Ўсимликнинг номи. Рихтер шўраги (черкези) – Salsola richteri Karelin; шўрадошлар – Chenopodiaceae оиласига киради.
Бўйи 2—3, баъзан 5 м га етадиган бута ёки кичик дарахт. Йўғон шохларининг пўстлоғи оч кулранг, ёш, бир йиллик новдаларининг пўстлоғи эса оқ рангли бўлади. Барги оддий, цилиндрсимон ёки ипсимон, тукли, серсув, пояга ўрнашган жойи бир оз кенгайган, 2—9 см узунликда бўлиб, пояда кетма-кет жойлашган. Баҳорда барглари яшил бўлади, май ойида эса улар сарғайиб, тўкила бошлайди. Кузда ўсимликда деярли барг қолмайди. Гуллари якка-якка ҳолда барг қўлтиғига жойлашган бўлиб, поя учида бошоқсимон тўпгулни ташкил этади. Ҳар қайси гулда иккита ўткир учли, ярим айлана шаклидаги гулолди баргчаси бўлади. Гулқўрғони оддий, гултожиси қўнғир рангли, 5 та баргли, оталиги 5 та, оналик тугуни бир хонали, юқорига жойлашган. Меваси — гулқўрғони билан бирлашган бир уруғли ёнғоқча. Май ойининг охиридан бошлаб, ноябргача гуллайди, меваси июлда пиша бошлайди.
Географик тарқалиши. Ўрта Осиёнинг Қизилқум ва Қорақум чўлларида ўсади. Ўсимлик илдизи яхши тараққий этган бўлиб, қум кўчишига халақит беради. Шунинг учун қум кўчишини тўхтатиш учун чўл туманларида темир йўллар ёқасига экилади.
Кимёвий таркиби. Ўсимликнинг барча қисми таркибида 0,7-1,6 %, мевасида 1,6% гача алкалоидлар бўлади. Мевасида ўрта ҳисоб билан (ГОСТ бўйича) 1,1 дан кам бўлмаган миқдорда алкалоидлар сақланиши керак. Асосий алкалоидлари – салсолин, салсолидин. Маҳсулотда яна жуда оз микдорда салсомин алкалоиди бўлади.
Ишлатилиши. Маҳсулот алкалоидлари гипотензив таъсирга эга. Шунинг учун черкез препаратлари гипертония ва бош оғриғи касалликларида ишлатилади. Бу алкалоидлар тинчлантирувчи таъсирга ҳам эга. Салсолидин салсолинга нисбатан кучсизроқ таъсир этади.
Русланбек РЎЗМЕТОВ
Хоразм Миллий табиат боги давлат инспектори.