Бугун Қўшкўпир тумани ахборот кутубхона марказида таниқли шоир, публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таржимон Матназар Абдулҳаким таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан маънавий маърифий тадбир ва давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда таниқли ижодкорлар, Матназар Абдулҳаким замондошлари Эркин Эрматов, Меҳрибон Тиллаева, Болтабой Матқурбонов ва шоирнинг қизи Латофат Абдулҳакимова ва 1-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати директори Нураддин Машариповлар иштирок этди. Республика маънавият ва маърифат маркази Қўшкўпир туман бўлинмаси ҳамда 1-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўқувчи-ёшлар ижодкорнинг қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқидилар. Унинг босиб ўтган ибратли умр йўли ҳақида замондошлари Эркин Эрматов, М. Тиллаевалар сўзга чиқиб, шоирнинг ҳар бир қатра шеърига жо бўлган олам-олам маънолар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, тадбирда шоирнинг қизи Латофат Абдулҳакимова ҳам сўзга чиқиб шоир ижодхонаси, шеърларининг ёзилиш тарихи, оила даврасида ўтган қизиқарли воқеалар ҳақида гапириб берди.
Дарҳақиқат, Матназар Абдулҳаким ижод бўстонининг бир марвариди ва такрорланмас даҳоси эди. Уни билган инсон борки ундаки чин инсоний фазилатларни қалбида бир илиқлик билан хотирлайди. Бугун ижодкорнинг босиб ўтган ибратли умр йўли тарих зарварақларида олтин харфлар билан ёзилажакдир. Зеро, Матназар Абдулҳакимни билиш, уни идрок қилиш ҳар бир хоразмлик учун фахр ва ифтихордир.
Тадбир якунида Л. Абдулҳакимова 1-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати кутубхонасига ижодкорнинг энг сара асарларини совға қилди.