Иқтисодий суд ишларини юритишда электрон далилларнинг аҳамияти
Иқтисодий суд ишларини юритишда электрон далилларнинг аҳамияти

Иқтисодий суд ишларини юритишда электрон далилларнинг аҳамияти

370 marta ko'rildi

Иқтисодий судларда видеоконференция режими асосида суд мажлисининг олиб борилиши, судларга EХSUD орқали мурожаат қилиш имкониятининг яратилганлиги замонавий ахборот технологиялари қўлланилишининг яққол мисоли бўла олади. Айни вақтда биз ҳаётимизни интернет, уяли алоқа телефони, компьютерларсиз тасаввур қила олмаймиз. Ўз навбатида, бу иқтисодий суд ишларида судьяларга электрон далилларни текшириш, тақдим этилган электрон далилларни текшириш, тақдим этилган электрон далилларда қарама-қаршиликлар вужудга келганда, уларни аниқлаш ва бартараф этиш вазиаси ҳам юкламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида судларда ишларни тўлиқ электрон тарзда шакллантириш ҳам назарда тутилган. Ишларни электрон тарзда шакллантириш қўл меҳнатини қисқартириш билан бирга, ишларни сақлаш, уларни юқори инстанция судларига юбориш, иш материаллари билан тарафларни таништириш, улардан нусхалар олиш каби процессуал жараёнларни сезиларли тарзда соддалаштиради.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қонунчилигимизда электрон далилларни рақамли, компьютер, электрон далилларга ажратиш мақсадга мувоиқ эмас. Зеро, рақамли, компьютер, электрон далиллар шаклан бир хил, фақат уларни ташкил этувчи дастурлар турличадир.

Электрон далилларнинг мақбуллиги Ўзбекистон суд тизимида муаммоли вазиятлардан биридир. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, суд амалиётида даъво аризасини қаноатлантиришни рад этилишининг асосий сабаби сифатида тарафларнинг мақбул далилларни тақдим қила олмаслиги асос қилиб кўрсатилади. ИПКнинг 72-моддасида қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас дейилган. Бироқ муаллифлик ҳуқуқининг бузилаётганлигини акс эттирувчи видео ёки аудио ёзув ёхуд веб саҳифалар иқтисодий суд ишларида судьялар томонидан далил сифатида албатта қабул қилиниши лозим деб ҳисоблайман.

Иқтисодий суд ишларини юритишда судьялар томонидан электрон далилларнинг мақбуллигига йўл қўйилмаслигининг асосий сабабларидан бири – уларнинг процессуал қонунчилигимизда аниқ кўрсатилмаганлиги ҳамда виртуал фуқаролик муносабатлар норматив ҳуқуқий ҳужжатларлар билан тартибга солинмаганлигидир. Айнан шу туфайли судга тақдим қилинган электрон далиллар судьялар томонидан баҳоланмайди ёки уларга нисбатан гувоҳлик кўрсатмалари, мутахассис фикри, эксперт хулосаси, яъни исботлаш воситалари ёрдамида исботланади.

Электрон далилларнинг мақбул эмаслиги уларни судга тақдим этишда тарафлар томонидан уларга нисбатан эътиборсизлик ҳолатларини келтириб чиқармоқда.

Электрон далилларнинг мақбуллигини таъминлашда уларнинг ҳар бир турини эътиборга олиш лозим. ИПК 168-моддасида аудио ва видеоёзувларни намойиш қилиш суд мажлиси залида ёки ушбу мақсад учун махсус жихозланган бошқа хонада амалга оширилади. Аудио ва видеоёзувлар намойиш қилинганлиги факти суд мажлиси баённомасида акс эттирилади деб баён қилинган. Иқтисодий процессуал қонунчилигимизда электрон далилларнинг аудио ва видеоёзувлар судлар томонидан мақбул далил сифатида қабул қилинади.

Электрон далиллар – электрон шаклдаги ёзув, чизма, белги, диаграмма, жадвал, харита, аудио ва видео ёзув ва бошқа кўринишларда бўлиши мумкин. Электрон далилларни туркумлаш уларнинг ҳар бирининг алоҳида ҳусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Электрон далиллар судлар томонидан тўғридан-тўғри қабул қилиш ҳолати мамлакатимизда деярли кам учрайди. Одатда, иқтисодий суд ишларида электрон далиллар шартномалар, ҳужжатлар, гувоҳнинг кўрсатмаларига қўшимча равишда қабул қилинади.

Электрон далиллар техника воситасида ишланганлиги сабаб, баъзан уларда инсон омилига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар учраб туради. Хусусан, интернет, маълумотлар базаси, файлларга вирус тушиши, электрон почтага спамларнинг келиши, электр тармоғининг ўчиб қолиши, интернет тармоғидаги техник носозликлар ҳам суд томонидан инобатга олиниши лозим. Спам ёки вирус кўринишидаги шартнома ўз-ўзидан суд томонидан далил сифатида инобатга олинмайди.

Бизнинг назаримизда электрон далилларнинг ҳуқуқий мақомини қонунчиликда акс эттириб, ИПКда электрон далилларга доир алоҳида нормаларни мустаҳкамлаш зарур.

ИПКда исботлаш ва далилларга бағишланган боб мавжуд бўлсада, бироқ ушбу бобда электрон далилларга оид махсус моддалар назарда тутилмаган. ИПКнинг 75-моддасида ёзма далилларга таъриф бериб ўтилган бўлиб, унга кўра, ёзма далиллар иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ишончлилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллардир дейилган. Процессуал қонунчилигимизда электрон далиллар ёзма далилларнинг бир тури сифатида акс эттирилган.

Электрон далилларга оид модданинг киритилиши иқтисодий суд ишларини қонуний ва асосли кўриб ҳал этилишига замин яратган бўлар эди. Электрон далилларни қабул қилиб олиш, текшириш ва баҳолаш тартибига оид нормалар ИПКда ўз аксини топиши лозим.

ИПКга электрон далилларга оид нормаларнинг киритилиши натижасида:

Биринчидан, тарафларнинг талаб ва эътирозларини асослайдиган фактик маълумотлар доираси кенгаяди. Тарафлар ўз талаб ва эътирозларини нафақат шартномалар, ҳужжатлар ва ашёлар билан асослаши, балки, электрон ёзишмалар, интернет, электрон ҳужжатлар, ИТ-дастурлари ва бошқа электрон воситалар билан ҳам тасдиқлаши мумкин бўлади;

Иккинчидан, электрон далиллар электрон суд иши тартибида юборилганда тарафларнинг вақти ва маблағини тежашга имкон яратади, яъни тарафлар электрон шаклдаги далилларни қоғозга чот этишга ва ўзларига тегишли бўлган далилларни судга олиб бориш каби харажатлар ва ортиқча вақт сарфлашнинг олдини олади;

Учинчидан, электрон суд ишини юритиш тартибида электрон далиллар юборилганида судларда иш ҳажмининг камайишига олиб келади;

Тўртинчидан, электрон далилларни жорий этиш электрон суд ишини юритишнинг такомиллашишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ИПКга юқоридаги нормаларнинг киритилиши иқтисодий суд ишларини тез ва осон ҳамда қонуний ҳал қилинишига замин яратган бўлар эди.

Х.РАҲИМОВ,

Шовот туманлараро

иқтисодий суди судьяси .   

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan