳад…

-Бухоро амири ўта қув, шайтон,
Хуфя қўлга олмиш…қаранг, меъморни!
Бу минор минорми, содда бизнинг хон
Амир қурдиради ҳали минорни?!

-Несини айтасиз, бу балогардон,
Салтанат учун ҳам ёзуғ, таҳлика!
Гап шунда қолсин-у, олишармиш дон
Букри меъмор билан малика!

..Меъмор бир сесканди ва тортди ҳушёр
Ғиштда кўриб қолиб шундайин ёзув:
“Устоз! Огоҳ бўлинг, битганда минор
Умрингиз ҳам битар — хон нияти шу!”

Ногоҳ тўхтаб қолди шу кун қурилиш
Мен кўрдим демади ҳеч ким меъморни.
Хуллас, нишонига тегдию миш-миш,
Ғийбат чала қўйди Калта минорни!…

Эҳтимол, у битса наинки Эрон,
Кўрмоқ мумкин эди жумла-жаҳонни!
Лекин кўролмади, кўролмасди хон
Қалбида не борин оддий инсоннинг.

Шундоқ қолиб кетди сўнгра обида,
Ким битмади деди, ким деди битди.
Дунё китобининг битта бобида
Хива кўк минори бизгача етди.

Ҳамон ўша-ўша турар пурвиқор
Қанча шеър, достонга мавзу у ҳали.
Менинг англашимча, бу бошсиз минор
Туҳматга учгувчи хонлар ҳайкали!…

ОРЗУ ВА АРМОН

Орзу керак инсон қалбига,
Орзусиз қалб ўзи нимадир?
Бир манзилни қўймай олдига,
Тўфонларда қолган кемадир.

Қалбга, дўстлар, армон ҳам керак,
Токи тошдек турсин осилиб.
Шунча баланд учмасди варрак
Осиб қўйишмаса узун ип!..

ХАЁЛ

Тун хўрсинар нақ ярим оқшом,
Деразамнинг шундоқ ортида.
Ва хаёлим олади тамом
Амазонка ёки Арктика.
“Улар қайда, Хоразминг қайда…”
Минғирлайди томдаги сомон.
…Қаёқдадир ит бўлиб пайдо
Карвонларга бермайди омон…
Бориб келар соат кафтгири,
Ҳар тарафи битта минтақа.
Хаёл-дарё борми охири,
У кўзларим юмгунча оқар…
Тун хўрсинар нақ ярим оқшом
Деразамнинг шундоқ остида…

***

Отам чўгирмаси-гужумлар,
Онамнинг рўмоли-ўрик гуллари.
Уларнинг пойида оқувчи бўтана-
Менинг болалигим!
Тўлин ой кечаси-илк, висол,
Уфқларни уй этган чироқлар…
Сукунатнинг сой сатҳида шивири…
Сенинг болалигинг!
Айқаш-уйқаш “йўқ”лар, айтилмаган “хўп”…
Эшигида қопоғон итли
Қўшнининг боғига учиб тушган тўп…
Бизнинг севгимиз!…

ЭРК ҚУШИ

У вужудим кўтарсин кўкка,
Пастда қолсин пасткаш хотирлар.
Ёлбораман тушганча чўкка
Қани, кўмак беринг, ботирлар!…
Қайси гулдир у интилган ёр,
Қайси гиёҳ, қайси боғ, қирлар…
Аччиқ ҳижрон бўлолмасин кор.
Қани, кўмак беринг, ботирлар!
Ит олдида чўкка тушмас нор,
Қаҳ-қаҳ урмас юраги кирлар.
Қани ғурур, қани номус-ор,
Айтинг, айтинг, ахир ботирлар!
Жалолиддин турсин, уйғонсин,
Сандиқлардан чиқсин Тоҳирлар.
Ошиқлар ёр васлига қонсин.
Мадад бўлинг, ахир, ботирлар!

МУҲОЖИРНИНГ ҚАЙТИШИ

Ёлғиз терак тагидаги қудуқ ёнида
Кафтларни соя қилиб боқади биров.
Томоғимни бўғар бир ҳис қайнаб қонимда,
Баридан ҳам даҳшатли “Сен ким?” деган йўқлов.

Ёлғиз терак тагидаги қудуқ ёнида
Биров менга чуқур ботган кўзларин қадар.
Сезаяпман бир интиқиш, титроқ жонида,
Юрагида соғинч дарди тоғ бўлиб ётар.

Тоза ёққан қор қўнгандек сочлари оппоқ,
Манглайига ажин солган йиллардами айб?.
Ғурбатларда арзандасин этиб ёқачок
Кимсан, дея сўраттирган йўллардами айб!

Кимлигимни сўрадилар ёт элларда ҳам,
Бир ҳаприқдим, айтолмадим лек кимлигимни.
Шунда билдим бу дунёда бемақсад, беном,
Соя каби яшамоқнинг мушкуллигини.

Йиллар ўтар…Сўрасинлар кимлигим шунда,
Мени Ватан сари элтган йўллар айтсинлар!
Терларимдан гуллар унсин она заминда,
Йўқса, майли ажриқ каби юлиб отсинлар!…

 

Жумабой МАТЁҚУБОВ

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan