*Иккинчи жаҳон уруши хотиралари
*Иккинчи жаҳон уруши хотиралари

*Иккинчи жаҳон уруши хотиралари

249 marta ko'rildi

Хоразм  вилояти   Қўшкўпир  туманидаги  Ўзбекёп қишлоғилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  Вафо ота Искандаров ҳикояси

ЎЗБЕКЁПДАН-БЕРЛИНГАЧА

Мактабда ўқиётган кунларимнинг бирида ўқитувчимиз бир гап топиб келди. ”Болалар уруш бошланибди” Юқори синф ўқувчиси бўлсакда бу уруш қанақа уруш,ким бошлабди,энди нима бўлади?каби саволларга жавоб олиш учун ўқитувчимизга тикилиб қолдик.Ўқитувчимиз ҳам бизга ҳеч нима демай,кўзида ёш йиғлаганича хонадан чиқиб кетди.Орада мактаблар ёпилди.Немис фашистлари бизнинг давлатга уруш эълон қилган эди.Ҳар куни радиодан ёки катталардан уруш вазияти ҳақида хабардор бўлиб турардик.Мен 1925 йилда туғилганман.Ўшанда 16 ёшда эдим.Ўқитувчимиз  ҳам  қишлоқдаги чақирув ёшига тўлган эркаклар ҳам  урушга жўнашди.Вазият оғир уруш шиддат билан давом этиб, қақшатқич  тус олмоқда эди. Урушнинг бир йили ўтар ўтмас қишлоғимиз хувуллаб қолди.Орада урушга кетган ҳамқишлоқларимиздан қора хатлар кела бошлади.Қора хат келган хонадонда қиёмат қойим бўлар,хатни олиб келган почтачини  “шумқадам” деб  дўппослашар.Почтачи бўлса бир йўлини топиб аранг қочиб қутиларди.

***

Уйдагилар мендан хавотирда эди.

-Уруш тез тугасин.Менинг Вапожоним урушга кетмасин ,-дерди онам.Ҳа,ҳа  сенинг чақириқ вақтинг келгунча уруш тугайди болам,-дерди раҳматлик онам.

Афсуски онамнинг айтгани бўлмади.Уруш мана уч йил ўтсаямки тугамади.Унгача мен 18 ёшга тўлдим ва мен ҳам урушга кетадиган бўлдим. Урушга кетаётганлар ичида энг кичиги мен эдим. Қўлимга милтиқ беришди.Милтиқни эгнимга олсам қўндоғи ерда судралиб юрарди.Не қиламиз бир бошга бир ўлим деб жангга кирдим.

Бизни Амударё орқали пароходда Орол денгизи орқали Россияга олиб ўтишди. 1943 йил уруш хроникасидан маълумки фронтда туб бурилиш бўлаётган йиллар эди.Собиқ совет давлати немислар ишғол қилган ерларини қақшатқич жанглар билан қайтариб олиб табора олға қадам ташлаётган даврларга тўғри келарди. Бизни  яхшилаб тайёргарликдан ўтказишгандан кейин,фронтга жўнатишади.Қаерда душман устин келаётган худудлар бўлса бўлинмамизни шу ерга ташлашарди.Биз немисилар устидан ғалаба қилиб яна олға интилардик.

Бир куни Украина шаҳарларини немислардан тозалаш пайтида жанг қаттиқ бўлди.Бизнинг взвод қуршовга тушиб қолди.Ёриб ўтишнинг сира иложи йўқ.Ёрдамчи куч хали вери етиб келадиган эмас.Ўқ доримиз ҳам тугаб бормоқда эди.Энди мадад фақат Аллоҳдан эди.Ё ўлиб кетишимиз керак ё қандайдир бир имкон топиб тирик қолишимиз керак эди.Жанг қилиб  чекиниб борар эканмиз ўрмонда-дарахтларнинг остида катта ертўлага дуч келдик.Бу ер немисларнинг қурол яроғ омбори экан.Қуролларнинг хили хили шу ерда, ўқ дори деганинг сероб эди.Немислар бизни табора исканжага олиб бораётганлиги шундоғ аён бўлди.Улар қоровсиз қолган омборни советлар қўлига тушиб қолишидан хавфсирашган экан. Биз қайтандан қуролланиб немисларга қарши ўзларининг қуроллари билан қақшатқич зарбалар бера бошладик. Немис аскарлари тутдай тўкилиб,  бизникилар учун имкон яратилди ва қуршовни ёриб ўтдик. Бир соатлик жангдан кейин катта бўлинмага қўшилдик.Шундай қилиб омон қолдик.

Урушда бундай хатарли ҳолатлар жуда кўп бўлган.Бир сафар взводимиз жанга кирди. Немислар тиш тироғигача қуроллаган.Тинмай ўқ ёғдиришмоқда эди. Шу пайт ёнгинамизда снаряд портлади. Мен тупроқ остида қолиб.хушсиз ётар эдим.Бир пайт ўзимга келиб кўзимни очдим.Қулоғим том битган,кўзимни олди қоронғилашиб қолган эди. Пайпаслаб автоматимни топиб ўримдан секин турдим.Худога шукр тирикман яраланмабман, аммо қуролдош дўстим қаттиқ  яраланган экан. Инграб қўли билан мени имлаб чақирарди.Эмаклаб бориб унга  ёрдамга шошилдим.Ўқ ёмғирини остида уни судраб бехавотирроқ жойга олиб ўтдим. Кейин эгнимга опчиб узоқ йўл босиб санчастга олиб бордим.Уни хамшираларга топиширдим. Ғалаба куни дўстимини  Берлинда учратдим. Даволаниб тузалиб кетган экан.Мени қучоқлаб осмонга ирғитарди.”Менинг халоскорим дерди “қувониб.

Шундай қилиб Ўзбекёпдан-Берлингача бўлган масофани босиб ўтиб 1945 йили 20 ёшимда ғалаба билан қишлоғимга кириб келдим.

***

Қишлоққа келиб  уйландим. Бирин кетин фарзандларим дунёга келди. Оила боқиш,рўзғор тебратиш керак эди. Аммо хали тузукроқ касб-корим йўқ эди.Чунки уруш кўриб келган бўлсамда  ҳали ёш эдим.Эндигина 20 ёш. Уйдагиларнинг тавсияси билан экскаваторчиликка ўқидим ва экскаваторчи бўлдим.Шу касбда то нафақага чиққунча ишладим.Хоразмнинг қанча ариқу зовурларини қазидим.Далаларга об-ҳаёт равон юриши учун имкон яратдим.Ҳар бир ариқ завурни тозалаб бўлгач бригадиримиз менни “Баракалла,сувдек сероб бўлгил “деб дуо қиларди.  Кам бўлмадим. Фарзандларим олий маълумотли,эл-юрт корига ярайдиган йигит ва қизлар  бўлибетишди..Етти нафар фарзандларимдан 50 дан зиёд невара 70 дан ошиқ чевара эвара кўрдим.Бу дунёда мендан бахтли одам йўқ

Мана бу йил табаррук 98 ёшга киряпман Шукр шундай дориламон кунларни кўрдим. Бунга албатта  яратганга шукрона айтаман. Мендан кўпинча узоқ умр кўришингизни сири нимада деб сўрашади. Аҳилликда, ҳамжиҳатликда, фарзандларнинг,келин-қизларимнинг  ҳурмат эътиборида деб жавоб бераман.Худога шукр 7 нафар фарзандим бор.Шуларнинг беш нафари олий маълумотли бўлишди. Раҳматлик турмуш ўртоғим Солияжон билан уларни ўқитдик, вояга етказдик, тўйларини кўрдик.Оилада ҳамжиҳатлик бўлса бир бировга ҳурмат эътибор бўлса,соғлом турмуш тарзига амал қилинса узоқ яшаш мумкин. Менинг ўзим ҳам доимо ҳаракатдаман.90 ёшимда ҳам анча тетик эдим.Энди бўлса икки кам 100 ёшдаман.Шунда ҳам уйга кириб қамалиб ўтирмайман.Эрталаб туриб тоза ҳавода неварам билан сайр қиламан Қуёш чиқишини томоша қиламан.Яна бир кунни,яна бир қуёшни қарши олганимга шукрона қиламан.

Инсон борки ҳаётда ҳар нимани кўриб бораверар экан.Яхши кунларингни қувонч билан ёмон кунларингни сабр билан енгиб бораверасан.Шунинг учун ҳам инсоннинг боши тошдан дейишадида.Ота-она ўлмоқ мерос дейишади,аммо ҳеч ким ҳам болам демасин экан. Лаънати ковиддан катта ўғлим Собиржон  вафот этди.Бир қизим касаллик туфайли дунёдан ўтди.Ўтган йили июнь ойида  турмуш ўртоғим Солияжонни ҳам бериб қўйдик.Қарриганда бу мен учун катта йўқотиш бўлди. Аммо не қиламиз Яратганнинг хоҳлагани. Унинг олдида биз ожизмиз.

Мен умр бўйи ҳалол яшадим.Бир умр ҳалоликни  ўзимга шиор қилдим.Яхши инсонлар билан дўст бўлдим,шунинг учун ҳам улар қаторида юрдим.Бировга ёмонлик қилмадим.Ҳаёт йўлларида отамнинг айтган ўгитларига амал қилдим.Раҳматлик доим айтгувчи эди :”Сени тош билан урганни сен ош билан сийла”

Бундай дориломон  кунларни кўрдик, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Буни қадрига албатта етишимиз ва шукр қилишимиз керак.Тинчлик бўлса ҳамма нарса бўлади.фақат уруш бўлмасин.Уруш номинг ўчсин дейман жаҳонда дейман.

Болтабой Матқурбонов суҳбатлашди. Журналист.

 

 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan