Ҳаётда юз берадиган турли кескин вазиятлар, даволаш мақсадида қўлланиладиган дори воситаларининг реакцияси, дори-дармонлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш туфайли уларнинг ножўя таъсирлари, шунингдек айрим ички аъзолар фаолиятидаги етишмовчиликлар сабабли рўй бериши мумкин бўлган анафилактик шок инсон ҳаёти учун хавфли ҳисобланади. Унинг олдини олиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш, зудлик билан шифокорни чақириш ҳаётий зарур чорадир. Ҳозирги кунда анафилактик шок ҳолатига тушиб қолиш аҳоли ўртасида учраб турибди.
Аслида анафилактик шок – ҳаётий муҳим аъзоларнинг анафилактик ва анафилактоид реакцияларда ажраладиган агрессия медиаторлари билан зарарланиши натижасида ривожланадиган полиорган етишмовчиликдир. Анафилактик реакциялар бирор-бир моддага сенсибилизацияга (юқори сезгирликка) эга одамларда антиген-антитело реакцияси натижаси сифатида ривожланади. Кўпинча антибиотиклар танага парентерал йўл билан киритилганда, организмга ҳашаротлар заҳари тушганда, маҳаллий анестетик эритмалари киритилганда, баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилганда кузатилади. Анафилактик реакциялар агрессия медиаторлари бевосита ажралганида пайдо бўлади. Рентген-контраст воситалар, коллоид эритмалар ва парентерал овқатлантириш препаратлари. Анафилактик реакцияларнинг дарҳол юзага келадиган ва секинлашган турлари мавжуд бўлиб, тери қичишиши, эшакем тошиши, тери тошмалариу, нафас олиш бузилиши, артериал гипотония (артериал қон босимининг меъёрдан пасайиши) билан кечади.
Беморни анафилактик шокдан чиқариш:
Анафилактик шок ҳолатидаги бемор зудлик билан шифохонанинг тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилиши шарт. Шок ҳолатидан чиқариш учун реанимация бўлими мутахассислари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилади. Унутмаслик керакки, беморни уйда олиб ўтириш ёки шифокор рухсатисиз ўзбошимчалик билан турли муолажаларни қўллаш вазиятни баттар мураккаблаштириб, оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Хавф туғдирувчи ҳолатларда даво чоралари:
Нафас йўллари ўтказувчанлиги ва 100 фоиз кислород ингаляциясини таъминлаш.
Қон айланиш ҳолатини баҳолаш.
Марказий ва периферик венани катетерлаш, артериал қон босимига қараб адреналиннинг кристаллоид эритмасини киритиш. Венага кириш йўли топилмаганда, адреналинни тил ости ёки трахеяга киритиш мумкин.
Глюкокортикостероидларни киритиш (20-30 мг/кг преднизолон).
Кейинги босқичларда даво чоралари:
Гемодинамика барқарорлашгунига қадар айланиб юрган қон ҳажмини кристаллоид ва коллоидлар билан тўлдириш.
Респиратор терапияси, шу жумладан аэрозолли ингаляциялар, спонтан нафас олишнинг махсус режимлари ва кўрсатмаларга кўра ўпканинг сунъий вентиляцияси қўлланилади.
Бир маротаба 6 мкг/кг миқдорда эуфиллин киритиш ва бир сутка давомида чекмайдиганлар учун соатига 0,4 мг/кг тезлик билан, чекадиганлар учун эса соатига 0,7 мг/кг тезлик билан киритиладиган доимий инфузия.
Антигистамин препаратлар ва H2 блокаторларини киритиш.
Организмдан токсин ва агрессия медиаторларини чиқариб ташлаш: сорбцион ва афферент методлар, диурез стимуляцияси ва бошқалар қўлланилади.
Юз бериши мумкин бўлган асоратлар:
Анафилактик шокда ҳаётий муҳим аъзолар зарарланиб, бунинг ортидан полиорган етишмовчилик ривожланишидан ташқари ятроген асоратлар юзага келиши мумкин. Альфа-адреномиметик препаратлар анафилаксия давомийлигини ошириши мумкин.Узоқ вақт бета-адреноблокаторлар қабул қилаётган беморларда гипогликемия ривожланиши эҳтимоли бор. H2 гистамин рецепторлари блокаторлари юракнинг дақиқали ҳажмини камайтириш ҳисобига артериал гипотонияни келтириб чиқариши мумкин.
Лайло СОЙИБОВА,
Хоразм вилоят Фтизиатрия ва пулмолонология маркази 3-бўлим ҳамшиираси.