Инвестициявий ва рақобатга оид ишларни кўришнинг ўзига  хос хусусиятлари
Инвестициявий ва рақобатга оид ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Инвестициявий ва рақобатга оид ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

289 marta ko'rildi

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммолар, хусусан судларда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Фармон талаби билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида йирик инвесторлар иштирокидаги  инвестициявий низоларни  ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби – инвестициявий таркиб тузилиши белгиланиб, унинг зиммасига 20 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция  киритган йирик инвесторларнинг ва давлат органлари  ўртасидаги инвестициявий низоларни ҳамда  рақобатга оид ишларни кўриш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан иқтисодий судлар томонидан инвестициявий ва рақобатга оид ишларни кўришда бир қатор ўзгаришлар юз берди.

Жумладан:

– Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 30¹ ва
30²-моддалари билан бойитилди;

– ушбу Кодекснинг 32-моддаси эса янги таҳрирда баён қилинди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, 30¹-моддага асосан инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;

2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;

3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;

4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;

5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар.

Шунингдек, Кодекснинг 30²-моддасига кўра, юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши белгиланди.

Бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади.

Судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил
3 сентябрдаги ПҚ-4818-сонли қарорининг 5-бандида 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш тартибини жорий қилиш вазифаси белгиланган эди.

Бунинг самараси ўлароқ Олий суднинг Интерактив хизматлар порталида жойлаштирилган “Мурожаат” рукни орқали манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни судларга электрон шаклда юбориш, уларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш ва суд қарорларини электрон шаклда олиш имконияти яратилди.

Хушнуд РАҲИМОВ

Шовот туманлараро    иқтисодий судининг судьяси.  

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan