Юрт сайқали ёхуд Самарқанд саёҳатидан таассуротлар
Юрт сайқали ёхуд Самарқанд саёҳатидан таассуротлар

Юрт сайқали ёхуд Самарқанд саёҳатидан таассуротлар

167 marta ko'rildi

Хонамда ижод билан банд эдим. Қўл телефоним жиринглаб қолди. Экранда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармасининг таниш рақами кўринди.

– Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Самарқандга бепул саёҳат ташкил этяпмиз. Сизни ҳам таклиф қиламиз. Паспорт нусхангизни жўнатинг!

Ҳаяжондан юрагим тарс ёрилай деди. Ахир, бу менинг азалий орзуим-ку! Тўғри, бу қадимий шаҳарга уч ой олдин илмий мавзудаги мақолалар танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимига борган эдим. Аммо унда вақтимиз чегараланган, фақат тадбирда қатнашиб қайтишимиз керак эди. Бу гал эса икки кунлик саёҳат! Бунинг устига устозлар, ҳамкасблар билан. Янги дўстлар орттириш, ижодий мулоқот имконияти ҳам бор.

Юмшоқ ва шинамлиги, тезюрарлиги, барча қулайликлар мавжудлиги билан ҳаво лайнерига ўхшаб кетадиган энг сўнгги русумдаги автобус соат 21 да йўлга чиқди. У ҳаракатланиши билан журналистлар ўртасида шеър ўқиш, латифа айтиш, турли ҳангомалар авжга чиқди. Қўшиқ ва рақслар ярим тунгача давом этди. Қизилқум саҳросининг зимистон кенгликлари кўзларимизни уйқуга элтди. Уйғонганимизда донишманд шоиримиз “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” дея эътироф этган афсонавий шаҳар бизга бағрини очганди.

50 нафар қалам аҳлини ташкилотчилар буюк астроном олим, давлат ва жамоат арбоби Мирзо Улуғбек расадхонаси олдидаги майдонда кутиб олишди. Бир лаҳзалик танишувдан сўнг меҳмонлар XV асрда Мирзо Улуғбек фармойиши билан Кўхак (Чўпонота) тепалигида бунёд қилинган мазкур расадхонани зиёрат этдилар. Бизга ҳамроҳлик қилган гид-таржимон Жамшид Абдусамиев ушбу тарихий обида хусусида батафсил тушунтириш берди. Журналистларнинг турли-туман саволларига жавоб қайтарди. Шундан сўнг сайёҳлар Хўжа Дониёр мақбарасини томоша қилишди.

Амир Темур Кичик Осиёга етти йиллик юриши вақтида Суза шаҳридаги авлиё Дониёрнинг қўнимгоҳидан унинг бир сиқим ҳокини олиб келади ва Афросиёб тепалигига жойлаштиради. Кейинчалик тупроқ устига қабр қуришмоқчи бўлганида унинг аниқ қўйилган жойини топишолмайди ва қабрни 18 метр узунликда бунёд этишади. Мўъжизани қарангки, бу воқеадан сўнг қабр тепасидаги қарийб беш юз йилдан зиёд қуриб ётган дарахтга қайта жон киради ва у бугун табаррук масканга соя солиб турибди. Бу ҳолат журналистларни чунон ажаблантирди.

Ҳамкасбларимизнинг кейинги манзили мустақиллигимиз асосчиси ва раҳнамоси Ислом Каримов мангуга ётган Хазрати Хизир мажмуаси бўлди. Маҳобатли мақбара ёнида барпо этилган айвонда Биринчи Президентимиз ҳақларига дуо қилиниб, Қуръон тиловат этилди.

Хоразмлик матбуот ва телевидение ходимлари учун шаҳарнинг сўлим гўшасида жойлашган муҳташам “Нодир Самарқанд” меҳмонхонасида жой ва овқат тайёрлаб қўйишган экан. Бири-биридан ширин таомлар билан тушлик қилингач, ҳароратнинг юқорилиги сабаб пешингача дам олиш эълон қилишди. Лекин мен имкониятни бой бермай бизнинг Урганчга энди кириб келган “Yandex” такси хизматидан фойдаланиб азалий орзуим – Ислом Каримовнинг ота уйига бордим. Ҳеч кимникидан фарқ қилмайдиган оддий ҳовли. Шу ерда зиёратчилар учун Қуръон тиловат этаётган имомнинг айтишича, 1966 йилда бу ердан ўз оёғи билан чиқиб кетган юрт отасини орадан 50 йил ўтиб халқ бошида кўтариб олиб келган. Сайёҳларга қўшилиб улуғ бобомиз сўнгги манзилга тайёрланган хонага бош суқдим. Кўзлари намланган ватандошларимга боқиб, қароқларимга ёш инди. У ердан чиқиб, Ислом Каримов ўқиган 21-мактабга ўтдим. Бино гарчи, янгиланган бўлсада, унинг остоналарида истиқлол бунёдкорининг оёқ изларини кўргандай, меҳр тафтларини туйгандай бўлдим. Ниятим амалга ошганидан қалбим оройиш топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарининг бош муҳаррири Фармон Тошев қадимий воҳадан бир гуруҳ қалам аҳллари зиёратга келганидан хабар топибдилар ва бизни бирлашган таҳририятга таклиф этибдилар. Куннинг иккинчи ярмидаги саёҳатимиз худди ана шу ердан бошланди. Бизни ҳайратга солган нарса юқоридаги иккита газета таҳририяти билан бирга “Овози тожик” газетаси таҳририяти шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими жойлашган бинонинг кўркамлиги ва унда ижодкорлар учун яратилган шароитлар бўлди. Фармон аканинг жорий йил учун вилоят газетасига 15 минг нусха йиллик, туман газеталарига 2-3 мингдан йиллик обуна тўпланганини, келгуси йилда “Зарафшон” газетасининг обунаси 20 мингга етишини айтганида ҳамкасбларимиз айниқса, босма нашрларда фаолият кўрсатаётган журналистлар лол қолишди, десам ишонаверинг! Демак, бизнинг муассисларимизнинг Самарқанддан ўрганадиган тажрибалари ҳали кўп экан. Саёҳат чоғида икки вилоят ижодкорлари ўзаро тажриба алмашишди. Вилоят газеталарининг 100 йиллик тарихига бағишланган музей ҳаёти билан танишишди.

Самарқандга ёндош қилиб, 2018-2022 йилларда барпо этилган “Боқий шаҳар” мажмуасини томоша қилиш хоразмлик қаламкашларда катта қизиқиш уйғотди десам адашмайман. 7 гектар майдонни эгаллаган, тарих ва бугунги кун уйғунлигини ўзида акс эттирган бу масканда сайр қилсангиз, ўзингизни мўъжизалар оламига тушиб қолгандай ҳис этасиз. Мажмуадан Чорсу шарқ бозори, миллий услубдаги чойхоналар, ширинликлар билан савдо қилувчи шахобчалар, миллий кийимлар галереяси, кутубхона, қўғирчоқ театри, шахмат мактаби жой олган. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахонаси ташкил этилган. Уларда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларни сайёҳларга намойиш қилишади. “Боқий шаҳар” ни кесиб ўтувчи сунъий ҳовузда қайиқда сузаётган меҳмонларни кўрсангиз, ўзингизни худди машҳур Қора денгиз соҳилидагидек тасаввур этасиз. Хуллас, афсонавий маскан осмонда илк юлдузлар кўрингунча бизни қўйиб юбормади. Тун қоронғусида бир олам таассуротлар билан меҳмонхонага қайтдик. Яна мазали овқат, фалагидан янги узилган тарвуз, ширинликлар. Фармон Тошев олиб келган қўшимча егуликлар ҳам дастурхонга файз бағишлади.

Ҳамкасбларимиз эрталабки нонуштадан кейин саёҳатни жаҳонга машҳур ва Ўрта осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилган “Гўри Амир” мақбарасини зиёрат қилишдан бошлашди. Мақбара қурилиши 1403 йилда Амир Темурнинг вориси Муҳаммад Султоннинг  вафоти муносабати билан бошланган, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган ҳамда Амир Темур ва темурийлар хилхонасига айлантирилган.

Табиийки, Самарқандга ташриф буюрган сайёҳ Регистон майдонини зиёрат қилмасдан қайтмайди.  Бизда ҳам худди шундай бўлди. Шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган Мирзо Улуғбек, Тилла қори ва Шердор мадрасаларидан иборат ушбу ансамблни томоша қилиш баробарида журналистлар ўзларини гўёки, ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис этганликлари турган гап. Уларни майдон бурчагида қурилган қабр қизиқтириб қолди. “Бу мана шу мадрасаларни бунёд этишда қатнашган кишиларни озиқ-овқат хусусан, гўшт билан таъминлаб турган қассобнинг қабри, – тушунтириш берди гид-таржимон Ж.Абдусамиев. – Шаҳар ҳокимининг фармойишига кўра, у шу ерга дафн этилган”. Демак, ҳамма замонларда ҳам эзгулик қадр топган эканда!

Бибихоним мадрасаси ва хилхонаси, Шохи Зинда мажмуаси зиёратида бўлиш ҳам воҳалик қалам аҳлларининг саёҳати кун тартибидан четда қолмади. Бино пештоқига битилган ёзувлар, турфа нақшу рангларга суқланиб-суқланиб боқишди. Самарқанд саёҳатида диққатимизни тортган энг муҳим жиҳат шу бўлдики, қайси қадамжога бормайлик, у ерда дурас-дурас чет эллик меҳмонларга дуч келдик. Демак, қадимий шаҳар дунё нигоҳида экан деган тасаввур қалбларимизга ғурур бағишлади.

Автобусимиз шаҳар кўчалари бўйлаб белгиланган манзиллар сари ҳаракатланаркан, атрофга термуламан: шишадек йўллар, осмон билан бўйлашаётган қучоқ етмас дарахтлар, тангадек қуёш тушмайдиган йўлаклар. Тозаликни, турли кўринишда экилган гулларни айтмайсизми? Оҳ, Самарқанд, Самарқанд!

Тушликда меҳмонларни хоразмча ош билан силашди. Кун пешинга оққанда дунё тамаддунида ўз ўрнига, мавқеига эга бўлган, Ўзбекистон юзига хол мисол ярашиб турган, юрт сайқалига айланган, икки саркардани мангу бағрига олган Самарқанд билан хайрлашдик. Амударёни Питнакда кесиб ўтганимизда кўҳна Хоразм тун оғушида, элдошларимиз осуда уйқуда эди.

Мафтуна СОТИМОВА,

“Xorazm ma’rifati” газетасининг муҳаррири.

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan