“ARDA KHIVA”–ЯНГИ ШАҲАРЧА
“ARDA KHIVA”–ЯНГИ ШАҲАРЧА

“ARDA KHIVA”–ЯНГИ ШАҲАРЧА

294 marta ko'rildi

Урганч шаҳридан  Хивага қараб йўлга чиқсангиз, музей шаҳарга тўрт, беш  километр қолмасдан  йўлнинг ўнг томонида гўзал бир шаҳарча қад ростлаётганига кўзингиз тушади. Бу ҳам қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрининг  ўзгинаси, фақат фарқи унинг замонавийлигида. Шаҳарчанинг номи “Arda Khiva”деб аталади. Бу нима дегани? Бу ном хаёлингизни бирдан узоқ узоқларга олиб кетади.

“Arda Khiva” бу порт шаҳар Хива дегани. Нега энди порт шаҳар. Қани унда бу ерда денгиз ёки дарё. Қани унда кемалар. Шу каби саволлар дарров хаёлингизга келиши табиий.

Хоразм вилоятининг бош  меъмори бўлиб ишлаган, бугунги кунда  ҳам нафақага чиққан бўлишига қарамай шогирдларига иш ўргатиб, бундай чиройли меъморий обидаларни тархини чизиб, бунёд этилишига бош-қош бўлаётган Комилжон ака Матчоновнинг ҳикоя қилишича  бир пайтлари Хиванинг шундоққина ёнгинасидан Амударё оқиб ўтган. Қадим бу дарё Каспий денгизига қуйилганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Ушбу қурилаётган шаҳарчанинг ёнгинасида умумий майдони 150 гектар бўлган катта Ғовик кўл мавжланиб ётибди.Тарихнинг шоҳидлик беришича бу кўлни бир пайтлари “Ғов” дарёси деб ҳам атаганлар. Бизга шу пайтгача Ғовик кўлининг пайдо бўлишини  Хива Ичонқалъаси обидалари учун лой олинган жой деб келишган. Бу ер шундан кўл бўлиб қолган дейишарди. Аммо олимларнинг  сўнгги изланишлари самараси ўлароқ Ғовик кўли қадим Амударёнинг ўрни бўлган.Амударёнинг бурилиш жойларида Ғовук кўлга ўхшаган катта-катта кўллар сақланиб қолганлигини кўришимиз мумкин. Ғовук кўли ҳам шундай дарёнинг ташлаб кетган жойларидан биридир.

Биз Буюк ипак йўли деганимизда туялар карвони кўз олдимизга келади. Кўзимиз эса шунга ўрганиб қолган.Аммо Хоразмда қадим Буюк ипак йўли  кемалар ёрдамида, сув йўли орқали амалга оширилганидан бехабармиз. Хива ана шу ипак йўлининг порт шаҳарларидан бир бўлган. Бу ерда кемаларда савдогарлар узоқ-узоқлардан ўз молларини олиб келиб Хива бозорларида сотишган. Хивадан ўз вақтида керакли бўлган молларни олиб кетиб ўз юртларида савдо қилишган. Шунда ҳозирги Ғовик кўл ўрнида кемалар тўхтайдиган порт бўлган. Шунинг учун ҳам мазкур шаҳарчани “Arda Khiva” деб қўйилишида ҳам рамзийлик бор.

Хива шаҳрига яқин “Arda Khiva”шаҳарчасининг қурилиш ғояси аслида Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. Бундан тўрт йиллар олдин Юртбошимиз Хоразмга ташрифи чоғида бу мавзуга тўхталган экан. Ҳақиқатан ҳам Хоразмнинг тарихи жуда узоқ узоқларга бориб тақалади. Биз Хивани томоша қилиш учун келаётган сайёҳларга фақат шаҳарнинг 400 йиллик тарихини кўрсата оламиз. Ундан олдинги тарихиничи? Йўқ. Дунёнинг турли бурчакларидан Хивани кўриш учун келаётган хорижлик сайёҳлар Ичонқалъани томоша қилишадию кетишади. Ё бир кун ё икки кун меҳмон бўлишади. Хоразмнинг тарихини ўзида яққол акс этириувчи шундай бир шаҳарча бунёд этиш керакки келаётган сайёҳ уни ҳам томоша қилсин, мароқли хордиқ чиқарсин. Шу билан Хоразмга сайёҳатини уч тўрт кунга чўзсин.

Ҳақиқатан ҳам шундай Хоразмга сайёҳлар оқими нечоғлик кўп бўлса бу халқимиз учун фойда. Кўпгина мамлакатларни биламиз фақат сайёҳлардан тушаётган тушум асосида анча ривожланиб кетган.

Энди “Arda Khiva” шаҳарчаси ҳақида гапирсак.Ушбу мажмуани қуришдан олдин воҳанинг меъморлари ва мутасадди ташкилот раҳбарлари бир жойга тўпланиб шаҳарчани қаерга қуриш ҳақида бош қотиришди. Шаҳарчани Ичонқалъага теккизиб қурсак жуда яхши бўлади дегувчилар ҳам топилди. Сабаби ҳамма ансамбллар бир жойда жам бўлади. Шунда кўпни кўрган архитектор Комилжон ака Матчонов сўз олиб шундай деди:

-Ичонқалъага тегмайлик, у қадимда қандай турган бўлса шундайлигича қолсин. Сизларга шаҳарчага муносиб шундай бир жойни кўрсатаман, ўзларинг ҳам кўриб қойил қоласиз.

Шундай қилиб Комилжон ака паст унумдорли,шўрхок ерни йиғилганларга кўрсатди. Бир ёни Ғовук кўлга туташиб кетган  бу жой ҳаммага маъқул бўлди. Шаҳарчани кейин ҳам давом эттириш мумкин,чунки бир ерда 150 гектарлик катта кўл ястаниб ётибди.

Шу йилнинг май ойида  қурилиш ишлари бошланган бу йўлдош шаҳарчада бугун иш қизғин. У ерда ҳар куни 3000 нафардан ошиқ қурувчилар фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. Қурилиш ишлари ҳозирда энг авж палласига чиқди. Мазкур қурилиш шу йилнинг охирига ишга тушириш назарда тутилмоқда.

Хўш ушбу шаҳарчада хорижий ва маҳаллий  сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун қандай афзалликлар ва қулайликлар мавжуд. Унда эшитинг: “Arda Khiva” шаҳарчасида 5 та 810 ўринли меҳмонхона, 13 та меҳмон уйлари, бир йўла 2000 кишига хизмат кўрсатувчи очиқ ва 2000 кишига  хизмат кўрсатувчи ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, саҳна узунлиги 60 метр бўлган 3000 ўринли амфитеатр,  барча қулайликларни ўз ичига олган соҳил бўйида сайр қилиш учун 4 километрли йўлаклар, қадимий Хиванинг ҳунармандчилигини ўзи ичига олган 11 та ҳунарманд уйлари, 500 мквлик “Кўҳна Урганч” номидаги тарих музейи, 5000 мквлик мусиқали фаввора, 100 ўринлик савдо растаси ва 30 та савдо дўкони, “Шарқ бозори”да 200 та савдо растаси,40 та дўкон, 9 та ресторан, ва енгил тамадди учун шаҳобчалар, 5 та кинотеатр ва концерт заллари, 2 километрлик қайиқда сайр қилиш учун ариқлар, 1000 та автомашинага мўлжалланган автотураргоҳлар, сув мототуризими, “Made in Uzbekiston” кўргазмалар павильони, заргарлик маркази савдо биноси ва бошқа қулайликлар мавжуд.

Шаҳарчани электр энергия билан таъминловчи  10Мвт яшил энергия тригенератцияси  қурилмоқда. Бундан ташқари 150 гектарлик “Ғовук”кўлини  реканстуркция қилиш ҳам  иш режасига киритилган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1.1трлн сўмни ташкил этади. Шаҳарча ишга тушиши билан 2000 нафар одам иш билан таъминланиши назарда тутилган.

“Arda Khiva” йўлдош шаҳарчасининг умумий майдони 24.5 гектар бўлиб, умумий қурилиш ости майдони эса  77000 мкв ташкил этади.

Шаҳарча тўла қадимий Хива архитектура ёдгорликлари услубида қад ростламоқда. Шаҳарчага  чиройли бадиий безакли Қўша дарвозадан кирилади. Уни томоша қилиш учун келаётган меҳмонларга кулайлик яратиш мақсадида шаҳарчанинг гир айлана қилиб сув йўллари ташкил этилган.Унда сайёҳлар қайиқда бемалол  сайр қилишлари мумкин бўлади.

Хива туманининг Саёт қишлоғида “Чодра ҳовли“архитектура ёдгорлиги бор. Шаҳарчага 5 қаватли 25 метр баланликда ана шу ансанбл  қурилган бўлиб унга чиққан сайёҳ шаҳарчани тепадан ҳам томоша қилиш имконига эга бўлади.”Чодра ҳовли” ансанблига лифт ҳам ўрнатилган. Яна бир диққатга сазавор жиҳати шаҳарча марказида Хивадаги калта минорнинг эгизаги қад ростламоқда. У “Чодра ҳовли”дан ҳам баланд бўлиб, шаҳарчага ўзгача чирой бағишлайди. “Arda Khiva”шаҳарчасига энг сўнгги русмдаги, баланд  хорижий атракционлар ўрнатилмоқда.

Хуллас “Arda Khiva” шаҳарчаси республикамиз вилоятларида қурилган масалан ”Боқий шаҳар Самарқанд” ва Намангандаги “Афсоналар водийси” шаҳарчаларидан қолишмайди. Бу шаҳарча Хоразмга сайёҳлар оқимини янада ошишига, ҳамда уларни воҳа тарихи билан яқиндан танишишига хизмат қилади.

Болтабой Матқурбонов.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan