Жумабой Матёқубовни ёд этиб
Жумабой Матёқубовни ёд этиб

Жумабой Матёқубовни ёд этиб

341 marta ko'rildi

Хоразмда ўз услубига эга бўлган улкан бир шоир яшаб  ўтди.У хайрободлик Жумабой оға Матёқубов эди.Унинг шеърлари ҳали сиёҳи қуримасданоқ ўз мухлислари дилидан жой оларди.Унинг шеърларини ўқисангиз кўз ўнгингизда у тасвирлаётган  жараён шундоққина намоён бўлиб бир ҳайратингизга ўн ҳайрат қўшарди.

Бугун шоир орамизда йўқ.Аммо мана 17 йил ўтибдики у ҳамон мухлислари ёдида,қалбида Унинг ёзган шеърлари давраларда баралла янграмоқда.

Бугун шоир таваллуд топган сана 13 май.Шу муносабат билан Қўшкўпир туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабида шоирнинг хотира кечаси бўлиб ўтди.Хотира кечасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси  Гавҳар Ибодуллаева, бўлимнинг етакчи мутахассиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,  шоира Шоира Шамс,”Маҳмуд Аз-Замахшарий”нашриёти директори Болтабой  Матқурбонов, шоирнинг шогирди Махбира Каримова, шоирнинг синглиси Олмажон Жуманиёзова ва туман мактабларининг ижодий- маданий масалалар бўйича тарғиботчилари ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар шоирнинг ҳаёти ва ижодига тўхталиб унинг шеърларидан намуналар ўқишди.

***

АКАМНИ ЭСЛАБ…

 Биз бир ота-онадан ўн нафар фарзандмиз. Шу фарзандларнинг ичида Жумбой оғам жуда бир бошқача инсон эди, Худо раҳматлик.У катта билан катта кичик билан кичикдай муомалада бўлар, кимки хожатталаб бўлса хожатини чиқаришга, қўлидан келган ёрдамини аямай унга яхшилик қиладиган жўмард инсон эди. Балким ижодкорлиги, шоирлиги уни одамларни ,туғилиб ўсган қишлоғини-Хайрободини севишга ундаган бўлса неажаб.

Ушбу сатрларни ёзаяпманку кўз ёшларим юзимини ювяпти.Чунки оғам мени мен оғамни жуда жуда яхши кўрар эдик. Тошкентда олийгоҳда талаба бўлган кезларимда мендан хабар олишлари, моддий томонлама қўллаб қувватлаб туришлари бир умр ёдимдан чиқмайди. Агар оғам(акам) ҳаёт бўлганларида бу йил 74 баҳорни қаршилаган бўларди.

Акам Жумабой Матёқубов 1949 йилнинг 13 майида Хайробод қишлоғида таваллуд топган Ўрта мактабни тамомлагач Хоразм Давлат педагогика институтини тугатиб 1968 йилдан туман газетасида (Мўл ҳосил учун) адабий ходим бўлиб иш фаолиятини бошлайди.Унинг туман ҳаётидан ёритган жуда кўплаб лавҳаю очерклари, репартажу мақолалари тезда газетхонлар оммасига танитди.Кейинчалик у газетада бўлим мудири, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари бўлиб фидойи меҳнат қилди.

1979 йилдан вилоятдаги отахон газета “Хоразм ҳақиқати” газетасида иш бошлади ва умрининг охиригача ўз севган касбида ишлади.

Жумабой оғам журналистгина бўлиб қолмай илоҳийдан берилган шоир эди. Яъни туғма шоир.Унинг ўша йиллари ёзилган қатор шеърлари мухлислар эътиборига тушди.Унинг шеърлари босилган газеталар шеърият шайдолари томонидан қўлма қўл бўлиб кетарди. Унинг  маяковскийча шеър ўқиши ҳар бир одамни хавасини келтирарди.У янги шеър ёзган куни отамга албатта ўқиб берар эди. Отам акамни шеър ўқишини, шеърдаги маъно мазмун моҳиятини маъуллаб бошини сарак-сарак қилиб тинглаб ўтирарди. Ишдан қайтишида отам ёнига бир қур кириб ўтар у билан пича гурунглашиб, бугун кимлар билан ҳамсуҳбат бўлганигача гапириб берарди.

Қишлоғимизнинг шарқ томонида қум барханлари бўлиб, акамни ўша ерда,  шанба, якшанба кунлари қўлида дафтар ручка билан айланиб юрганини кўриш мумкин эди.  Акам табиатдан бахра олиб янги  шеърларига мавзу ахтарарди.У табиат қўйнида якка ёлғиз айланишни хуш кўрарди.

Акамни ўқувчилик йиллари Хива шаҳридан қатнаб бизнинг мактабимизда дарс берадиган Қобулов деган ўқитувчимиз бўларди.У мактабнинг бир хонасини ўзига ётохона қилиб олган эди.Қишнинг совуқ кунлари акам дўстлари билан даладан ўтин териб келиб домлани печкасини қиздириб берар экан.Акамда адабиётга –шеъриятга иштиёқни ўша Қобулов домла уйғотганлигини акам бот-бот эслаб айтарди.

Қанча баҳорларнинг хуш бўйларини,

Ёзлар ола кетди қарадим қолдим.

Оғир оёқ ёзнинг оқ ўйларини,

Кузлар ола кетди қарадим қолдим.

Акам ҳазил-хузулни жуда хуш кўрадиган, одамшинаванда инсон эди. Унинг бир қатор ҳажв рухида ёзилган шеърлари хам бор эдики, агар шеърлар газетада босилса борми дарров мухлислар томонидан ёдланиб давраларда айтилиб юрилар эди.

Боя айтганимдай оиламиз катта эди. Ўн нафар фарзанд. Икки нафар  катта опаларим турмушга чиқиб кетган. Каттаси акам эди. Бизнинг 9 та қўйимиз бор бўлиб эрталаб  акам боқиб келса, тушдан кейин мен ўтлатгани олиб чиқардим. Бир куни “Киччи кўл” деган жойда акам қўй боқиб юрса Сопа ота деган қўшнимиз йўлиқади.

-Жумабой сени шоир дейишади.Қани бир янгисидан бўлса эшитайлик деб қолибди. Шунда акам ўйланиб туриб “бу қўйлар сўйилжоғини ўйлар”деб жавоб берган экан. Бир сафар Сапо отани машинаси “Киччи кўл”да ботиб қолганини эшитиб”Чим отганда шоир Сапо,”Киччи кўл”да бўлди хапо” деб айтган экан.

Хоразмда акамнинг ёзган ҳажвий руҳдаги, юмор, сатирага йўғрилган шеърлари матбуотда босилмай туриб овоза бўлар, табиийки, одатга кўра газеталарда бу ашъорлар “қирқилиб” чоп этилар,баъзан нашр ҳам қилинмасди. Шундай бўлсада у бундан ўкинмас, таниш-билиш турли соҳа вакиллари, гапига қулоқ тутиб суҳбатидан баҳраманд бўлишни истайдиган ижодкорларга шу руҳдаги шеърларини ёддан ўқиб берарди. Раҳбарлар , ҳаттоки ижодий ташкилот ёшуллилариям уни турли тадбирларга таклиф этишмас, бироқ уни ўзига билдирмасдилар. Чунки норозилигини билдирса шоир илҳоми жўш уриб турганда навбатдаги ҳажвиянинг қаҳрамонига айланиб қолишини билишарди.

Акани қариндош туққанга ёру-биродарларига меҳри жуда баланд эди.

Қаҳротон қиш эди.

Сўнгги гугурт чўп.

Ҳўл ўтинни ёқа олмасдан ўчди.

Ўчоққа мук тушиб бир гала бола.

Пуфладик чўғларнинг куллари кўчди.

 

Ўшанда қўшни уй ўчоқ ўтидан,

Онам олиб келган чўғлар ёдимда.

Куни кечагидек бу гаплар гўё,

Бўлиб ўтган бўлсам қадим қадимда.

 

Меҳр оқибатдир одам зийнати,

Бир гап шу қалбингга кўчир кўчирма,

Бир куни эшигинг қоқиб бораман,

Меҳр чўғларини қўшним,ўчирма.

 

Отам Матёқуб балиқчи кўп одамохун,меҳмондўст инсон эди.  Отамнинг кўли -“Қўрф кўл”га кўпдан кўп шоиру ёзувчилар келишарди.Бу ерга Хоразмнинг машхур бахшиси  Болабахши, урганчлик хофизлар Хажибойу Янгибойлар,шоирлардан  Эгам Раҳим, Раҳим Бекниёз, Рўзмат Отаевлар тез-тез ташриф буюришарди.”Қўрф кўли“улар учун битмас туганмас илҳом манбаи эди.

Тошкентда ўқиганим сабаб шоира Қурбоной Убайдуллаева билан танишиб қолдим. Қўшиқчи Мухиддин Ҳолиқовнинг оналари. Бир куни акам мени кўргали келди.Шоира билан узоқ шеър айтишдилар. Акам Қурбоной  опада жуда катта таассуротлар қолдирди.

Бир куни акамга чет элнинг туфлисидан совға қилдим. Афсуски туфли акамнинг оёғига тор келди.”Ака жуда яхши туфли асл мол ,чехларники амаллаб кийинг”десам.”Кавушинг тор бўлса дунёнинг кенглигидан не фойда”деб нақл қилган эдилар.

 

Акамнинг синфдошлари,дўстлари кўп эди. Хивалик Олимбой Бекчонов, Фарҳод Рўзимбоев, Жуманазар Сапаев афсус улар акам тирик пайтда дунёдан ўтиб кетишган эди,Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Олим кетди,

Фарҳод кетди.

Қўзи кетди, ҳолим йўқ.

Қариганда сирлашмоққа чолим йўқ. -деган эди.

Замин қаримайди,

Қарийди инсон.

Гужумлар қарирлар,

Қушлар қарирлар.

Еру кўк яшашга топибди имкон.

Қанийди биз ҳам қаримасак.

Акамни ёзган  шеърлари  ўша даврларда “Илоҳий юпанч”, ”Зиёратгоҳда ёзилган достон”, ”Ёшлар алманахи”, ”Ёшлар баёзи”, ”Уч томир” шеърий тўпламларида чоп этилди. У 1984 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси эди.

Акам оғир хасталик туфайли 2006 йил 16 ноябрда вафот этди.

Олмажон Жуманиёзова,

шоирнинг синглиси.

 

ОРЗУ ВА АРМОНЛАР

            Одатда, инсон ҳаётга бир маротаба келади. Аммо, у яратган маънавий неъматлари – асарлари… инсон қалбида абадий яшайди.

Акам Жумабой Матёқубовнинг матбуотда ёритилган шеър ва мақолалари халқимизга жуда манзур бўлиб, дилларни шод этган, ҳақиқат куйчиси сифатида қалбимиздан жой эгаллаган. Уни       2006 йил 16 ноябрь куни оғир касаллик уни бу дунёдан олиб кетди…

Вафотидан сўнг унинг яшаш хонасидаги қўлёзмаларини ўқир эканман, ҳали матбуотда эълон қилинмаган, биз ҳабардор бўлмаган шеърлари ва мақолаларини кўриб, акамнинг «Мени дилдан ёзган асарларим мен бу дунёни тарк этганимдан кейин дилларга етиб боради, унинг маъносини ҳар бир инсон англаб етади» – деган сўзлари эсимга тушиб кетди.

Акамнинг ўз ишига содиқлиги, ҳақиқат куйчиси эканлигидан мен жуда фаҳрланаман. Улар хозиржавоб, жуда таъсирчан юрак ва қалби пок инсон эдилар.

Ҳаётда содир бўлаётган ҳар бир жараёнга муносабатини, нисбатан илгарироқ  шеърий ёки бўлмаса, мақола тарзида сидқидилдан изҳор этар эдилар.

Ҳатто, вафотидан 2-3 кун олдин хизмат хонасидаги столи устида ёзиб қолдирган охирги мақоласи – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил топганлигининг 14 йиллигига бағишланган бўлиб, байрам нишонланишидан қарийиб 1 ой олдин тайёрланганлиги фикримизнинг далилидир.

Сал олдин менга «Ука! Сен юристсан. Сенда охирги ўзгартишлар ва қўшимчалар билан Конституция китоби борми? Ўзингда шу тўғрисида қандай фикрларинг бор?» – деб, сўраганлари бежиз эмаскан. Унинг ўша пайтда соғлиги жуда ёмонлашган ва худди ўлимини олдиндан билгандай – «Кундан-кунга мадорим қолмаётир, аммо яшаш учун курашиш керак! Мен ижодни тўхтатмаслигим керак»-деган эдилар.

Қанийди, хамма инсонлар ҳам сўнгги нафасигача Ватанни куйласа, унинг дарди билан куйиб-ёнса.

          …Жумахон жим қолса, қидир жаннатдан,

         Изларин кўзга сурт, четда қолдирма.

 Уни эслаб, хотирлаб – шеърларини мутолаа қилиб, руҳини шод, жойини жаннатдан қилишини Яратгандан сўраб қоламиз.

Ушбу ижод маҳсулларини «Шоирнинг иккинчи умри» деб ҳис қиламиз ва унда шоирнинг Ватанга муҳаббат, инсон қадри, севги-муҳаббат, … ҳақидаги ҳис-туйғуларини сезамиз, охир-оқибат у бизнинг қалбимизда абадий яшайди!

 

Ибрагим ЖУМАНИЁЗОВ,

шоирнинг укаси.

ЎЗБЕКИСТОН

 

Ўлкам бағринг кездим саросар,

Юрт бормикан сенга баробар.

Булбулларнинг ошёни боғинг,

Тўтиёдир кўзга тупроғинг.

 

Булоқларнинг қўшиғи хушхол,

Гуллар тутар ариларга бол.

Қушлар айтар гужумга алла,

Қуёш уфққа қўнган бир палла.

 

Бошларида дастурхон билан,

Ҳид таратган иссиқ нон билан,

Тўйга шошар аҳли аёлинг,

Тўй деб яшар йигитинг, чолинг.

 

Кўлларингда балиқлар эрка,

Сапчиб нурга тутишар елка.

Қумларингда явшон, салинлар,

Таъзимдадир гўё келиндай.

 

Тоғни этиб оҳулар маскан,

Ҳаётга роз айтишар шўх-шан.

Сўқмоқларга эгилган гиёҳ

Қайси қалбни этмас маҳлиё.

 

Кўзга суртай, ўпай тупроғим,

Эй гуллаган Ватаним – боғим.

Дунё борки, мудом бўл омон,

Ўзбекистон, ҳур Ўзбекистон!

 

Мустақилсан, юртим озодсан,

Ҳар ўғил-қиз қалбида ёдсан.

Аждодларнинг руҳи мададкор,

Эй буюклар туғилган диёр!

 

Ўлкам бағринг кездим саросар,

Юрт бормикан сенга баробар.

Ватан-мангу ўчмас садодир,

Ватан сотган Ватангадодир.

 

Дунё бўлсанг сарҳад ош, юртим,

Дарё бўлсанг  тўлиб-тош, юртим,

Ирмоқ бўлсанг олға шош, юртим,

Мангу бор бўл, озод қол, юртим!

 

ШУКРИМ

 

Шукрим шу эрур

Шодмону, шоён Жумахонман,

Шодликда яшаб

Сургувчи даврон Жумахонман,

Мақсадда мудом

Тинчлик эрур дилда тилагим,

Кўз тикса ғаним

Рустами достон Жумахонман.

Гар этса тақозо

Кўзима тўтиё тупроқ,

Руҳимда Ватан –

Бўлғуси қурбон Жумахонман.

Миллатни дедим,

Дардисари-дардига юрдим,

Эл ташвишига

Ғамидан Инсон Жумахонман.

Ҳурлиқда камол

Топса не тонг шу она халқим,

Мадҳида онинг

Фитрату, Чўлпон Жумахонман.

Ўзбек Эли бу

Ўзлигини топди жаҳонда,

Маҳшарга қадар

Кўкраги осмон Жумахонман.

Ким айтди магар

Денгизи йўқ деб бу заминни,

Исломи  улуғ

Дарёи уммон, Жумахонман.

Воҳ. Келса вахий

Қолди дея тахтида боқий.

Ҳақдан тила нур

Тун кеча Фармон Жумахонман.

Юрт васфида минг

Абдуллаю, Эркинга устоз,

Ўзбек мен ўз

Ўлкасида хон Жумахонман.

Жумабой Матёқубов.

 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan