Ҳажвия
Ҳажвия

Ҳажвия

353 marta ko'rildi

НУҚТАСИ ҚАНИ?

 (80 йил  воқеалари асосида)

Бирон бир идорнинг қорни катта ёшуллисига ишингиз тушиб қолса, ишингизни битирмай, “бор отанга, бор онанга” қилади. Ёки бўлмаса, сенга яхши кўриниб, қўл остидаги мулозимларини сенинг олдингда ёлғондакам койиб, уларни айбдор қилади. Кейин сенинг қулоғингга лағмон  осиб, эгнингдан бир-иккита  қоқиб, қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдириб жўнатворади. Аммо бу сенинг ишинг битди дегани эмас. Ёшулли ва унинг мулозимлари ёнига қатнайверасан, қатнайверасан Ахийри оёғингдан тўзиб “Ҳайф сенга!” деб қўяқоласан.

Ҳа, шунақа, ҳозирги ёшуллилар кўзингга қараб ёлғон тўқиб қўядики, ишонишингни ҳам, ишонмаслигиниги ҳам билмайсан…

Ўзим гувоҳ бўлган 1980 йиллардаги бир воқеани сизларга ҳикоя қилиб бермоқчиман.

1980 йилларда Амад Самад (Аҳмад Самадов) деган бир хўжаликнинг раиси бўларди. Энди раис бўлганидан кейин унинг ёнига қатновчи,  ўз арз-додини айтгувчи одам кўп эди. Қачон қараманг унинг эшигининг олдида тумонат одам навбат кутиб турган, гоҳида навбатда турганлар ўртасида пича жанжал бўлиб туриши ҳам бор гап эди. Амад Самад раис ҳам хўшрўйгина котибаси дамлаган аччиқгина чойдан чинни пиёлага оз-оздан қуйиб, чойнакнинг устини махсус чиройли қилиб тикилган дамкаш билан бостириб, чойдан секин ҳўплаб, халқининг арз-додини тинглар эди. Унинг ёнига кимдир иш сўраб, кимдир жой ўрни сўраб, яна кимдир ёрдам сўраб кирарди. Аммо раис бува ҳеч кимнинг ҳам айтган арзини беэътибор қолдирмас: “хўп бўлади”ни канда қилмас ёки “Бажармиз, Фалончига айтаман”, деб унинг қўлига мушукнинг қулоғидек келадиган хатни ёзиб берарди. “Дарҳол мана шу хатни Фалончига беринг, мени айтди денг,  ишингиз битади”, – дерди. Бечора арз қилган одам чунонам хурсанд бўлиб қўлига хатни қисганича Фалончини ахтариб кетарди. Фалончи ҳам гўё ундан қочиб юргандай уни на ернинг устидан, на  осмоннинг остидан топиб бўларди. Хўжаликни бир айланиб керакли одамни зўрға топиб, унинг қўлига раис берган хатни тутқазарди. Уям хатни синчиклаб ўқиб бўлгач, қоғозни ўнг-чапини айлантириб кўриб: “Бўпти, эртага келинг, кўрамиз”, – деб жўнатворарди.

Ҳасан Дурдининг раисга бувага иши тушди. Пешонасига битган яккаю ягона ўғли  ўқишни томомлаб келди. Раис бувадан ўғлига мос иш сўраб мурожаат қилди. Раис ҳам унинг гапини обдон  тинглаб, кўзойнаги тагидан Ҳасан Дурдига диққат билан разм солди. Ундан айтарлик жўялироқ гап чиқмагач, қўлига хат ёзиб тутқазди.

– Мана шуни Фалончига берсанг ишинг битади, иним, борақол, омадингни берсин, – деб елкасига икки қоқиб Хасан Дурдини чиқарворди. Ҳасан Дурди керакли одамни топиб унинг қўлига раиснинг хатини тутқазди. Гўё у одам раиснинг хатини олгач “Мана сизга иш деб” ишни қўшқўллаб топширадигандай туюлди унга.

Мулозим ҳам  хатни ўқиб кўриб: “Эртага келинг”, – деди. Эртага борса, индин келинг, индин борса, “Ие, ҳадеб келаверасизми?! Ҳафтадан кейин келинг, ҳозир бўш ўрин йўқ”, – деб унга куруқ ваъдалар бериб изига қайтарарди.

Бечора Ҳасан Дурди яна минг азоблар билан раиснинг қабулига киришга ботинолмас, унинг совуқ важоҳатидан чўчирди.

Бир куни у бутун ҳасратини қўшниси – шу хўжаликда кичик бир ҳисобчи бўлиб ишлаётган Жумабойга ёрилди:

– Мана бир ойдирки Фалончи ишимини битказмаяпти. Ҳатто раис буванинг берган хатини ҳам писанда қилмайди, – деб қолди.

Жумабой унинг гапларини обдон эшитгач миғийда кулиб қўйди ва унга:

– Раиснинг берган хатининг охирида нуқтаси борми эди?

– Эътибор қилмапман, ака.

– Ҳмм, ҳамма гап ана шу нуқтада, ака, билсангиз. Раис зудлик билан бажариладиган ишларнинг охирига боплаб нуқта қўяди. Мулозимлар билан келишиб қўйган. Нуқта бўлса, ишинг битади, бўлмаса – йўқ.

Ҳасан Дурди шу куни оёғини қўлга олиб яна раиснинг қабулига қараб кетди. Минг бир азоблар билан раиснинг ҳузурига кирди. Раисга “Сизнинг берган хатингизни Фалончи писанд ҳам қилмади. Мана бир ойдики овараи сарсонман”, – деди. Раис Амад Самад кўзойнаги тагидан унга еб қўйгудек қилиб ёвқараш қилди ва яна қоғоз олиб ёза бошлади. Ёзиб бўлиб хатни Ҳасан Дурдининг қўлига тутқазди. Ҳасан Дурди хатни олиб дарҳол пастига қаради. Хатнинг пастида нуқта кўринмасди. Шунда у раис бувага қараб:

– Раис бува, хатингизнинг охирига нуқта қўйишни унутибсиз, – деди.

Раиснинг миясига худди ток ургандай бўлиб кетди ва “ялт” этиб Ҳасан Дурдига қаради ва унинг қўлидаги хатни олиб охирига жимжимадор қилиб нуқта қўйди. Ҳасан Дурди раиснинг ҳузуридан енгил бўлиб ташқарига  чиқди.

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan