Суд топшириқларининг мазмуни ва уларни  бажариш тартиби
Суд топшириқларининг мазмуни ва уларни бажариш тартиби

Суд топшириқларининг мазмуни ва уларни бажариш тартиби

436 marta ko'rildi

Иқтисодий жараёнларнинг тезлашуви, жамият ривожланишининг ўсиши, умумий интеграция ва глобаллашув натижасида фуқаролик муносабатларининг муайян бир ҳудуд доираси билан чекланмай, аксинча давлатлараро, халқаро миқёсга ўтиши барчага маълум. Бу судларнинг бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган далиллар билан боғлиқ низоларни кўришга олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий     процессуал кодекси (кейинчалик ИПК)да суд топшириқлари ҳақида алоҳида нормалар берилган бўлиб, унга кўра суд топшириқлари судьянинг кўриб чиқилаётган низога доир далилларни бошқа туман ёки шаҳар ҳудудидаги далилларни олишда бошқа судларнинг процессуал ҳаракатлари орқали амалга ошириши назарда тутилган. Бунда суд топшириқлари фақат судларга топширилиши мумкинлигига эътибор қаратилиши лозим. Суд топшириқлари ҳақидаги қоидалар шу сабаб процессуал қонунчиликнинг далиллар билан боғлиқ бўлимларида ўз аксини топади. Суд топшириқларини беришдан кўзланган асосий мақсад суд ўзига керакли бўлган далилга эга бўлишдир.

ИПКнинг 91-моддасига кўра, ишни кўраётган суд бошқа туман ёки шаҳар ҳудудидаги далилларни олиш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни бажаришни топширишга ҳақли. Суд топшириғи тўғрисидаги ажримда кўрилаётган ишнинг мазмуни қисқача баён қилинади, аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, топшириқни бажарадиган суд тўплаши керак бўлган далиллар кўрсатилади. Суд топшириғи тўғрисидаги ажрим топшириқ берилган суд учун мажбурий бўлиб, ажрим олинган пайтдан эътиборан ўн беш кунгача бўлган муддатда бажарилиши керак.

ИПКнинг 247-моддасида эса иқтисодий судлар айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки қонунида белгиланган тартибда чет давлат судлари томонидан ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва ҳоказо) бажариши белгиланган. Бунда халқаро шартномалар устунлиги принципига асосланган ҳолда, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги кўп томонлама ёки икки томонлама халқаро шартномалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро шартномалар тўғрисида”ги Қонуни амал қилади.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида чет давлат судининг топшириғи уни ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига таҳдид солса, суд топшириғини ижро этиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг ваколатига кирмаса, айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириғини ўз ичига олган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги аниқланмаса ижро этилмаслиги белгиланган. Бу қоидалар халқаро шартномалар матнида ҳам келтирилган ва уларни давлат суверенитети, миллий судларнинг ваколат доираси, ҳужжатларнинг қалбакилаштирилиши эҳтимоли билан боғлиқ умумий сабаблар деб ҳисоблаш мумкин.

Айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириқларини Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди томонидан ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари чет давлатлар судларига ёки чет давлатларнинг ваколатли органларига айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириқлари билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки қонунида белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин.

Чет давлат ҳудудида айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти туғилганда, ушбу давлатнинг ваколатли органлари ёрдамида амалга оширилиши, процессуал жиҳатдан мурожаат шакли илтимоснома, топшириқ, сўровнома бўлиши мумкин.

Суд топшириқлари институти халқаро хуқуқда муҳим ўрин тутишининг сабаблари кўп бўлиб, улардан бири қўлга киритиш мушкул бўлган далилларни олиш ва ўрганиш механизми сифатида қаралишидир. Фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимояси самарадорлиги ишни кўриш ва ҳал қилиш жараёнида исботлаш қай даражада амалга оширилишига албатта боғлиқ.  Яна бир сабаби, бу институтнинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқлари амалга оширилишининг кафолати сифатида, шу жумладан, судда эшитилиш ҳуқуқи, процессуал жиҳатдан имкониятларнинг тенглиги кафолати сифатида баҳоланишидир.

Бундан ташқари, суд топшириқлари ёрдамида одил судловни амалга оширишда суд идоралари ўзаро ва бошқа ҳокимият идоралари билан бирга процессуал ҳамкорликнинг амалий механизми яратилиши мумкин.

Суд топшириқлари қўлланилишининг чекланган доираси, унинг етарли даражада ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги, бу суд жараёнининг амалга оширилишида вақт талаб қилиниши боис иқтисодий ишларни кўришда ва ҳал қилишда у қадар оммалашмаган. Суд топшириқлари институтини такомиллаштириш борасида кўплаб изланишлар олиб бориш лозимлиги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Т.Сорокина ўзининг суд топшириқлари бўйича ёзган тадқиқот ишида бир хулосани асослантиришга ҳаракат қилган. Унинг фикрича, давлат ички ва халқаро миқёсдаги фуқаролик ва иқтисодий (арбитраж) процессида қўлланадиган “фуқаролик суд иши юритувида суд топшириқлари” тушунчаси бир маънони англатади.

Суд топшириқларини ижро этиш пайтида чет давлат ҳуқуқини қўллаш зарурати юзага келиши мумкин. Шу сабабдан, жараённи борича чет давлат ҳуқуқига ҳавола қилиш эмас, балки унинг муайян бир нормаларини қўллаш масаласи ҳақида ҳам гап кетиши мумкин.

Юқорида таъкидлаганимиздек, суд топшириқларини ижро этиш миллий қонунчиликка ҳамда халқаро шартномаларга асосланади. Халқаро фуқаролик ва иқтисодий процессуал ҳуқуқида халқаро шартномалар мавжуд бўлмай туриб, бир давлат бошқа бир давлатнинг суд топшириғини қабул қилиш мажбуриятини келтириб чиқармайди. Лекин шундай бўлсада, суд топшириғини ижро этишни рад қилиш кўпинча халқаро хушмуомалалик тамойилининг бузилишига ва дўстона бўлмаган фикрларни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, шахснинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг устувор вазифаси эканлиги боис, давлатлараро ёки халқаро шартномалар орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалари бўйича шартномавий муносабатлар йўлга қўйилмаган бўлса ҳам суд топшириқлари ижро қилиниши керак. Чет давлат суд топшириқларини ижро этишни рад қилиш учун ягона, қатъий асос – бу суд топшириғининг ижро этилиши шу давлат жамоат тартибига қарши қаратилганлигидир.

Суд топшириқлари уларнинг мазмунига кўра турларга ажратилиши мумкин. Масалан, бевосита процессуал ҳаракатларни ва ташкилий-процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ суд топшириқлари. Биринчи турга тарафларни ва учинчи шахсларни сўроқ қилиш, ашёвий ва ёзма далилларни кўздан кечириш ва текшириш, ёзув намунасини олиш ва бошқаларни мисол қилиш мумкин. Иккинчи турга ишда иштирок этувчи чет эллик шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маълумотларни аниқлаштириш, электрон алоқа воситалари орқали сўралган маълумотларни юбориш ва ҳоказо.

Чет давлат суд топшириғини ижро этишда давлатнинг ўз ички миллий қонунчилигида белгиланган умумий қоидалар қўлланади. ИПКнинг
92-моддасида суд топшириғини бажариш тартиби белгиланган. Унга кўра, суд топшириғи мазкур Кодексда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида бажарилади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади, бироқ уларнинг келмаганлиги мажлисни ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Суд топшириғининг ижроси тўғрисида ажрим чиқарилиб, у ишни кўраётган судга дарҳол барча материаллар билан бирга юборилади. Ишда иштирок этувчи шахслар, суд топшириғини бажарган судга тушунтириш ёки кўрсатувлар берган гувоҳлар ишни кўраётган суд мажлисида ўзлари иштирок этган тақдирда, умумий тартибда тушунтиришлар ва кўрсатувлар беради.

Юқорида келтирилган умумий қоидалар чет давлат судининг топшириғини ижро этишда ҳам қўлланади. Ваколатли давлат суди томонидан чет эл судларига юборилган суд топшириқлари ҳам шу тарзда, яъни суд топшириғи ижро қилинаётган давлат миллий қонунчилиги қоидалари асосида ижро этилиши лозим.

Суд топшириқларини ижро қилишда жаҳонда бир амалиёт йўлга қўйилган. Агар чет давлат суди суд топшириғини ижро этишни махсус бир кўринишда амалга оширилишини сўраётган бўлса, агарда у қонунга ва жамоат тартибига зид бўлмаса, бундай илтимос имкон қадар қаноатлантирилади. Бу ҳолда чет давлат процессуал ҳуқуқи нормаларини қўллаш эҳтимолдан холи эмас.

ИПК 247-моддасининг биринчи қисмида судларнинг айрим процессуал ҳаракатларни бажариши назарда тутилган. Айтиш керакки, бу рўйхат тугал бўлмай, иқтисодий судлар чет давлатлар судларининг топшириқларида сўралган бошқа процессуал ҳаракатларни ҳам бажаришларга тўғри келиши мумкин.

Ҳозирги кунда халқаро муносабатларда тобора эркин бўлиш ва турли масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Бунга албатта иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши, чет эл инвестицияларининг жалб қилиниши каби мақсадлар сабаб бўлади. Янада самарали усул бу икки давлат ўртасида тузиладиган ҳуқуқий ёрдам кўсатиш тўғрисидаги келишувлар бўлиб, процессуал ҳарактерга эга бўлган чет эл элементи иштирок этган муаммоларнинг тезлик билан ҳал этилишига олиб келади.

Халқаро шартномаларда суд топшириқлари шаклига қўйилган талаблар мавжуд. Лекин, ҳужжат алмашинуви жараёнини тезлатиш имконини берувчи бир қанча замонавий технологиялар бўла туриб, халқаро ёки миллий қонунчилик ёрдамида суд топшириқларининг электрон алоқа воситалари орқали бериш усули йўлга қўйилмаган. Худди шундай фикрни муддат масаласида ҳам айтиш мумкин. Далилларни олиш бўйича процессуал ҳаракатларни амалга ошириш муддатлари ва суд топшириқларини бериш муддатлари кўрсатилмаган. Суд амалиёти умумлашмалари ва тушунтиришларида ҳам бу ҳақда маълумотлар келтирилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўришда низони ИПКда белгиланган умумий муддатларда кўриш мақсадида суд топшириқлари беришда имкон қадар интернет тармоқлари орқали фойдаланиш, суд топшириқларини ижро этишда ҳам чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўриш тартибида белгиланган муддат (олти ойдан ортиқ бўлмаган муддат)га мутаносиб бўлиш мақсадга мувофиқдир.

X.RAHIMOV,

Шовот туманлараро

иқтисодий суди судьяси.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan