Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига кўра, фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.
Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади деб белгиланган. Бу конституциявий норма орқали болаларнинг насл насабини аниқлаш, оталикни белгилаш масаласига жиддий эътибор қаратиш кераклигини англатади. Чунки бола оталик белгилаш орқали таъминот, мерос олиш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлади.
Оталикни белгилаш оила ҳуқуқи институтларидан бири бўлиб, ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг насл-насабини белгиловчи ҳуқуқий восита ҳисобланади.
Оталикни белгилаш тушунчаси ўзаро никоҳда бўлмаган шахслар ўртасида бола туғилиши ва унга насл-насаб белгиланиши муносабати билан юзага келади. Шу маънода оталикни белгилаш масаласи ота-оналар ва болалар ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга асос бўлади. Оила кодексига биноан, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига боланинг отаси ҳақидаги ёзув:
– бола ўзаро никоҳда бўлган шахслардан туғилган ҳолларда тўғридан-тўғри ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома асосида;
– бола ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган ҳолларда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки отанинг аризаси, ёки отанинг ҳомийси ёхуд васийлик ва ҳомийлик органининг аризасига биноан;
– суднинг оталикни белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарори асосида;
– ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки суднинг оталикни белгилаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори бўлмаса, отанинг ёки онанинг фамилияси бўйича, отасининг исми, фамилияси ва миллати – онанинг кўрсатмаси асосида ёзилади.
Қонунда назарда тутилган тартибда оталик белгиланганда болалар ота-онаси ва уларнинг қариндошларига нисбатан ўзаро никоҳда бўлган шахслардан туғилган болалар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар (Оила кодексининг 64-моддаси).
Оталикни белгилашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликни қўлланилиши тўғрисида”ги 2011 йил 25 ноябрдаги 08-11-қарори ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликни қўлланилиши тўғрисида”ги 2011 йил 25 ноябрдаги 08-11-қарорининг 14-банди биринчи хатбошисида тушунтирилишича, зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида суд Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.
Амалиётда, оталикни белгилаш тоифасидаги ишларни кўришда аксарият ҳолларда одам ДНКси суд биологик экспертизаси тайинланмоқда ва боланинг биологик отаси аниқланмоқда.
Мисол тариқасида, даъвогар А.О. жавобгар Р.Ш. га нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, оталикни белгилаш ва алимент ундиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2022 йил 21 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган. Даъво талабининг қаноатлантирилишига одам ДНКси суд биологик экспертиза хулосаси билан Р.Ш. боланинг отаси эканлиги тасдиқланганлиги асос бўлган, чунки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги 35-сонли қарорининг 18-бандида эксперт хулосаси, агар у ФПК талабларига қатъий мувофиқ ҳолда тайинланган ва ўтказилган суд экспертизаси натижаси бўйича тузилган бўлса, мустақил исботлаш воситаси тури сифатида фойдаланилиши мумкин деб тушунтириш берилган.
Оила кодексининг 62-моддаси 2-қисмида бевосита оталикни белгилаш тўғрисида иш қўзғатувчи шахслар аниқ кўрсатилган. Унга мувофиқ, боланинг ота-онасидан бири, боланинг васийси (ҳомийси), болани ўз қарамоғига олган шахс, шунингдек, бола вояга етгандан кейин унинг ўзи даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Шу билан бирга, она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, отанинг ФҲДЁ органига ариза беришига васийлик ва ҳомийлик органи розилик бермаган ёхуд биргаликда ариза беришга она рози бўлмаган ҳолларда ота судга даъво аризаси билан мурожаат этиши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги фуқаролик ишини, даъво қўзғатишдан ташқари, алоҳида иш юритиш тартибида ҳам кўриб ҳал қилишга йўл қўйилади. Чунки амалдаги Оила кодексининг 62-моддаси 4-қисмида боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отасиман деб тан олган шахс вафот этган тақдирда, унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкинлиги таъкидланган.
Бошқа фуқаролик ишларидан фарқли равишда, оталикни белгилашда суд эътиборга олиши лозим бўлган далиллар Оила кодексининг 62-моддаси 3-қисмида санаб ўтилган. Хусусан, суд оталикни белгилаётганда боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлигини ёки уларнинг болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олиши керак.
Оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган талабларга даъво муддати жорий қилинмайди. Шу жумладан оталик белгилаш ҳақидаги ишларга ҳам оталик белгиланмайди. Бироқ, Оила кодексининг 63-моддасида оталикка эътироз билдириш ҳақида даъво қўзғатиш учун бир йиллик муддат белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, боланинг оталигини белгилаш орқали унинг фуқаролик, оила қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади.
Ғайрат Матякубов,
фуқаролик ишлари бўйича
Боғот туманлараро суди раиси.