Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр ва муҳаббат қўйган шоҳ ва шоир, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур барча Темурий шаҳзодалар каби етук устозлардан илм сирларини пухта эгаллайди. У ўзининг кенг дунёқараши, илми, истеъдоди, ақл заковати ила Ҳиндистонда ҳам катта обрў-эътибор ва шуҳрат қозонади. Унинг бир-бирини такрорламас, инсонни маънавий камолотга етакловчи, ибрат илмларини кўрсатувчи ғазал ва рубоийлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай, ҳар бир ёш авлод учун маърифат мактаби бўлиб қолмоқда. Унинг ҳар бир ёзган сатрларида ёр васли, Ватан соғинчи энг устувор ўринни эгаллайди. Шоҳ ва шоир шунинг билан бир қаторда ўша давр маданияти, урф- одатлари, анъаналари, ҳар бир инсондаги аҳлоқий ва одоб масалаларини энг гўзал, нафис сатрлар ила битади. Унинг биргина “Яхшилиғ” радифли ғазалини олиб кўрайлик:
Ким кўрубтур, эй кўнгил аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ
Ғазал замирида шоирнинг яхшилик ҳақидаги муҳим маърифий, фалсафий, диний, бадиий ғоялари ётади. Бобурнинг юксак маҳорати аввало ушбу ғояларни ғазалда чуқур ва гўзал ифодалаш, кўнгилларга яхшилик уруғини экиш, кўтаринки руҳ бағишлаш, китобхон диққатини тортиш учун “яхшилиғ” сўзини радиф қилиб олганлигидир. Зотан, “яхшилиғ” сўзига урғу беришнинг ўзида катта маъно бор:
Шунингдек, ғазални “Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ” мисраси билан ҳам бошлаб, ҳам тугаллаши фикримизнинг ёрқин далили. Назаримизда, Бобур ўз ғазалида Аллоҳ ҳар бир инсон кўнглини, аслида, яхшилик кўрган, яхшилик қилган инсонни севиш, қадрлаш, дуо қилиш ва ёмонлик қилган, ёмонлик тилаган кимсани ёмон кўриш, нафратланиш туйғусига йўйган бўлса не ажаб.
Бобур шеъриятимиздаги анъанавий бадиий образлар қаторига янги образлар қўшдики, унинг ижодидаги ана шу жиҳатларни ёритиш ҳаммавақт долзарблик касб этади. Шоҳ ва қул, ватан ва соғинч, салтанат ва фақирлик, ғолиблик ва мағлублик, яхшилик ва хуррамлик каби поэтик образлар Бобур ижодида юксак даражада ифодаланган образ ҳамда тушунчалардир. Гарчи Бобургача бу образ ва тимсолларнинг элементар кўринишлари мавжуд бўлган бўлса-да, Бобур уларни хадди аълосига етказди. У адабиётимизга реал ва конкрет Ватан образини олиб кирди. Тўғри, ўзбек шеъриятида Бобургача ҳам Ватан тимсоли бор эди. Бироқ агар салафлар ижодида Ватан тушунчаси умуман тириклик, истиқомат қилиш, рўзгор тушунчаларини ифодалаган бўлса, Бобур ватан деганда, фақат Самарқанд ёки Андижонни эмас, умуман Туркистонни тушунди. Ўз асарларида унинг портретини суратлади, пировард натижада, Ватаннинг бадиий образини яратди.
Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши, – дейди Бобур.
Бобур идрокида диёру ёр тушунчалари ўзаро қоришиб кетади:
Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Ватандан жудо бўлгач, унинг образи энди шоир шеърларида соғинч мазмуни орқали ўз ифодасини топади:
Кабутар, элтасен хаттим, не бўлғай гар қабул этсанг,
Кўнгулни боғласам ул нома янглиғ парру болингға.
Ёки:
Қовун бирла узумнинг ҳажрида кўнглумда ғам ҳар су,
Оқар сувнинг фироқидин кўзумдин ҳар дам оқар сув.
Шоир ватандан жудоликка чидай олмайди, кўника олмайди, бир куни яна ватанга қайтишига ишонади.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
«Бобурнома» асаридаги ўнлаб қайдларда ҳам Ватан тимсоли гавдаланади:
Бормоққа не маскан муяссар,
Турмоққа не давлат муқаррар.
Ҳассос қалб соҳибининг ўтли нидоси бу. Шоирнинг айрим рубоийлари дилнинг дилга изҳори, кўнгилнинг кўнгилга талпиниши ва чорлови сифатида яратилгандир. Улардаги сўз ва иборалар айнан юракдан чиққандай таассурот қолдиради. Қуйидаги рубоийдаги «аҳбоб», «фароғат тутунгиз», «ғанимат тутунгиз» сингари сўз ва иборалар инсон умрининг омонат ва ғаниматлигинигина эмас, балки шу омонатлик ва ўткинчиликда одам бир-бирини қадрлай олиши зарурлигини ҳам чуқур таъкидлашга хизмат қилади.
Руҳия ИСМОИЛОВА,
Республика маънавият ва маърифат маркази Қўшкўпир туман бўлинмаси раҳбари.
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ…
261 marta ko'rildi