Ерларни шудгорлаш агротехникаси
Ерларни шудгорлаш агротехникаси

Ерларни шудгорлаш агротехникаси

398 marta ko'rildi

Қишлоқ хўжалигида экин зироатлардан юқори ҳосил етиштириш учун мавжуд ер ҳамда сув манъба (ресурс)ларидан оқилона фойдаланиш, агротехнология тадбирларига қатъий риоя қилишни талаб қилади.

Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш учун аввало экиладиган дала экишга сифатли қилиб тайёрланиши керак. Бу агротадбирлар ерларни кузда шудгорлаш, унинг шўрини ювиш ишларидан бошланади. Барча экинлардан мўл ҳосил олишни таъминлайдиган агротадбирлардан бири  – кузги шудгорни сифатли ўтказишдир.

Далани шароити инобатга олиниб, кузги шудгор чуқур, сифатли ўтказилса, куз ва қиш ойларида бўлган ёгингарчиликлар ҳисобидан тупроқда катта миқдорда нам тўпланади, ҳайдов қаватлари остига тушган бегона ўт уруғлари чирийди. Шудгорлашда ерни қўшқаватли плуг ёрдамида ҳайдаш натижасида тупроқ юзасидаги бегона ўтлар уруғи чуқурга тушади, юқоридаги тупроқ донадор бўлади ва тупроқнинг сув – физик хоссалари яхшиланади. Мавжуд шўрланган ерлар чуқур ҳайдалиб, шўр ювишга тайёрланган далаларда тупроқ шўри яхши ювилади, ҳамда экинлардан юқори ҳосил етиштириб олишга замин тайёрланади.

Кузда пахта йиғиб териб олиниб, ғўзапоя ва бегона ўтлар қолдиқларидан тозаланган далаларда кузги шудгор ўтказишдан олдин нотекис, сув кўллайдиган ва чиқмайдиган жойлар текисланиб олиниши керак. Шудгорлаш натижасида тупроқнинг ҳайдалма қатлами юмшоқ ва донадор бўлади. Бу ўз навбатида намнинг яхши сақланишига, ҳаво, иссиқлик ва биологик  жараёнларнинг яхши кечишига шароит туғдиради. Шудгорлаш даланинг намлиги умумий намлик сиғимининг 60-70 фоизини ташкил қилганда ўтказилса яхши натижага эришилади. Буни деҳқонлар «ернинг тобга келиши» деб ифодалашади. Ерни тобга келишини билиш учун бир сиқим тупроқ 10-15 см чуқурликдан олинади, маҳкам сиқимланади ва қўл баландлигида юқоридан ерга ташалади. Агар тупроқ бўлиниб кетса, ер тобга келган, суриш ишларини бошлаш мумкин, бўлинмай сал айрилса ёки бир-икки бўлимга ажралса, тупроқни намлиги юқорилигини, ер тобга келмаганини билдиради, тупроқ лой шаклида бўлса бундай далани суриш мутлақо мумкин эмаслигини билдиради, чунки лой сурилган ерни бир неча йил давомида ҳосилдорлиги пасаяди. Шудгорлашда ағдаргичлар ағдарган тупроқлар бир-бирига қўшилиб, чуқурчалар ёки ариқчалар пайдо қилмаслик чоралари кўрилиши зарур.

Умуман олганда уста деҳқонлар шудгорлашга катта эътибор беришади. Кузги шудгорлаш ишлари совуқ тушиб ер музламасдан олдин тугатилса, тупроқ қатлами бир хил чуқурликда ағдарилиб катта кесаклар пайдо бўлмайди ва дала сифатли ҳайдалади. Шудгорлаш учун ерлар ПЯ-3-35, ПН-4-45, ПЛН-5-35, ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45 каби плуглари билан бўлакларга бўлиб ҳайдалади. Бунда дала эни кенглиги 40-50 метрли бўлакларга бўлинади ва ҳар қайси бўлакда агрегатнинг йўналиши белгилаб чиқилади. Агар шудгор қилинадиган ерлар айланма ЛД-100 плугларида ўнгга ва чапга ағдарадиган мосламаси (корпуси) бўлганлиги учун дала бўлакларга бўлинмасдан бир томондан ҳайдалиб шудгор қилинади.

Вилоятимизда пахта ва бошқа экинлар етиштирилаётган суғориладиган ерлар механик таркиби бўйича оғир (суға), вопланг ва енгил кумлоқ тупроқлардан иборат. Ерни чуқур қилиб, (40 – 45 см), қаватма-қават ҳайдаш бегона ўт босишини кескин камайтиради, экинларнинг ҳосилдорлигини оширади. Ерларни шудгорлашнинг энг мукаммаллашган ва фойдали усули – кузда чуқур қилиб қаватма-қават ҳайдашдан иборатдир. Айрим майдонлардаги кам унум, қумли қатлами мавжуд ерларда шудгор шундай чуқурликда ҳайдалиши керакки, бунда қум ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлсин.

Шудгорлашни қанчалик сифатли ўтказилиши булғуси ҳосил тақдирини белгилайди, усув-амал, (вегетация), даврида ўтказиладиган агротехник тадбирлар, айниқса, қатор ораларига ишлов бериш, ўғитлаш ишлари сифатли бажарилади, ўсимлик яхши ривожланади. Умуман олганда, шудгорлашни ўз вақтида, яъни кузда октябрь – ноябрь, кечи билан декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида якунлаш кузги шудгор хисобланади.

Шудгорлаш вақтида хатога йўл қўйиш, пала партиш, нотекис ўтказиш кейинги агротехник тадбирларни ўтказилишига ва экин ҳосилдорлигига салбий таъсир қилиши, ортиқча харажат сарфланиши мумкин. Кузги шудгорлашни ўз даврида, муддатида сифатли олиб бориш бўлгуси ҳосил салмоғи юқори бўлишини таъминлайди.

 

Баҳром  МУҲАММАДИЕВ,

Пахта слекцияси уруғчилиги ва етиштириш агро технологиялари илмий тадқиқот институти Хоразм илмий тажриба станцияси илмий ходими.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan