Никоҳ шартномаси
Никоҳ шартномаси

Никоҳ шартномаси

460 marta ko'rildi

НИКОҲ ШАРТНОМАСИ

Ўзбекистон қонун ҳужжатларига кўра никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилиган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини  белгиловчи келишув никоҳ шартномаси деб ҳисобланади (Оила кодексининг 29-моддаси).

Никоҳ шартномаси тузаркан, эр ва хотин биргаликда, умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги,улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.  Яъни уларнинг никоҳи даврида орттирилган барча нарса энди қонунчиликка кўра уларнинг ўртасида тенг бўлинмайди, балки уларнинг ҳар бирига мол-мулкнинг шартнома билан белгиланган қисми тегишли бўлади. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига  нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси ўз табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий  шартномадир.У билан боғлиқ масалалар Оила кодекси билан тартибга солинади, бироқ айни вақтда унга нисбатан Фуқаролик кодексининг шартномалар тўғрисидаги қоидалари қўлланади. Бундай шартнома, башарти у иккала тарафнинг розилиги билан, эр-хотиннинг икккови шахсан иштирокида тузилган ва нотариал тасдиқланган бўлса, кучга кирган деб эътироф этилади. Никоҳ шартномаси албатта нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Акс ҳолда у ҳақиқий ҳисобланмайди. Агар эр-хотин шартнома бандларини ўзгартиришни ҳоҳлашса, уни қайта тузиш мумкин, бироқ нотариус уни яна албатта тасдиқлаши шарт.

Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш,оила ҳаражатларини кўтариш, бир-бирларининг даромадида иштирок этиш,бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолтияти билан шуғулланиш  бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олиш, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлашга, шунингдек, никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли.

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга  нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ва хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.

Никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилинган  пайтдан бошлаб, унинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ёки эр-хотиндан бирининг вафот этиш муносабати билан бекор қилинади.

ФҲДЁ бўлимларига ариза берган ёшларга,никоҳ шартномасини тузиш ҳақида тушунтириш берилиши керак. Агар эр-хотин ўртасида никоҳ шартномаси тузилса,судгача етиб борадиган жанжаллар, тушунмовчиликларнинг ҳам олди олинган бўлар эди.

 

М.Ж.ХОЛЛИЕВ

Фуқаролик ишлари бўйича

Шовот туманлараро суди судьяси.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan