“Яхши китоб – сифатли таълим кафолати”. Тошкeнтда Ўзбeкистон маданий мероси ҳақидаги китобларнинг тақдимот акцияси ўтказилди
“Яхши китоб – сифатли таълим кафолати”. Тошкeнтда Ўзбeкистон маданий мероси ҳақидаги китобларнинг тақдимот акцияси ўтказилди

“Яхши китоб – сифатли таълим кафолати”. Тошкeнтда Ўзбeкистон маданий мероси ҳақидаги китобларнинг тақдимот акцияси ўтказилди

306 marta ko'rildi

Ўзбекистоннинг 120 та ташкилотига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги мингдан ортиқ китоб-альбомлар топширилди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда “Яхши китоб – сифатли таълим кафолати” мавзусида инсонпарварлик акцияси ўтказилди. Шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” халқаро нашрининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Кутубхоналар, миллий маданият марказлари, музейлар ва олий таълим муассасаларининг 120 дан ортиқ вакиллари, олим ва тадқиқотчилар иштирок этган тадбирда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг янги томлари тақдим этилди. Бу китобларни бепул олиш учун сертификатлар ҳам топширилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кириб келаётган 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берди. “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг бирдан-бир тўғри йўлидир… Фаровонлик гарови – таълим, тарбия ва билимда. Зеро, барча эзгу мақсадларга билим ва таълим орқали эришилади”. Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” мультимедиа лойиҳасининг китоб-альбомларини тарқатиш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликдаги акциямиз ана шу мақсадларга қаратилган. Китоб-альбомларни нафақат ташкилотимиз, балки мамлакатимиз вилоятлари ва туманларидаги барча ахборот марказларига тақдим этиш ташаббусини алоҳида қўллаб-қувватлайман. Бу китоблар, айниқса, пойтахтдан олисда яшайдиган ёшлар учун айниқса муҳим ва қадрлидир, – деди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева.
Лойиҳага сўнгги олти йил давомида Eriell Group маҳаллий нефть хизматлари компанияси ҳомийлик қилиб келмоқда.
– Маълумки, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистоннинг маданий мероси масалаларини давлат сиёсати даражасига кўтарди, шу муносабат билан Бутунжаҳон жамияти томонидан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси амалга оширилмоқда”. Жорий йилда Ўзбекистон ва хориждаги босмахоналарда 50 жилд китоб-альбомлар чоп этилди. Бу Бутунжаҳон жамиятининг китобларни бепул тарқатиш бўйича жорий йилдаги биринчи акцияси эмас. Китобларимизни вилоят ва туман ҳокимликлари, музейлар, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилиги вакилларига тарқатдик. Бугунги акция давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида билдирилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган, – дейди Бутунжаҳон жамияти васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов.
Ташкилотчилар ушбу китоблар ва лойиҳа туфайли мамлакатимиз ёшлари ўз тарихини чуқур ўрганиши, хорижда сақланаётган тўпламлар билан яқиндан танишишига ишонч билдирмоқда.
– Президентимиз мурожаатномаси ва 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб белгиланиши мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналиши ёшлар, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўлиб, мазкур лойиҳа бунинг ёрқин далилидир. Эсланг, биз ҳам бир пайтлар ёш талаба эдик ва бундай китобларни, юртимизда ва хорижда ҳам қидирардик. Ҳозирда мамлакатимизда ўлкамизнинг хориж тўпламларида сақланаётган ноёб осори-атиқалари ҳақида ҳикоя қилувчи муҳташам нашрлар мавжуд. Шу билан бирга, шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунгача бундай лойиҳанинг дунёда ўхшаши бўлмаган. Янги Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиз халқлари меросини марказлашган тарзда ўрганиш тизими вужудга келди, бу албатта, давом эттирилиши керак, – деди филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов.
Айтиш жоизки, китобларга нафақат хориж музейларида сақланаётган мерос, балки жаҳондаги миллий коллекциялардаги ноёб манбалар ҳам киритилган. Уларнинг айримлари биринчи марта нашр этилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир.

– Бухоро давлат музей-қўриқхонаси музейимиз фондига бағишланган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 54-жилдини тайёрлаш ишларини якунлаганидан мамнунмиз. Тўплам музейнинг 100 йиллигини нишонлаш арафасида чоп этилади, – деди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Шерали Жўраев. – Бухоро музей-қўриқхонаси жамоаси келгусида лойиҳа ўз фаолиятини кенгайтириши ва бундай тадбирларни мамлакатимиз ҳудудларида тез-тез ўтказиб туриши зарур, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Тожик миллий-маданий маркази раиси Гуландом Субҳонова ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: “Бугун биз Ўзбекистон халқларининг кўплаб маданий объектлари тасвирланган дастлабки 10 жилдни қабул қилиб олдик! Ташкилотчиларнинг айтишича, айни дамда Тожикистондаги музей ва кутубхоналар билан ҳамкорликда янги томларни тайёрлаш борасида иш олиб борилмоқда. Демак, тез орада халқаро илмий ҳамжамият ва биз қардош мамлакатларимиз меросига бағишланган янги китобларни кўрамиз! Ҳиссиётлар кучайяпти, бу жуда ёқимли!
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими Ўктамбек Султонов олий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, ўз таклифини билдирди: “Бу китобларни биринчи навбатда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига тарқатиш керак, деб ҳисоблайман. Мен Бутунжаҳон жамиятидан ушбу китобларнинг pocket book форматидаги енгилроқ нашрларини яратишни сўрайман, улардан фойдаланиш осон ва талабалар, биринчи навбатда ихтисослашган соҳалар учун қулай бўлади. Ишончим комилки, ёшлар бизга раҳмат айтишади!”.
– Давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манфаатдор тузилмалар кўмагида 400 дан ортиқ олим ва экспертлар, жумладан, Бутунжаҳон жамиятига аъзо бўлган жаҳоннинг таниқли олимлари Ўзбекистон меросини бутун дунёда ўрганмоқда. – деди Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Илмий жамоатчиликнинг ушбу ташаббуси Янги Ўзбекистон ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган жамоат, давлат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, ижтимоий масъулиятли бизнесни бирлаштиришнинг ёрқин намунасидир. Бутунжаҳон жамияти учун якунланаётган йилда Самарқанд шаҳрида 250 нафар хорижлик олимлар иштирокидаги VI Халқаро конгресс, 50 жилднинг нашр этилиши, янги 10 жилднинг тақдимоти билан ёдда қолади. Келгуси 2023 йилда яна 10 та альбомни яратиш режалаштирилган. Бу йилда яна “Риштон кулоллари”, “Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод” ва тўрт жилдлик “Ўзбекистон дурдоналари” каби бир қанча мухташам нашрларни, шунингдек, буюк астроном Мирзо Улуғбек фармони билан яратилган “Қўзғалмас юлдузлар китоби”нинг факсимиле нашрини тақдим этишга муваффақ бўлдик. Юзлаб хорижий ва маҳаллий олимлар иштирок этаётган лойиҳанинг тажрибаси уни фаол тарғиб қилишга мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати туфайли имконият яратилмоқда. Бутунжаҳон жамияти аъзолари номидан Ўзбекистон Президентига, мамлакатимиз ҳукуматига ва сўнгги олти йил давомида лойиҳани қўллаб-қувватлаган барчага чуқур миннатдорлик билдирамиз, деди лойиҳа муаллифи ва раҳбари.
Маълумот учун: Лойиҳа доирасида миллий ва хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорликда, ижтимоий масъулиятли бизнес кўмагида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги 50 жилдлик китоб-альбомлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилди. Бу китоблар Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари ҳақида қимматли маълумотларни ўз ичига олган бўлиб, дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидаги коллекцияларга бағишланган. Шу билан бирга, ушбу тўпламлар ҳақида 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Яна ўн жилд нашрга тайёрланмоқда.
Бутунжаҳон жамиятига дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 400 га яқин шарқшунос, санъатшунос, тарихчи ва этнографлар киради. 2017-2022 йиллар давомида 6 та халқаро конгресс, юздан ортиқ тақдимотлар, давра суҳбатлари ва медиа ивентлар ўтказилди.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan