Бугунги кунда юртимизда барқарор ўсиш суръатлари ва аҳолининг юқори фаровонлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун барча шарт-шароитларни яратувчи замонавий иқтисодиётни янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларни жадал модернизациялаш, бу соҳада мамлакат рақобатбардошлигини ошириш мақсадида саноат ҳамда бошқа муҳим тармоқлардаги ишлаб чиқаришни диверсификациялаш натижасида бугунги кунда миллий иқтисодиётимиз замон талабларига мос келувчи янги қиёфа касб этиб бормоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, юртбошимиз томонидан иқтисодиётимизни янада ривожлантириш борасида махсус дастурлар, қарор ва фармонлар қабул қилиниб ижрога йўналтирилмоқда.
2023 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилинган қарордан ҳам мамлакатимизни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсад қилинган. Мамлакатимизнинг келгуси даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланадиган ушбу қарорда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳудудларда, айниқса, маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан жамоатчилик фикри ва аҳоли истаклари асосида 2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.
2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий параметрлари ҳамда 2025 – 2026 йиллар учун мақсадли мўлжаллар;
2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш доирасида молиялаштириладиган йўналишларнинг асосий параметрлари;
2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларида янги қувватлар яратишнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда 2025 – 2026 йиллар учун мақсадли мўлжаллар;
2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатлар;
2024 йилда маъмурий, муҳандислик-инфратузилма, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхат;
2024 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва мудофаа объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхат;
2024 йилда махсус иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича объектларнинг манзилли рўйхати;
2024 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган бюджет тизими бюджетларидан молиялаштириладиган объектлар рўйхати шулар жумласидандир.
Ҳеч шубҳасиз, Қарорда эзгу ниятлар ила белгилаб олинган мақсад ва вазифалар халқимиз фаровонлигини таъминлаб, ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилиш билан бир қаторда, юртимиз келажагига самарали ва ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имиджини мустаҳкамлаш баробарида, уни халқаро майдонда янада ишончли ҳамкор сифатида намоён этишга замин яратади.
Н.Солаев,
“Юксалиш ҳаракати” Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассиси.