Экологик маданият — экомуаммоларнинг олдини олиш омили
Экологик маданият — экомуаммоларнинг олдини олиш омили

Экологик маданият — экомуаммоларнинг олдини олиш омили

331 marta ko'rildi

Бугун бутун дунёда экологик муаммолар авж олиб, инсоният ҳаётига, саломатлигига катта зарар етказмоқда. Дунё давлатлари экологик муаммоларни бартараф этиш борасида қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экология соҳасидаги қатор муаммоларнинг олдини олиш, уларнинг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган вазифаларни бажаришда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, туманимизда экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштирокининг фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш, бу борада қабул қилинган қонунлар ҳамда қарорлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг бош мақсадидир.

Албатта, инсоният тамаддунининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва наботот олами инсон ҳаётий фаолияти учун зарур эҳтиёж манбаи бўлиб келган.

Дарҳақиқат, инсоният олдидаги долзарб вазифалардан бири — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик ҳисобланади. Ахир экологлар яқин 50 йилда сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик қарийб 50 фоизга камайиши ва бу аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида бизни бежиз огоҳлантирмаяпти. Буни сайёрамизда инсон томонидан ҳосил қилинган чиқинди миқдори табиий пайдо бўладиган миқдорга нисбатан 2 минг баробар кўплиги, ҳайдаладиган ерларнинг 40 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун мутлақ яроқсиз ҳолга келтирилганидан ҳам англаш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатда турларнинг ривожи бамисоли занжирдек бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Мухтасар айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

    М.Раҳимова,

Ўзбекистон Экологик партияси

Қўшкўпир тумани Кенгаши раиси       

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan