Орзуларим рўёби
Орзуларим рўёби

Орзуларим рўёби

439 marta ko'rildi

Мен ҳар куни 35 чақирим масофани автобусда босиб ўтиб, севимли мактабим қучоғига кириб бораман, яна шунча масофани босиб ўтиб қадрдон оилам қучоғига қайтаман…   Аслида менинг 18 йиллик фаолиятим умумий ўрта таълим мактабида кечган. Ўқувчиларга сабот билан билим берардим, улар ҳам фанимни жуда яхши кўришар, ҳар бир сабоғимни ихлос билан ўрганишарди. Аммо…

Аммо мен ишлайдиган ҳудуддаги ота-оналар фарзандларини олий маълумотли қилишдан кўра бозор ва савдо ишларига йўналтиришни маъқул кўришарди. Шунинг учун ўқувчилар 10-11 синфларда ўқишни деярли йиғиштириб қўйишарди. Мен эса ўтқазган дарахтларим мевасиз қолаётганидан  қаттиқ ўксинардим. Шунча йил наҳотки сувни боғ-у роғга эмас, гиёҳ унмас чўл-у биёбонга қуйган бўлсам, дея изтироб чекардим. Шундай кезларда „Қанийди, шундай даргоҳда ишлаш насиб этсаки, ўқувчилар бор ихлос ва иштиёқ билан сени тингласа, сен эккан ниҳол кўкка бўй чўзиб бир кун ҳосилдор мевасини берса“, деб орзу қилардим.

  Бир куни телефонимга „Танлов асосида ишга қабул қиламиз“ деган хабар келди. Бу муассаса республикамизда машҳур мактаблардан бири-Огаҳий ижод мактаби эди. Мен яшайдиган манзилдан 2 та туман наридаги бу мактаб йироқдалиги, қолаверса, танлов асосида сараланса кучлидан кучли кўп дедим-да кўнгил узмоқчи бўлдим. Бўлмади. Қалбимни йиллар давомида ўртаб келган орзу мени тинч қўймади.  Эрталаб роппа-роса 35 километрлик йўлни босиб имтиҳонга бордим.Танлов ўтказилди, натижасидан умидим йўқ. Ҳатто эшитишни ҳам истамасдан кетиб қолмоқчи эдим. Кутдим, чунки яна ўша орзу „балки…“ дея мени тинч қўймасди.  Натижа эълон қилинганда, ишонаверинг, қотиб қолдим. Мен танловдан ўтдим! Севинчим ичимга сиғмас, орзуларим ушалганига ҳеч ишонмас эдим, аммо масофа узоқлиги бироз ўйлантирар эди.

„Йўл азоби – гўр азоби“ деган нақл бор халқимизда. Ҳар кун автобусда баъзан ўтириб, баъзан тикка оёқда 1 соатлик йўлни босиб ўтаман. Қийналиб кетган чоғларимда кўз олдимни афсус ва пушаймонлик туманлари қоплаб олади. Аммо севимли масканимга кирар эканман бу туманлар умид ва ихлос, шижоат ва муҳаббат қуёши тиғида эриб битгандек бўлади. Бу даргоҳга тез фурсатда бунчалик муҳаббат қўйганимнинг боиси, аввало, энг билимли, энг фидокор, ўз касбининг усталаридан иборат бўлган ажойиб ўқитувчилар жамоаси мени очиқ чеҳра ва устозларча меҳрибонлик билан ўз сафларига қабул қилишди. Бундай инсонар билан елкама-елка туриб ишлаш менда шараф билан бирга масъулият ҳиссини ҳам уйғотади. Мактабимиз раҳбари Сарвар Абдуллаев беқиёс қалб эгаси. Ҳар бир ўқувчимизни ўз фарзандидан-да ортиқ кўрадилар, уларнинг истиқболи, келажагини ўйлаб бир зум ором олмайдилар. Устозлар ҳам шогирдлари камолоти учун бор билимларини сафарбар этишган.

   Мактабдаги маънавий муҳит таҳсинга сазовор. Ўзбекона дўппи кийган, иболи ва ҳаёли қизларимизнинг, кўп китоблар мутолаа қилганидан аниқ фикрли ва теран мушоҳадага эга ўғил болаларимизнинг қўллари доим кўксида, устозларга чексиз эҳтиром кўзларида порлаб туради.Ўқувчилардаги илмга бўлган иштиёқ мени ўз устимда пухта ишлашга, ҳар бир дарсимга алоҳида янгилик  билан боришга ундайди.Мана таътил ҳам бошланди. Мактабга кириб борарканман қалбим синф хоналаридек бўм-бўшлигини ҳис этдим. Қадрдон болажонларимнинг меҳр тўла кўзларини соғиняпман. Аллоҳдан ўқувчиларимизни соғ-омон, янги шижоат ва ғайрат билан меҳрибон мактабимиз қучоғига қайтишларини тилаб қоламан.

Ҳафиза КАРИМОVA,

Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Огаҳий ижод мактаби олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan