336 marta ko'rildi
“Директор”
ҳажвия
Жумавой дўстларимизнинг ичида энг ақиллиси, уддабурони, чиройли, сипо кийиниши билан ҳаммани лол қолдирувчи танти йигитлардан. Ташқаридан қараган одам уни бирон бир мансабдор киши деб ўйлайди, аммо ўзи оддий ўзимиз қатори.Қўлидан келмайдиган иш йўқ. Ғишт теришми, лой сувоқми. Гоҳ гоҳида бўёқчилик ҳам қилиб туради, аммо кийимини доимо тоза тутади.Челаклаб лой қатнаса ҳам, қўлига андава олиб сувоқ қилса ҳам, устига бир томчи лой юқдирмайди. Ишга чиқаётганда ҳам уст бошига бир қараб олади. Сочларини текис қилиб тараб пўрим кийинади. Шунинг учун ҳам унга дўстлари”директор”деб лақаб қўйишган. Бу лақаб унинг ўзига ҳам сариёғдек ёкади. ”Директор”дейишганида баттар гердайиб ғоз юриш қилиб қўяди. Баъзида худди директорларга ўхшатиб фармонлар ҳам бериб туради. Хатто телефонимизга ҳам унинг рақамини “Директор” деб сақлаб қўйганмиз.Шу шу маҳаллада Жумавойни “директор”лигини ҳамма билади.
Бир куни дўстлар билан Тошкентга- ишга кетадиган бўлиб қолдик. Жумавой ҳам бизга қўшилди. Ғишт заводида ишлаяпмиз,иш оғир,бир пастга бўлса ҳам тиним йўқ.Аммо ойлиги накд. Ишга келганимизнинг иккинчи ҳафтаси, дўстларимиздан биттаси:
-Бугун бир чарчоғимизни ёзмаймизми, хув анави ерда чиройли кафе бор экан. Пулимиз бўлса бор.Бир отамлашиб, мазза килиб қайтайлик, бир келибмизда Тошкентига деб қолди.
Дўстларимиздан иккаласи рози бўлишди. Мен ва Жумавой чарчаганимизни баҳона қилиб хонада қолдик.
Вақт алламаҳал бўлсада ҳалиги кетган дўстларимиздан дарак йўқ. Хавотир ола бошлаган кезларимизда Жумавойга телефон бўлиб қолди.
-Алло, сиз директормисиз?…
Воқеа асли мана бундай бўлган экан.
Улар кафега бориб чиройли ўтириш қилган. Албатда ичиб олиб биттасини кайфи ошиб қолади. Кайфи ошгач алжирай бошлайди. Кафеда тўполон кўтаради. Кафени каттаси дарҳол милицияга қўнғироқ қилади. Дўстларимизни учаласини ҳам милиционерлар идорасига олиб кетишади. Уларни сўроқ қилиб ўтиришганида милиционерлардан биттаси уларнинг қўл телефонини олиб кўздан кечираётиб бехосдан кўзи директор деб сақланган рақамга тушиб қолади.
-Мана буларнинг директорининг телефон рақами бор экан. Ҳозир директорларингга қўнғироқ қиламан, сенларни роса таъзирингни беради,- дейди ва Жумавой “директор”га телефон қилади
-Алло, алло сиз директормисиз?
-Ҳа, директорман,-деб жавоб бериб Жумавой ҳам ҳайрон бўлиб менга елка қисиб қўйди.
-Мен ички ишлардан капитан фалончиевман, сизи ишчиларингиздан уч нафари бизга тушиб қолди ака.
Мен ҳам Жумавойни телефонига қулоғимни тутиб турибман. Вазиятни англаган Жумавой ўзини йўқотиб қўймай овозини ўзгартириброқ жавоб берди.
-Уларнинг гуноҳи нима экан ўртоқ бошлиқ.
-Ичиб олиб тўполон қилишган, жамоат тартибини бузишган,-деб нариги томондан жавоб бўляпди.
-Вой ярамасларей, мен уларга ҳали ичишни кўрсатиб қўяман. Агар келишса паттасини қўлига тутқазиб ҳайдавораман,-деди Жумавой ғазаб отига минган киши бўлиб. Кейин мулойим оҳангда гапиришга ўтди,-камондир ака, сиздан илтимос менинг ишчиларимни гуноҳидан ўтинг. Биздан ҳам қолиб кетмас яхшиликларингиз ҳизматингиздамиз ака. Жумавойнинг ҳар бир оғиз сўзида “ака”лаб туриши нариги томондагиларга ёқиб қолдими.
-Майли уларни келиб олиб кетинг унда.Учаласи ҳам чала “ўлик”, росса бўкиб ичишган,юришга ҳоллари йўқ.
Жумавой хайрон бўлиб, менга нима қилай дегандай имлади.Мен йўқ дегандай бош ирғадим.
-Командир энди узр,бир жойда ўтирган эдим. Савоб қилсангиз охиригача қилинг ака, уларни ўзингиз машинада ташлаб қўйинг, илтимос. Эртага ўзим хабарингизни оламан,-деди дабдуристдан,ҳайқимай.
-Хўп ака, барибир йўлимиз ўша ёққа. -Қани турларинг, мининглар машинага, директорларингни ҳурмати учун қўйворяпман, агар яна бир марта ичиб олиб тўполон қилсанглар, қамайман, шу пайт уларнинг ичидан биттаси секин кулворган экан,-Нимага куласан директоринг таъзиригни беради ҳали борсаларинг.
Биз Жумавой билан бинонинг орқасида уларни кутиб турибмиз денг, шу пайт машина келиб завод олдида тўхтади. Учала маст ҳам гандираклаб ётокхона томон кела бошлади. Машина изига кетиб бўлгач, Жумавой билан уларга пешвоз чиқдик.
Учаласи ҳам Жумавойни кела солиб қучоқлаб олишди.
-“Директор” бува бизни кечиринг,-деди хатто биттаси ҳазил аралаш кўзига ёш олиб.Сен бўлмаганингда бизни 15 сутка қамашарди.
-Ҳм, кўрдингларми менинг обруйимни, мени хатто пойтахтда ҳам хурмат қилишади,-деб қўйди баттар гердайиб Жумавой.