А.Навоий таваллуди олдидан
А.Навоий таваллуди олдидан

А.Навоий таваллуди олдидан

356 marta ko'rildi

 Алишер Навоий  дунё тан олган мутафаккир

      Бутун турк дунёси Алишер Навоийни «шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имконият-ларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир. У ҳақидаги биографик маълумотлар, ёзмишларининг деярли барчаси тўлиқ сақланиб қолган. Халқ ичида бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ривоят ва афсоналар ҳам талайгина.

Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлаганлар. «Низомиддин» — дин низоми деганидир. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган «мир» — амир демакдир. Чунки у Ҳусайн Бойқаро саройидаги энг нуфузли амир бўлган. Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни «Ғиёсиддин кичкина» ҳам дер эдилар) темурийларга яқин амалдорлардан бўлиб, ўз даврининг обрўли ва маърифатли кишиларидан саналган. Адабиётшунос Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, у ўғли Алишернинг тарбиясига, келажакда фазилатли одам бўлиб етишмоғи учун астойдил ҳаракат қилган.  У савод чиқарди, шеър ўқиш ва ёд олиш, шеър битишга болаликдан ҳавас уйғонди. Кичик мактаб ёшида форс шоири Фаридиддин Атторнинг катталар ҳам тушуниши қийин бўлган «Мантиқ ут-тайр» достонини форс тилида ўқиб ҳам уқиб ёд олгани унинг ёшлик истеъдодининг муҳим қирраларидан эди. Ўзбекча шеърларига «Навоий», форсча шеърларига «Фоний» тахаллусини қўйди.

Ўсмирлик даврларида Алишер ўқишда ва ёзишда тиним билмас, шеър мутоаласидан чарчамас эди. «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида ўзининг ёшлик чоғида машҳур ўзбек ва форс шоирлари назмидан 50 минг байт (100 минг мисра) шеърни ёд билганини сўзлайди. Болалик вақтларидаёқ ўз даврининг Амир Шоҳий, Лутфий, Камол Турбатий каби шоирлари билан яқиндан алоқада бўлди. Отаси вафотидан сўнг таниқли илм ва адабиёт, санъат арбобларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад кабилар оталик қилдилар. Сабзаворлик олим ва шоир Дарвеш Мансурдан аруз бўйича таълим олди.

Буюк адиб умрининг охирига қадар илм-у ижод билан қизғин ва самарали шуғулланди. Шарқда ўтган машҳур шайхлар, сўфийлар ҳаёти ҳақида маълумот берувчи «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») асарини ёзиб тугатди. Сўнг умр бўйи хаёлини банд этган «Лисон ут-тайр»ни қоғозга туширди. Бошқалар билан олиб борган ёзишмалари — хатларини тўплаб «Муншаот» («Хатлар») тузди. 1500-йилда буюк му-тафаккирнинг яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги қарашларини ўзида ифодалаган «Маҳбуб ул-қулуб» («Кўнгилларнинг севгани») асари майдонга келди. Бу буюк адибнинг сўнгги асари эди.  Алишер Навоий 1501-йилнинг 3-январида вафот этди.

Алишер Навоийнинг ўз даврининг буюк мутафаккири, сўз устаси бўлиши билан бирга, кишиларга яхши сўз билан таъсир эта билиш санъатини жуда қадрловчи, улуғловчи, бундай санъат усталарига эътибор қилиб, эҳтиром кўрсатувчи шахс бўлган. Шу пайтгача дунё адабиётида улуғ мутафаккир бобомизчалик бирон ижодкор ўз ижодида кўп ва хўб сўз ишлатган эмас. Жаҳон адабиёти намоёндаларидан А.С.Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз,  Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин сўз ишлатган бўлса, бобомиз Мир Алишер Навоий ҳазратлари  эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган, улуғ бобокалонимиз меросининг ёшлар хаёти ва фаолиятида аҳамияти беқиёсдир.

Р.ВАПАЕВА,

            Республика Маънавият ва маърифат маркази

                      Урганч тумани бўлинмаси раҳбари

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan