Қўқон шаҳрида жойлашган “Буюк алломалар” музейида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг “Қўқон давлат музей-қўриқхонаси тўплами” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди.
Нашрда Фарғона водийсидаги энг қадимий маданият муассасаларидан бирида сақланаётган санъат асарлари намуналари тақдим этилган. Китоб-альбом саҳифаларида археология фонди ёдгорликлари, нумизматика намуналари, қўлёзма асарлар ва ҳужжатли фильмлар фонди ҳақида ҳикоя қилинади. Саралаб олинган намуналарда ёғоч ўймакорлиги ва ганч санъати, заргарлик, кулолчилик, бадиий тўқимачилик санъати ўз ифодасини топган. Тасвирий санъат тўпламига алоҳида бўлим бағишланган.
Музей раҳбари тўплам ҳақидаги китоб нашр этишда кўрсатган ёрдами учун Бутунжаҳон жамиятига ўз миннатдорчилигини билдирди. “Биз узоқ вақтдан бери Қўқон давлат музей-қўриқхонасига бағишланган китоб нашр этиш имкониятини излаётган эдик, Бутунжаҳон жамияти кўмаги натижасида музейнинг ноёб маданий меросига бағишланган жилд “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркуми доирасида нашрдан чиқди. Бугун биз ўз меҳнатимиз натижасини тақдим этаётганимиздан хурсандмиз”, — деди Манзура Мансурова.
Китоб-альбомни “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси илмий координатори Элмира Гюль ва “Қўқон давлат музей-қўриқхонаси тўплами” лойииҳаси куратори Шаҳло Абдуллаева тақдим этди. Тадбир доирасида меҳмонлар учун “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид 50 та китоб-альбомлардан иборат кўргазма ҳам ташкил этилди.