“Mehr nuri yogʻar doim yuzingizdan ustozlar” tanloviga
“Mehr nuri yogʻar doim yuzingizdan ustozlar” tanloviga

“Mehr nuri yogʻar doim yuzingizdan ustozlar” tanloviga

556 marta ko'rildi

  ЭЪТИРОФУ ЭХТИРОМ МУБОРАК, АЗИЗ ЭЛДОШИМ!

 

Инсон доимо олдига қўйган эзгу мақсадлари сари интилади. Орзу улуғ йўлга бошласа, яна ва яна интилишга, имконият излашга, курашишга бошлайди. Ўқитувчи, мураббийлик касбини эгаллаганлар борки, фарзандлар келажаги учун ҳаракатда бўлади.  Айниқса, спортчининг вазифаси тинимсиз машқларда тобланади, соғломликни, интилувчанликни, муваффақиятга интилишни, қаттиятни, ишончни тарбиялаш билан бу матонатни ўзидан ҳам талаб қилади. Бугунги кунда беш ташаббус тамойилининг бири жисмоний тарбия мавзусининг талқинлари,турлари кўпайди. Ҳар бир мактабда спорт ишларига эътибор кучайтирилди. Жаҳонга донғи кетган Паҳлавон Махмуд бобомизнинг издошлари мамлакатимиз шаъни учун дадил курашга отландилар. Хатто имконияти чекланган бўлса ҳам, ўзини спортга бағишлаган элдошларимизни кўриб, ҳайратланмай иложимиз йўқ. Маълумки, Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХYI ёзги Паралимпиа ўйинлари бутунжаҳон ҳамжамиятининг диққат нигоҳида бўлди.

Президент фармони билан мамлакатимизда жисмоний тарбия  ва спортни ривожлантириш, халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги алоҳида ҳизматлари, кўплаб нуфузли Халқаро мусобақаларда улкан ютуқларни қўлга киритаётгани учун туманимиз фахри бўлган Рўза Қўзиева “Ўзбекистон республикасида ҳизмат кўрсатган спортчи” фаҳрий унвонига сазавор бўлди, қимматбаҳо машина билан мукофотланди. Уни бутун Хоразм ҳалқи, айниқса шовотликлар қувонч билан кутиб олдилар. Вилоят ва туман ҳокимлиги, муҳлислар ўз спортчиларини даста-даста гуллар, муносиб совғалар билан қаршиладилар.

Шу қатори Паралимпиа ўйинларида иштирок этган яна бир шовотлик элдошимизнинг ўзи сабоқ бераётган мактаб биносига кириб келиши қувончли дақиқаларга уланди.

Меҳрингиз улуғдир, кўнглингиз осмон,

Ўзбекистон аҳли қилар эҳтиром

Устоз номин оқлаб олдингиз орден

Бу шараф  янада бўлсин бардавом.

13 сентябрь куни эрталабдан 46-сон мактабда қўлларда гулдаста ушлаган элдошлар, мактаб биносига кираверишда жам бўлган ўқувчи ва устозлар, мактаб ҳизматчиларининг шодлиги чексиз бўлди. Ҳаваскорлар тўгараги аъзоларининг чиқишлари, устозларнинг табрик сўзлари, “Ёғду” ижодкорлар тўгараги аъзоларининг устоз мураббийга бағишлаган шеърлари янгради. Тадбир сўнгида йиғилганлар Сардор Ҳудойбергановни Паралимпиа ўйинлари ўтказилган Токио шаҳри, спортчиларнинг иштироки, Президентимиз билан бўлган учрашув ҳақидага қизиқарли таассуротларини тингладилар. Устозга ҳамманинг ҳаваси келди. Негадир аҳли йиғин спортчи мураббийнинг дил сўзларини кўзларида севинч ёшлари билан тингладилар.Шундан кейин ҳамма Сардорбек билан биргаликда Хоразм лазгисига рақс тушишди. Бу аҳиллик ва меҳр-муҳаббат уйғунлигидан унинг кўзларига ҳам севинч ёшлари қалқиди. Бари эътироф ва эхтиромнинг нашидаси эди.

Сардор Ҳудойберганов ўз шогирдлари билан Токио шаҳрида ўтказилган Паралимпиа ўйинларида иштирок этди. Айниқса, Шовотдаги 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги шогирди  Асила Мирзаёрова спортнинг енгил атлетика турида узунликка сакраш бўйича 4,91 натижа билан фаҳрли 2-ўринни олди ва кумуш медални қўлга киритди. Шунинг учун мураббийларни тақдирлаш маросимида шахсан Президентимиз Ш.Мирзиёев Сардор устознинг кўксига “Дўстлик” орденини тақиб қўйдилар.Меҳнатнинг роҳати, -деб шуни айтадилар-да. Кимсан мамлакатимиз Президенти билан учрашган, вилоятимизнинг чекка қишлоғидаги Шовот туманининг 46-сон мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Сардор Ҳудойбергановнинг муваффақияти ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Қишлоқда шов-шув, маҳаллада дув-дув гап… Ҳар куни ўқувчилари билан мактаб спорт майдончаси-ю, спорт залини тўлдириб, машқлар ўтаб юрганини кўриб устоз ва шогирдларнинг қийқириғи-ю тинимсизлигидан мийиғида кулиб қўядиганларнинг ҳам қувончи дунёча бўлди.

Устоз-мураббий ҳаёт йўлига бир назар ташлаймиз. С.Ҳудойберганов 1987 йил 13 апрелда Шовотқалъа қишлоғида зиёли оилада туғилиб ўсди. У олдинги Паҳлавон Маҳмуд номидаги, ҳозирги 46-сон умумий ўрта таълим мактабида 9-синфни тугатиб, спортга бўлган қизиқиши туфайли Республика Олимпия заҳиралари коллежида таҳсил олди. 2006-2011 йилларда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти талабаси бўлиб, спорт сир- асрорларини қунт билан ўрганди. 2018 йили Шовот туманидаги 51-сон мактабга жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишга келди. 2019 йил январдан 46-сон мактабда ва 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида фаолият олиб бормоқда.

2021 йил Сардор Худойберганов учун муваффақиятлар йили бўлди десак, муболаға бўлмас. Унинг ўқувчилари “Спортни сев, спорт билан яша!”- шиори остида вилоят ҳалқ таълими бошқармасига қарашли умумтаълим мактабларининг 5-8 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Қувноқ стартлар” мусобақасида биринчиликни қўлга киритдилар. Устозлар Жасур Бекчанов ва Сардор Ҳудойберганов, гуруҳ сардори Умиджон Қадамов ва 17 нафар аҳил жамоа аъзолари “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг вилоят минтақавий бўлими томонидан 1 даражали диплом ва совғалар билан тақдирландилар. Бу гуруҳ республика “Қувноқ стартлар” мусобақасида фаол иштирок этдилар.

Кўриниб турибдики, устозлар доимо изланишда, курашувчанликда. Аслида бугунги куннинг зиёли ўқитувчиси, мураббийи ҳар бир ўқувчи, шогирднинг муваффақиятларини таъминлаш билан бирга кенг ва кўринмас қирраларини очиб беришга маъсул. Бу давр талаби. Шунинг учун ҳам Президентимиз мактаб таълимига, жисмоний тарбия ишларига диққат- эътиборни қаратдилар. Болани бошдан…, деганларига амал қилиб, Бешта муҳим ташаббус тамойилида иш олиб боришга даъват қилдилар. Бизнинг фидоийи элдошларимиз эса зафарлар қуршовида қотиб, тўхтаб қолмайдилар. Изланиш, ўрганиш, қатъият ва матонат уларнинг авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган удуми, шиори ва малакасидир.

Чин қалбдан Мамлакатимиз ифтихори бўлган спортчиларимизга, мураббийларимизга эҳтирому мукофотлар муборак бўлсин ва ҳамиша яна бардавом бўлсин!, деб қоламиз. Ўзбекистонимизнинг фаҳри, ҳалқимизнинг ардоғи бўлиш илинжидаги ёшларга Сизларнинг беқиёс меҳнатингиз натижаси элга, ёшларга ва бутун дунёга ибрат бўлаверсин! Янги Ўзбекистонни янгича ривожланиш босқичига матонат билан соғлом ҳаёт муждаси ва меҳнат, фаровонлик ҳамда қувончли ҳабарлар нашидалари билан ҳамроҳликда ўз улушимизни қўшишда давом этаверайлик!

                                                                                              ЖОЗИБА,

                                     Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan