Огаҳий таваллудига 214 йил тўлди
Огаҳий таваллудига 214 йил тўлди

Огаҳий таваллудига 214 йил тўлди

455 marta ko'rildi

ОГАҲИЙНИНГ “ҚЎЛИНИ УШЛАГАН” РАИС

Хоразмда умрини эл дарди билан,эл-юртнинг ғами билан яшаб келаётган катхудо,ёшулли инсонлар жуда кўп. Бундай одамлар воҳанинг ҳар бир туманида, қўйинки ҳар бир қишлоғ-у маҳалласида истаганча топилади.

Хивалик Отанзар ака Пирназаров ана шундай инсонлар сирасига киради.У киши гарчи табаррук 83 ёшни қаршилаётган бўлсада ҳали ёшига нисбатан анча тетик, бардам бақувват, фикри теран, донишмандона салоҳиятли инсон. У умрининг 60 йилини давлат ишига бахш этди. Бир жойда, бир лавозимда 30 йил раҳбарлик қилди. Яна ўша собиқ тузумнинг энг бир қийин даврларида фаолият олиб борди.У Ҳива туманидаги Огаҳий жамоа хўжалиги бошқаруви раиси бўлди. Колоз тузуми тугатилиб кетганидан кейин узоқ йиллар Хива шаҳар нуронийлар бўлимида раҳбар бўлиб ишлади.

Отаназар оға билан кўпдан бир суҳбат қилишни ният қилардим. Сабаби Унинг Огаҳий ҳазратларининг қадамжосини обод қилишдаги хизматлари барча ҳизматларнинг аълоси бўлган десак янглишмайман. Келинг ҳурматли газетхон сизни кўп куттирмай Отанзар Пирназаров билан бўлган суҳбатимизни эътиборингизга хавола қилай.

-Отаназар оға сизни «Огаҳийнинг қўлини  ушлаган раис» дейишади.Бу иборанинг маъносини тушунтириб берсангиз?

-Огаҳий ҳазратларининг ўз қўллари билан экиб кетган балх тути, яратган боғ-роғлари, қаздирган ёп-ариқлари биз учун кўзларга тўтиё, муқаддас ҳисобланади. Биламизки, тақдир ҳар бир авлод зиммасига ўзига яраша оғир юк юклайди. Биламизки Огаҳий бобомиз мироблар авлодидан бўлган. Боболаримиз Огаҳийга замондош бўлишган. Улар биргаликда Полвон Варағзон, Хиросон, Мўртиман, Ғўвик ёп, Бўз ёпларни қазишган. Оталаримиз эса ўша ариқларда сув олиш илинжида қайта қазишган. Даврлар силсиласини, машаққатларини бошидан кечиришган, яхшироқ яшаш учун бетиним меҳнат қилишган.

Aдабиёт ва санъат ҳамиша халқ билан бирга, қатағон даврларида ҳам ундан кейин ҳам Огаҳий, Ожиза, Бола бахшилар маданий мероси халқ дилига далда бериб, руҳлантириб келмоқда.

Тақдир менга улуғ бобомиз Огаҳий ҳазратларининг таваллудининг 150, 180,190 йиллик юбилейларида қатнашиш бахтини муяссар этди. Бунинг учун Аллоҳга, минг марта шукроналар келтираман.

Огаҳий ҳазратларининг  “қўлни ушлашган” раис иборасининг ишлатилишига келсак, бунинг тарихи узун. 1950-1980 йиллар билан боғлиқ.

Биласизми, ўша даврларда ҳамма нарса пахта параметри билан ўлчанарди. Хотира, тарих, қадрият, адабиёт, камдан-кам кишиларни қизиқтирарди. 1958 йил ёзида уйимизга Субутой Долимов деган олим келди. Онам раҳматлик ўша даврларда мактаб директори бўлиб ишларди. Гап Огаҳий мероси ва унинг қабри ҳақида борди.

Меҳмон Огаҳий қабрини зиёрат қилиш учун Шайх Мавлон Бобо қабристонига борди. Мен унга йўл кўрсатдим. Ҳеч ким, ҳатто қишлоқ катхудолари ҳам Огаҳий қабрини кўрсата олишмади. Шундан кейин бир оз вақт ўтгач, республика матбуотида, журналист Фозил Зоҳидовнинг «Чангалзор оралаб» деган танқидий мақоласи босилиб чиқди.

1959 йил кузида Ғофур Ғулом, Иброҳим Мўминов, Қори Ниёзий, Зулфия, Уйғун, Aйёмий, С. Долимов, Э. Раҳим каби шоир, олимлар келиб қишлоғимизда катта юбилей ўтказишди. Юбилейда маърузалар бўлди, ғазаллар ўқилди, сўнг концерт бошланди. Ҳалиям кўз ўнгимдан кетмайди, ўзбекнинг танти шоири Ғофур Ғулом созанда ҳофизни тўхтатиб:

-Огаҳийдан айтинг,- деб илтимос қилди.

-Огаҳийдан билмайман, оға ,- деди ҳалиги ҳофиз

-Огаҳийдан билмасанг кўтар данғир-дунғирингни,- деди Ғофур Ғулом.

Шундан сўнг зудлик билан Бола бахши Aбдуллаевни топиб келишди. Бола бахши «Феруз I“ «Феруз II“ «Сувора» қўшиқларидан, «Ошиқ ғариб ва Шоҳсанам» достонларидан куйлаб берди. Тўғриси, ана, шундай, шундан сўнггина биз Огаҳийнинг кимлиги тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлдик.

– Aйтиш жоиз бўлса, Огаҳий ҳазратларини «қўлини ушлашим» шоир таваллудининг 180 йиллигини нишонлаш (1989) арафасида содир бўлди. Ушбу масалага ойдинлик киритиш учун ҳикояни 1980 йиллардан бошлашга тўғри келади. Ўша даврда хуторларни тугатиш, пахта плантацияларини кенгайтириш, боғ-роғларни камайтириш сиёсати олиб борилди.

Ҳозирги 32 гектарлик Огаҳий боғ музейининг ўрни аҳолиси тарқоқ яшайдиган хуторлардан иборат эди.

Энг муҳими бу ерда 50-60 туп балх тутлари, тарихий кунгурали жойлар бор эди. Қарияларимиз эски уйлар, тутларни йиқиб ҳамма ёқни текислаб пахта экмоқчилигимизни билиб, бизни бу йўлдан қайтариш учун идорага келишди. Қолаверса дейишди улар, бу тутларнинг орасидаги бир туп тутни табаррук инсон Огаҳий бобомиз эккан, уни келгуси авлодларга асраб авайлаб етказмоғимиз зарур». Биз кексаларимизнинг маслаҳатига кўра тутларга қўл теккизмадик. Бошқа ерларни текислаб, тобга келтириб суғордик ва атиги бир гектар ерни боғ учун ажратдик. 1982 йил ёз ойлари «Хоразм ҳақиқати» газетаси муҳаррири, шоир Эркин Самандаров обкомнинг вакили бўлиб келди. Дала айландик. Йўлимиз Огаҳий эккан ва тут ва биз бошлаган «хуфия боғ» устидан тушиб қолди. Мен бўлғуси боғ ва ўша табаррук оқ тутни бажонидил кўрсатдим. Кўзларига севинч ёшлари келган Эркин ака бироз ўйланиб турдида:

-Aгар қаршилик қилмасангиз, бу тут теварагини Огаҳий боғи деб эълон қилсак. Эҳтимол бобомиз орзу қилган бир боғ мемориал музей бўлар, -деди у.

-Мен бу таклифга рози бўлар едим куя, аммо лекин «пахта даласи ҳисобига боғ яратибди» деган тавқи лаънатга қолмасмиканмиз, -дедим. Шунда Эркин ака ўйланиб қолдилар…

Орадан икки йил ўтгач, биз бошлаган бу хайрли иш райкомнинг биринчи котиби Мадамин Маткаримовнинг қулоғига етиб борибди. У бир куни колхозга келиб дала айланди ва боғни синчиклаб айланиб чиқди ва менга қараб:

-Отаназар, нега бу ерни режага киритмасдан боғ қилдингиз? -деди.

-Мадамин Маткаримович, шу бир туп оқ тут Огаҳий бобомизнинг ўз қўллари билан экилган табаррук тут экан. Биз уни келгуси ёш авлодга ёдгорлик сифатида қолиши учун яхши ният қилдик, -дедим. У индамади. Билмадим, мен бу ерда замонамиз сиёсатига қарши андак хатога йўл қўйдимми, ҳар қалай бир вақтлар келиб, бизнинг бу ишимиз хайрли ва савоб иш бўлиб чиқар дедим. Мен ўшанда бир нарсага амин бўлдимки, агарда биз ўша тут, боғ ва уйни йўқотиб юборсак, бизни келгуси авлод кечирмаган бўларди. Раҳматлик Мадамин ака (жойлари жаннатдан бўлсин) аста жилмайиб қўйди ва жиддий тикилганча.

-Mайли, қилар ишни қилиб қўйибсиз, бироқ энди бу ёғига ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Иш қилиб бу хайрли ишларингиз ёмон қулоқларга етиб бориб иккаламизни хам қийнашмасинда,- деб розилик билдирди. 1986 йилга келиб мамлакатда демократия даври бошланди. Бу даврда туманимизга райкомнинг биринчи котиби бўлиб Ли Мирон Данилович келди. Демократия-ошкоралик даври бизга жуда қулайликлар берди. Ўша йили боғни «Огаҳий боғи» деб эълон қилдик. 1992 йилда уни 24 гектарга, 1993 йилга келиб жами боғ майдони 32 гектарга етказдик. 1989 йили шу боғда Огаҳий ўй музейи, ҳайкали қуриб, унинг теварак атрофида турли хил мевали дарахтлар ўтқазиб, гулзор чиройли ихчам йўлакчалар ташкил этдик. Бундай хайрли ишларда Эркин Самандаров,  Отахон Оллаберганов,  Тўрабой Қурёзов,  Ренат Аҳмедов, Эркин Раҳмонов, Раҳима Худойберганова, Дарёмурод Худойберганов каби раҳбар ва ижодкорларни хизматлари катта бўлди. Сизни қизиқтирган савол «Огаҳий ҳазратларини қўлини ушлашим» қуйидагича бўлган эди.

1989 йилнинг илк баҳоридан Огаҳий юбилейига қизғин тайёргарлик бошлаб юборилди. Ҳазратнинг қабри қайси экан деган савол менга сира тинчлик бермасди. Ахир 1959 йилги юбилей тадбирлари, республика матбуотида чиққан танқидлардан сўнг хам бояқишнинг қабри аниқланмай қолган эди. Ташаббусни ўз қўлимга олмасам бўлмас, деган қатъий қарорга келдим ва қишлоқ қарияларни йиғиб маслаҳатлашдик. Ёши 70-80дан ошган қариялар «Огаҳийнинг жасади 7 та тутдан ясалган қути ичида дейишди. Муниснинг қабри ёнида бўлсин деб васият қилган эканлигини айтишди. Шу куни пешин намоздан сўнг қабристонга бориб харобага айланаёзган қабрни очдик. Чиндан ҳам қабрда тутдан ясалган сандиқ бор эди. Аста очдик, унда одам суяклари киши гавдасини эслатиб ётарди. Уч карра қуръон ўқитдик ва алломанинг қўлларини ушлаб тавоф этдим. Тўғрисини айтсам, Огаҳийдек буюк зотнинг қўл суякларини ушлаганимга аввало суюниб, фахрландим, кейин эса бу небақо,бевафо дунёнинг ўткинчи ва қисқалигидан афсус надоматлар чекдим ва белни маҳкам боғлаб янада яхшироқ ишлаш, курашиш ва яшашга отландим.

Эндиликда шоирлар Мунис ва Огаҳий ётган Шайх Мавлон бобо қабристони муқаддас зиёратгоҳ. Огаҳий ва Мунис боғлари эса бири-бирига оҳангдош жаранглайди. Aйниқса Огаҳий боғининг шон-шуҳрати ўзгача. Бир вақтлар Эркин Самандаров:

Нималар бўлмайди, дейсиз ҳаётда,

 Огаҳий тут экди, боғи Қиётда…

деб бошланувчи шеър ҳам ёзганди. Боғнинг ғарб томонида даволаниш маскани, Қосмобод посёлкаси, орқа ва кун чиқиш томонларида аҳоли зич яшайдиган аҳоли пункти. Боғ халқ сайллари, Наврўз ва Мустақиллик байрами, Огаҳий кунларида санъат ва адабиёт ихлосмандлари, ёш-яланглар билан тўлиб кетади. Қишлоғимиздаги ҳар бир хонадон уйларда Огаҳий ғазаллари, қўшиқлари янграйди, ғазал ва баёзлари мутолаа қилинади. Мактабларда Мунис ва Огаҳийга, Паҳлавон Маҳмуд ва Жалолиддин Мангуберди юбилейларига бағишланган тадбирлар, мушоира, ғазалхонлик кечалари бўлиб ўтади.

Отаназар ака билан суҳбатимиз қизғин бўлди.Бу ибратли ишлар унинг қилган эзгу,хайрлик ишларидан денгиздан бир томчи халос.Аммо ўзбек адабиётидан Навоийдан кейингги буюк шоир сифатида эътироф этиладиган Огаҳий ҳазратининг қадамжосини обод қилишдаги савобли ишлари унинг умри давомида қилган хайрлик ишлариининг энг аълоси бўлган десак асло муболаға эмас..

Буни ўзи ҳам тўлқинланиб эътироф этади.Ҳар биримиз ана шундай савобли ишларни қилишимиз,ўтган аждодларимизни ёд этиб хотиралаб туришимиз ҳам фарз ҳам қарз эканлигини унутмаслигимиз керак.Зеро,Паҳловон Маҳмуд бир рубойисида шундай ёзади:

Ҳар дам ўзини замона бунёд этгай,

Диллар синиғин териб, мени шод этгай.

Ўтмиш-келажак тоғларининг ўртасида,

Келган киши кетган кишини ёд этгай.

Болтабой Матқурбонов,

Журналист.

 

 

 

 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan