УСТОЗ ЖУРНАЛИСТНИ ЁД ЭТИБ
Журналистик фаолиятимнинг дастлабки кунлариданоқ устозларнинг, ҳамкасбларнинг ижодий фаолиятини кузатиб келаман. Айниқса, босма нашрларда, яъни газеталарда фаолият юритаётган устозларимнинг, ҳамкасбларимнинг ҳар бир мақолани, лавҳани, репортажни, журналистиканинг барча жанрларидаги материалларни масъулият билан тайёрлаётганлигининг гувоҳи бўламан.
Журналистикада гоҳида айрим ҳамкасбларимиз соҳалар бўйича ихтисослашган тарзда мақолалар ёзишга ҳаракат қилишади. Масалан, саноат, қурилиш, коммунал хизмати каби қатор соҳаларда мақолалар тайёрлаш бўйича ихтисослашадилар. Бу ҳам яхши. Бироқ, шундай устозларимиз, ҳамкасбларимиз ҳам борки, улар ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барча йўналишлари бўйича журналистиканинг жанрлари асосида материалларни тезкорлик билан тайёрлаб, самарали ижод қилиб келишган. Ана шундай серқирра, сермаҳсул журналистлардан бири устозимиз Абдулла Сафоев эди.
Устоз Абдулла Сафоев ҳар бир материални тезкор, ўқишли, таъсирчан, маромида тайёрлай оладиган етук журналист, ўткир публицист эди. Абдулла Сафоев асли хивалик. У 1952 йил баҳор фаслида Хива шаҳрида таваллуд топган. 1981 йилда Хоразм давлат педагогика институти (ҳозирги Урганч давлат университети)ни тамомлаган. Унинг орзуси газета таҳририятларида фаолият кўрсатиш эди. Абдулла Сафоев бунинг учун ўз устида тинимсиз ишлади. Журналистикага оид илмий-оммабоп китобларни қунт билан мутолаа қилди. Қолаверса, вилоят, туман газеталарида кўплаб мақолалари чоп этила бошланди.
Абдулла Сафоев дастлаб Қўшкўпир туманида чоп этиладиган “Мўл ҳосил учун” (ҳозирги “Ҳаёт кўзгуси”), кейинчалик “Хива тонги” газеталарида фаолият юритди. Устознинг журналистик фаолияти йиллар давомида ҳар томонлама такомиллашиб борди. “Хоразм ҳақиқати” газетасида ҳам турли мавзулардаги мақолалари тез-тез чоп қилинар эди. Устоз Абдулла Сафоевнинг орзуси амалга ошиб, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида мухбир бўлиб фаолият юрита бошлади. “Отахон газета таҳририятида ишлаган йилларим мени янада самарали ижодий, журналистик фаолият юритишимга руҳлантирди. Янада жўшиб ижод қилмоқдаман”, дея устоз биз ёш журналистларга доимо сўзлаб берар эди.
Маълумки, газетамизда воҳамизнинг барча соҳалари кенг ёритиб борилади. Ва газетанинг ҳар бир сонига мақолани мухбир тезкорлик билан тайёрлаши муҳимдир. Ана шундай тезкор, ўқишли, ранг-баранг материаллар тайёрлашда Абдулла Сафоевнинг фаолияти жамоа аъзолари, биз ёш журналистлар учун ибрат мактаби эди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Абдулла Сафоев мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим, адабиёт, санъат, маданият, спорт, тиббиёт, барча соҳалар бўйича материалларни юксак маҳорат билан тайёрлаш қобилиятига эга эди.
Айниқса, қадимий ва навқирон Хива шаҳрида ўтказиладиган халқаро миқёсидаги кўрик-танловлар, фестиваллар ва бошқа кўплаб маданий тадбирлардан репортажларни тайёрлашда устознинг журналистик маҳорати янада ёрқин намоён бўлар эди. “Қовун сайли”дан репортажлар тайёрлаш жараёнида уста деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, чет эл давлатларидан ташриф буюрган меҳмонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг интервьюларини тезкорлик билан тайёрлар ва ушбу материаллар газетамизда чоп қилинар эди.
Устоз Абдулла Сафоев Хивага поезд келган дақиқалардан кўплаб материалларни катта хурсандчилик билан тайёрлаганлигини газетамизда чоп этилган мақолалари орқали ҳам яққол кўриш мумкин. Бир сўз билан айтганда, устозимиз Абдулла Сафоев тезкор, сермаҳсул, жўшиб ижод қилган фидойи журналистлардан бири эди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Огаҳий ижод мактабида таниқли журналист Абдулла Сафоевнинг хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекчанова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдулла Собиров, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова, меҳнат фахрийси Отаназар Пирназаров, таниқли журналист Болтабой Матқурбонов, “Хива тонги” газетаси бош муҳаррири Шержон Машарипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Болтабой Бекматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Отабек Исмоилов, Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактаби директори Сарварбек Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқдилар. Улар устоз Абдулла Сафоевнинг меҳнат фаолияти, салоҳиятли ижоди, иқтидорига алоҳида тўхталдилар.
Абдулла Сафоев нафақат тажрибали журналист эди. Шунингдек, устоз 20дан зиёд китобларнинг муаллифи ҳамдир. Абдулла Сафоевнинг шеърлари санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб куйланмоқда.
Тадбир давомида Абдулла Сафоевнинг оила аъзолари ҳам у уйида шинамгина кутубхона ташкил этиб, гоҳида тонггача ижод қилганлигини, доимо изланишда, ҳаракатда бўлганлигини алоҳида қайд этишди.
– Абдулла ака ишдан қайтгач ҳам, овқатланиб бўлгач, дарҳол ижодхонасига кириб, мақолалар ёзишга киришарди. Мен оҳиста кўк чой дамлаб, стол устига қўяр эканман, “Раҳмат”, дея менга ҳурмат билан бир қараб қўйиб, яна қизғин иш жараёнига киришар эди, – дейди Абдулла Сафоевнинг умр йўлдоши Тўхтажон опа. – Газеталарда, журналларда мақолалари, шеърлари, ижод намуналари чоп қилинса, ниҳоятда севинар эди. Набираларига ҳам “Китоб ўқинг, китоб дўстингиз бўлсин, болаларим”, дея маслаҳатлар берар эди. Бугун уйимиздаги кутубхонамиз набираларимнинг севимли масканидир.
Ҳа, меҳрибон мураббийимиз Абдулла Сафоев олижаноб фазилатларга эга бўлиб, ҳамиша эзгу ишлар ҳамроҳи бўлган. Таҳририятда ижодий жараёнларда устозимиз Абдулла ака Сафоев доимо биз ёшларга газеталарга мақолалар тайёрлашда янада масъулият билан муносабатда бўлиш муҳимлигини қайд этиб, тавсиялар бериб борар эди.
Устозимиз хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир давомида мактаб ўқувчилари Абдулла Сафоевнинг шеърларини ёддан айтишди. Санъаткорлар қўшиқлар ижро этишди.
Ана шундай фидойи, жонкуяр, меҳрибон устоз журналист билан ёнма-ён фаолият юритганлигимиздан биз ёшлар фахрланамиз. “Хоразм ҳақиқати” газетасининг тахламларини варақлар эканмиз, Абдулла Сафоев имзоси билан қайд этилган юзлаган мақолалар, лавҳалар, репортажлар, илм-фан намояндалари, машҳур кишилар билан суҳбатларини ўқиш мумкин. Устозимизнинг хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.
Отахон РАҲИМ.
Муаллиф олган суратлар.