БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН КАТҚАЛЪА
БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН КАТҚАЛЪА

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН КАТҚАЛЪА

466 marta ko'rildi

1.Қалъа тарихига бир назар

 Хоразмда узоқ тарихга эга бўлган тарихий обидалар, табаррук қадамжолар, қалъалар жудаям кўп. Бу қалъаларнинг катта кўпчилиги Шовот туманида жойлашган. Шулардан ўзининг тарихийлиги ва қадимийлиги билан ажралиб турувчи қалъалардан бири қадимий Катқалъаси ҳисобланади.

Шўро даври. Академик С.П.Толстов, Яҳё Ғуломов ва Исо Жабборовлар қалъа тарихига оид қимматли маълумотларни аниқлаганлар. Жумладан, академик Я.Ғуломов ўз тадқиқотларида Анушахон ҳеч қандай янги канал қаздирмаганлигини балки у ўрта аср манбааларида таъкидланган Буве ва Вадак деб номланган ташландиқ каналларни кенгайтириб, чуқурлаштиргани, уларга Ёрмиш, Шоҳобод деб ном берганлигини қайд этади. Катқалъанинг пайдо бўлишини тадқиқотчилар Авесто даври билан боғлайдилар. Кат қалъа тарихини ўрганишда 1974 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қорақалпоқ филиалининг М.Мамбетуллаев бошчилигидаги археологик отряди (аъзолари–Ю.Манилов, А.Юсупов, Г.Хўжаниёзов) маданий қатламларни очиб, қолган жойларда тозалаш ишларини олиб борди ва шу билан бирга шаҳарнинг стратиграфияси хронологиясини аниқлаш учун икки жойда (шимолий шарқий, марказий қисмда) шурф солинди. Бу тадқиқотларнинг натижалари илмий тўплам сифатида нашр қилинган. Унга кўра шаҳар бой маданий қатламларга ва мураккаб понографик тузилишга эга эканлиги аниқланди. Тадқиқот натижалари шаҳарда тўрт ҳаётий босқичи мавжуд бўлганлигини кўрсатди.

Булар қуйидагилар:

1 – босқич. Милоддан аввалги IV- III асрлар

2 – босқич. Милодий VII–VIII асрлар

3 – босқич. IX–XI асрлар

4 – босқич. XVII–XIX асрлар

Тадқиқотчи олимлар қалъа тарихининг тўрт даврини ўз ичига олган сопол идишлар,тақинчоқлар, пул тангаларни ҳам топадилар. 2005–2007 йилларда шаҳарда археологик тадқиқотларни тарих фанлари номзодлари Қ.Машарипов, С. Давлатов, Қ. Собиров ва Б. Саъдуллаевлар олиб бордилар. Қазиш, тадқиқот ишларига кўра Кат қалъада қишқи, ёзги масжид бўлиб, унинг ёнбошидан пахса девор юрилган. Масжидлар пойдевори пишиқ ғиштлардан қуйиб чиқилган. Қишқи масжид ичида меҳрав ва 16 та устун тагкурси борлиги маълум бўлди!

Илмий тадқиқотчилар яна шуларни ёзадилар:

«Масжиднинг шимолий қисмида ёзги масжид ва битта хона ҳамда ташқарига чиқадиган йўлак очиб ўрганилди. Шунингдек бутун девор бўйлаб масжиднинг умумий режалаштирилишини аниқлаш учун тозалаш ишлари олиб борилади. Ёзги масжиддан қишқи залга учта эшик орқали кирилган. Деворлар ва пол ганч сувоқлар билан сувалган. Деразалар ўйма ганч панжаралардан иборат бўлган. Бу ердан асосан XVIII–XIX асрларга оид сопол буюмлар топилди».

Илмий рисолада аввал қалъа атрофи чуқур ҳандаклар, мудофаа деворидан иборат бўлганлиги ҳам қайд этилади. Бу илмий изланишларнинг ҳаммасида Катқалъа Анушахон давридан анча аввал бунёд этилгани асосли равишда қайд қилинган.

Қадим замонларда аҳоли савдогарлик, майда ҳунармандчилик билан шуғуллангани боис қалъа ичида яшаганлар ва унинг ташқарисида деҳқончилик қилганлар. Давр, замон ўтиши билан аҳоли сони ошиб, улар қалъа атрофларидаги ерларда ризқ-насиба етиштириш, чорва моллари асраш билан ҳам шуғулланадилар, ўзларига турар-жой бинолари қуриб ола бошлайдилар – бора-бора қалъада аҳоли сони камая бошлайди.

Шўро инқилоби даврида коллектив-жамоа хўжаликлари тузиш сиёсати қалъанинг инқирозини яна тезлаштиради. Қанча асрлар аҳолига иссиқ ошиён бўлиб келган гўша 1964 йилда Отахон Қурбоновнинг қалъани ташлаб чиқиши билан бу маскан бутунлай ҳувуллаб қолади. Аҳоли қалъадан узоққа кетмай Катқалъа, Беклар, Олтинқалъа, Кўраклар, Ботирлар, Оқ масжид, Шихлар, Тўқмоқли элатларидан маскан тутадилар. Катқалъа мустақиллик туфайлигина ўзининг қадимги номини топди ва Катқалъа қишлоғи деб атала бошланди.

Катқалъадан Авесто даврига оид ҳосилдорлик ва сув маъбудаси Анахита хайкалчасини топилиши унинг тарихи нақадар қадимийлигидан далолатдир. Қалъа Анушахон даврида қайта қурилади ва мустахкам истеҳкомга айлантирилади. Азалдан маълумки инсонлар Амударё ва унинг ирмоқлари бўйларига кўчиб келиб яшаганлигини назарда тутадиган бўлсак,Катқалъа ҳам Анушахон томонидан қайта қаздирилган Ёрмиш каналининг бўйида жойлашганлиини гувоҳи бўламиз.

Қалъа трапеция шаклида қурилган бўлиб унинг умумий майдони 10 гектарни ташкил этади. Пахса деворлари учун Ёрмиш каналини қазишда чиққан лойидан фойдаланилган.Деворларининг баландлиги 10-15 метр баландликда Хива қалъаси деворлари усулида қурилган. Қалъа ичида 1500 га яқин аҳоли истиқомат килган.Аҳоли қалъадан ташқарида ҳам яшаган бўлиб ёв босқини даврида қалъадан паноҳ топишган. Катқалъани хонликлар томонидан қўйилган беклар бошқарган.

Ҳурматли ўқувчи мана сиз қадимий Катқалъаси ҳақида оз бўлсада тасаввурга эга бўлдингиз. Бизни ушбу қалъани кейинги тақдири қизиқтирганлиги боис ушбу мақолани кенг жамоатчилик хукмига хавола этаётирмиз.

Ушбу қишлоқлик тарих билимдони нафақадаги ўқитувчи Илҳом Пиров билан қалъани кўздан кечирамиз. Қалъа тамомила чўкиб қолган.Бир иккита жойида паҳса деворлари туя ўркачидай қаддини тик тутиб турганлигини хисобга олмаганда инқирозга юз тутган. Унинг тагида ҳали биз билган ва билмаган қанчалик сир синоатлар яшириниб ётибди. Хозирда қалъа ичига аҳоли томонидан аҳлат ташлаш ҳолатлари учраб турганлиги табингизни хира қилади.Ахир ўзларининг аждодлари кадами теккан бу табаррук заминни булғаш гуноҳ эмасми?

Катқалъанинг шундоқгина олдида хавзалар бўлиб маҳаллий аҳолининг айтишига қараганда унинг шўр суви ва балчиғи бел оғриқ, оёқ оғриқ каби касалликларига даво бўлган. Маҳаллий аҳоли қалъа деворларига қўйилган хом ғиштларни ҳам қайта лой ҳолига келтириб баъзи бир касалликларга даво сифатида ишлатишаётгани ҳам бор гап.

Катқалъа ўзининг тадқиқотчиларини кутиб ётибди.Бир пайтлар тўғрироғи 2013 йилда Ўзбекистон Призедентининг 20- мартдаги ПП-1940 сонли калъани туристик йўналишига қўшиш ҳақида қарори чиққан бўлиб қалъага борувчи йўлни асвалтьлаштириш, қалъа атрофида дўконлар куриш ва калъани реставрация қилиш ҳақида гап кетганди Аммо амалда шу ишларнинг яримиси ҳам бажарилмади хисоб. Калъанинг олд қисмида тадбиркорлар томонидан дўконлар қурилди. Йўл асвалть қилинди, аммо қалъани реставрация қилиш ишлари бўлса қолиб кетаверди.

Яқинда Хоразм Маъмун академияси экспедицияси Катқалъа археологик ёдгорлигида тадқиқот ишларини ўтказишни бошлади.

Дастлабки изланишлар натижасида илк антик (мил.ав. IV-III асрлар) ва сўнгги антик даврга оид (мил. II-IV асрлар) меъморий иншоотлар қолдиқлари аниқланган. Кўплаб сопол буюмлар, мармардан ишланган идиш қолдиқлари ва шаҳар ҳаётининг кейинги босқичларига доир сопол бўлаклари ҳамда мис узук топилган. Изланишлар давом этмоқда.

КАТҚАЛЪАГА КЎК ҚАРҒА ҚАЙТДИ.

Катқалъа…

Салкам 10 гектар майдонни эгаллаган,бугунги кунларга келиб инқирозга юз тутган шўрлик қалъа. Қадим Авесто давридан ёдгор бўлиб қанчадан-қанча аждодларимизга бошпана бўлган истеҳком қалъа.

Қадимий Катқалъанинг пайдо бўлиши эрамиздан олдинги даврларга бориб тақалади. Айтишларича ҳозирги қалъа эса учинчи марта қурилган қалъанинг харобаларидир.

Хива хони Анушахон (1663—1683) томонидан қайта қурилган қалъада 1960 йилларгача одамлар истиқомат қилиб келишган. Ундан кейинги даврларда қалъага эътибор сусайиб хароба аҳволга келиб қолган. Айниқса собиқ иттифоқ даврларида қалъа мотопойгачилар учун пойга майдони бўлиб ҳизмат қилган бўлиб қалъа тепаликлари ер билан битта бўлиб қолган.

Кўпдан Катқалъани бир зиёрат қилиш ниятим бор эди. Илҳом Пиров билан калъа ичини айланарканмиз, ҳаёлан қалъада одамлар яшаган даврларга қайтамиз.

-Мана бу ерда катта ибодатхона бўлган.Унинг сал нарисида қозихона ва қалъа бегининг ўрдаси жойлашган,-дейди Илҳом оға қўли билан кўрсатиб.-Қалъанинг анаву бурчагида иккита қудуғи бўлган.

Кўхна қалъа харобалари устига кўкқарға келиб қўнди ва бизнинг эътиборимизни тортди. Илҳом оға мени дарров суратга олишга ундади. Мен ҳам бу ноёб қушни кўп вақт бўлди кўрмаган эдим. Дарҳол суратга олдим. Гарчи кўкқарға биздан 50-60 метрлар узоқда бўлсада икки уч мартадан суратга олишга улгурдим.

Отам раҳматлик эрта баҳорда деҳқончилик қилишдан олдин одамлардан ”кўк қарға кўриндингларми “деб сўрарди. Одатда кўқарға келиши билан кунлар исиб деҳқончилик мавсуми бошланиб кетар экан. Эрта баҳордаги совуқ, шамол, ёмғирнинг бўлиши бу кўк қарғанинг қойи дер эди отам.У келганидан кейин кузакда кўмиб қўйилган ток, анжир , анорлар очилиб таглари чопилиб суғориларди.

Энди кўкқарға ҳақида икки оғиз. Кўк қарға Европа, Осиё ва қисман Африканинг шимолида тарқалган. Ўзбекистонда кўк қарға август ойларининг ўрталаридан бошлаб қишлаш учун иссиқ ўлкаларга учиб кетади ва апрел ойининг ўрталарида яна қайтиб келади. У боғ ва тўқайзорларда, дарахтсиз очиқ ерларда, чўл ва жарларда макон тутади. Уясини жарлардаги кавакларга, қудуқ деворларига, иморатларнинг тешикларига қуради. Май ойида 5-6 дона тухум қўяди. Тухумдан чиққан палопонларини эркаги билан бирга боқади. У ниначи, қўнғиз, чигиртка ва бошқа ҳашоратлар билан озиқланди.

-Бу жойларда қадим кўк қарғалар жуда кўп бўларди,-дейди шу ерлик отахон Олимбой хожи ота.-Яқин беш олти йил ичида умуман кўринмай қолган эди,яна келибдида.

Ҳа, қадимий Катга яна кўкқарға келди. Бу балки яхшиликлардан даракдир. Катқалъага хукумат доирасида эътибор берилмаса унинг қайтадан барпо этилиши гумон.Ўйлаймизки яхшиликлар эш бўлиб мутасаддилар бу масалани яна чуқурроқ ўйлаб кўрсалар фойдадан ҳоли бўлмайди. Катқалъанинг обод бўлиши улуғ аждодларимиз рухларига ҳурмат бўлса, бу ерга сайёҳларнинг келиши даромад манбаидир.

 

Болтабой Матқурбонов,

журналист.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan