Шовотлик қаҳрамон йигит
Шовотлик қаҳрамон йигит

Шовотлик қаҳрамон йигит

868 marta ko'rildi

Сарварбек асл Шовот фарзанди эди. Бу эл ўзининг вилоят ва республикага номи машҳур бўлган ажойиб фарзандлари билан яхши таниш. Уч республика халқ артисти Комилжон Отаниёзовни айтасизми ёки узоқ йиллар Хоразм вилоятини бошқарган ажойиб раҳбар Мадиёр Худойбергановни айтасизми ёки айни навқирон ёшида  адабий жамоатчиликка танилиб улгурган Баҳодир Содиқни айтасизми. Ҳа, улар ҳам  ана шу замин фарзандлари эди.

Сарварбек эндигина ўттиз баҳорни қаршилаган бўлиб, дунёнинг бир бурчига эндигина келиб, ишлайман, ҳаётда ўз ўрнимини топаман, эл-юртимга хизмат қиламан деган бир пайтда бахтсиз тасодиф туфайли бу ёруғ оламни тарк этди.

2023 йилнинг 17 ноябрида интернет нашрларида шундай совуқ хабар тарқалди.

“2023 йил 17 ноябрь куни соат 20:15 да Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига тегишли “Ми-8” вертолёти “Каттақўрғон” полигонида ўқув парвозини амалга ошираётганида ҳалокатга учради. Фожиа оқибатида вертолёт экипажи ҳалок бўлди. Айни вақтда ҳодиса жойида Махсус комиссия авария сабабларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги”

Ушбу экипаж орасида шовотлик мард йигит Сарварбек Артиқов ҳам бор эди.Афсус.Минг афсус.

Аммо, бариси Аллоҳдан. Умри куни шу экан. Аллоҳнинг иродаси. Инсон ҳар бир нарсага ,ҳар бир бахтсиз тасодифларга дуч келиши мумкин. Буни ҳеч ким билмайди.Фақат бу  Яратгангина аён. Шу маънода биз фақат ва фақат Сарварбекнинг жойлари жаннатдан бўлишини, яқинларига сабр беришини Аллоҳдан сўраймиз.

Сарварбек 1993 йилда Шовот туманида таваллуд топган..Отаси Ҳамдам Тоҳиров токарь, онаси Альфия опа уй бекаси. Улар оилада беш нафар фарзанд эдилар. 4 нафар қиз ва бир нафар ўғил-Сарварбек. Ота-она ўз фарзандларини ўқимишли, олий маълумотли қилишди. Эл-юрт корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялашди. Сарварбек тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларга тамомлагач учувчи бўлиш учун шу соҳа бўйича ўқиди, олий маълумот олди. Харбий хизматда бўлди. Ҳаммаси яхши кетаётган эди…

Сарварбекни халок бўлганини эшитиб, жуда қайғурдик, у жуда иқтидорли ўқувчиларимиздан эди, раҳматлик. Устоз мен учувчи бўламан. Самоларда учаман. Насиб этса Шовотимизнинг устидан учиб ўтиб сизларга салом йўллайман дегувчи эди. Биз уни асло унутмаймиз. У доимо биз билан, қалбимизда, юрагимизда. Унинг руҳи самоларда учиб юрибди.

Сарварбекдан ёдгор бўлиб  бир фарзанди қолди. Аёли яна ҳомиладор эди. Илоё, бу фарзанди эсон омон туғилиб унинг эзгу ишларини давомчилари бўлишсин.

Устозлари унга атаб шеър ҳам битишга улгуришибди.

 

ШОВОТНИНГ ҚАҲРАМОН  ФАРЗАНДИ САРВАРБЕККА

Ўқувчимиз,қаҳрамон, Aртиқов Сарварбек Ҳамдам ўғлининг ёрқин хотирасига бағишланади.

Юрт чорлади хизматига «лаббай» дединг,

Ўзинг ғаминг қолиб, Ватан ғамин единг,

Ўттиз ёшда яқинларинг зор қақшатиб,

Жоним укам, шаҳид бўлиб кетдингми, сен?

Фирдавс, жаннат боғларга етдингми, сен?

 

Онажонинг кўзларини ёшлаб кетдинг,

Отажонинг сочига оқ ташлаб кетдинг,

Осмонларда учишни хуш кўрар единг,

Жоним укам, шаҳид бўлиб кетдингми, сен?

Фирдавс, жаннат боғларга етдингми, сен?

 

Тўрт опачанг зор-зор йиғлаб қолдиларку,

Юрак бағрин тиғлаб-тиғлаб қолдиларку,

Сарваргинам  дея фиғон солдиларку,

Жоним укам, шаҳид бўлиб кетдингми, сен?

Фирдавс, жаннат боғларга етдингми, сен?

 

Дунё ўзи бир кам эмас, минг кам экан,

Синов экан, чекканинг ғам-алам экан,

Ожиз банда армони бир олам экан,

Жоним укам, шаҳид бўлиб кетдингми, сен?

Фирдавс, жаннат боғларга етдингми, сен?

 

Суратингга боқсак кўзда ёш-жоламиз,

Тинч ёт укам, фарзандинг бизнинг боламиз,

Қодир Аллоҳ сабр бер, тинглаб ноламиз,

Жоним укам, шаҳид бўлиб кетдингми, сен?

Фирдавс, жаннат боғларга етдингми, сен?

 

Яхши эдинг юрмадинг сен ёмон билан,

Хамнафсдинг  даврон билан,замон билан

Шаҳид кетдинг бу дунёдан армон  билан,

Жоним укам, шаҳид бўлиб кетдингми, сен?

Фирдавс, жаннат боғларга етдингми, сен?

Камола Махмудова,

25- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

20.11.2023 йил.

Зебо Полвонова,

Шовот туманидаги 25-умумтаълим мактабининг директори.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan