Одатий бўлмаган кунларнинг бирида Шария шаҳрига саҳро тарафдан бир дарвеш ташриф буюрди. Унинг эгнидаги ҳирқаси ва қўлидаги асосидан бошқа айтарли нарсаси йўқ эди. У Шария шаҳрини телбаларча айлана-айлана ажиб бир гўзалликга эга бўлган масжидлари, хонақоҳлари ва саройларини томоша қиларди. Йўлдан ўтган-кетган йўловчиларни саволга тутар, кўрганлари ҳақида ҳамин қадар билишга урунарди. Дарвеш асир вақтига яқин вақтда мармардан тикланган улкан бир бинонинг остонасида тўхтади. Одамлар карвони бу ердан узилмас, тинимсиз равишда кириб-чиқишарди.
«Эҳтимол, бу жой масжиддир», — саҳройи шундай ўй ичида ичкарига одимлади. Аммо ичкарига кириши билан залдаги аёл ва эркакларни кўриб таажжубланди. Улар турли хил таомларни тановвул қилар, баланд овоздаги мусиқага мос тарзда тебранишарди.
«Йўқ-йўқ, — деди дарбадар ўзига ўзи, — булар ҳеч ибодат қилаётганга ўхшашмайди. Бу, балки, қайсидир шаҳзоданинг хушхабар арафаси учун ташкил қилинган базмидир…»
Шундай ўйлаб турганида шахзоданинг хизматчисига ўхшаш сипо кийинган бир одам уни дастурхонга таклиф қилди. Кейин унга энг лаззатли овқатлар, шаробу ширинликлар тақдим қилинди. Қорнини тўқлаб олгач ўрнидан қўзғалиб, кетишга ҳозирланди. Уни эшик оғзида ўта дабдабали кийимдаги баланд бўйли бир киши қарши олди.
«Эҳтимол, бу шаҳзоданинг ўзидир», — саҳройи бир сонияга ўйларини бузиб, унга таъзим айлаб миннатдорлигини билдирди.
Бўйдор бу одам унга ўз шаҳрининг тилида важоҳат билан: — Оға, сен таом пулини тўламадинг, — деди. Бироқ, дарвеш унинг гапини тушунмасдан яна миннатдорлик билдириб эгилди. Баланд бўйли одам уни бошдан-оёқ кузатиб бу бечорада пул йўқлигини тушунди. Кафтини кафтига уриб кимнидир чорлади. Бу чорлов тугаб улгурмасданоқ унинг ёнида 4 та хизматкор пайдо бўлди. Хўжайин амрини тинглашдию саҳройини хибсга олишди. Уни хибсхона сари ҳар тарафидан икки хизматкор қўлтиқлаб борарди. У аввал бу икки ўсмирнинг кийим-бошини, сўнгра виқорла қадам ташлашини кўриб янада ҳайратга тушди.
«Кўринишидан булар отли-обрўли одамлар менимча», — ўйлади яна.
Улар биргаликда хибсхонага киришди. У ерга кириши биланоқ оппоқ соқолли, серҳашам тўндаги кишининг тахтда ўтирганини кўриб бадтар ҳаяжонланди, ўйладики ҳукмдор ҳузуридаман, ҳатто бу учун юзидаги ним табассум билан қувонганини билдиришни ҳам унутмади.
Икки хизматкор аслида қози бўлмиш бу одамнинг ҳузурига келтирилган бу дарбадарнинг айбини айтишганида, у бу иш учун икки масъул одамни тайинлади, истадики буларнинг бири уни қораласин, бири эса оқласин. Улар ҳам бир-бир ўрнидан туриб ўз далил-иддаоларини айтишга тушишди.
Бироқ саҳройи учун улар худди бири олиб бири қўйиб табрик сўзлаётгандай туюлди, ҳамда унинг ҳукмдорга нисбатан бутун қалби миннатдорлик ва қувонч туйғуси билан тўлиб-тошди.
Сўнгра ҳукм ўқилди. Бу қарорга мувофиқ гуноҳкорнинг бўйнига тахта лавҳача осишади ва эгарсиз отга миндириб шанғир-шунғурлар садоси остида бутун шаҳарни айлантиришади.
Гуноҳкор от устида шаҳарни кездирилаётган пайтда шаҳарликлар шанғир-шунғурлар овозига ёпирилиб кела бошлашди, олқишлаётган каби қўлларини кўтариб қарғанишди, болалар эса ортидан саф-саф бўлиб қийқириб югуришди. Саҳройининг юраги бадтар миннатдорлик ва севинчга бурканди, кўзлари ёлқинланди, гўёки унинг фикрича бўйнига осилган лавҳа ҳукмдорнинг унга мукофотидан далолат, бу сайр эса унинг шарафига уюштирилмоқда.
У шу вақт оломон орасида ўзи каби яна бир саҳроийга кўзи тушди. Қалби шодликдан тоғга айланиб, от устидан унга бақирди:— Эй, дўстим! Билсанг, айтчи, биз қаерга келиб қолдик? Бу қандай саодатли кун? Қара, бу ерда қанча саҳоватпеша одамлар бор. Тасодифий одамни саройида меҳмон қилишади, шаҳзодалар шарафига зиёфат беришади, ҳукмдор эса олий нишон билан мукофотлайди, бу не сир-синоат дўстим, Оллоҳнинг лутфи бўлган бу оломон ҳам уни бир кўрмоқ илинжида кўчага чиқади, камига қўллари қабаргунча олқишлайди.
Бироқ саҳродан келган ўша одам унга бирор сўз демади. Фақатгина табассум қилиб, калласини енгилгина кўзғади.
Маросим эса ҳамон давом этарди.
Саҳройи бошини мағрур кўтарган, кўзлари севинчдан бадтар чарақлаб борарди.
Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси