Ишга қабул қилишни расмийлаштиришнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари
Ишга қабул қилишни расмийлаштиришнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари

Ишга қабул қилишни расмийлаштиришнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари

294 marta ko'rildi

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ АЙРИМ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Маълумки, жамиятдаги ҳар бир ҳуқуқий муносабат муайян тартиб ва жараёнларни ўз ичига олади. Ходимни ишга қабул қилиш ҳам ўз тартибига эга. Ходимни ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва бошқа норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасида ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Айрим ҳолларда, иш берувчи аввал ходимни ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариб, сўнг меҳнат шартномасини имзолайди. Ушбу холат юқоридаги қонун нормасига зиддир.

Қонунда белгиланган тартибда ходимни ишга қабул қилишни расмийлаштириш ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатлари юзага келганлиги, ходим корхона, ташкилот ёки муассаса меҳнат жамоасига кирганлигини, корхона, ташкилот ёки муассасада ўрнатилган ички тартиб қоидалари, жамоа шартномаси ва бошқа локал ҳужжатлардаги тартиб ва қоидалар эндиликда ишга қабул қилинган ходимга нисбатан тааллуқли эканлигини, иш берувчи ва ходим ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келганлигини англатади.

Ишга қабул қилиш мулкдорнинг ёки у берган ваколат асосида бошқа шахс  томонидан расмийлаштирилади. Буйруқда ишга қабул қилинаётган ходимнинг фамилияси, исми ва шарифи, касб, вазифа ва лавозимнинг номи, иш ҳақи тўлаш тури, қачондан бошлаб ишга қабул қилиш амалга оширилаётганлигини ва бошқа муҳим холатлар кўрсатилиши керак. Буйруқда ходимнинг касб, вазифаси Ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори”да номланган ҳолда кўрсатилади.

Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида турли шаклдаги юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Шу сабабли, иш кучига зарурият ортиб бормоқда. Шу ўринда, айрим иш берувчилар ишга қабул қилишни қонунда белгиланган тартибига риоя қилмаганлик холатлари ҳам учраб турибди. Бунинг оқибатида фуқароларни меҳнатга оид қонун билан қўриқланган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмоқда.

Жумладан, даъвогар Абдуллаева Наргиза (исм ва фамилияси ўзгартирилган) жавобгар МЧЖга нисбатан даъво ариза билан судга мурожаат қилиб, ишга тиклашни сўраган.

Фуқаролик иши ҳужжатларига кўра, МЧЖ раҳбари (иш берувчи)  Н.Абдуллаевага ўз жамиятига қарашли ошхонада ишчи вазифасида ишлашга рухсат берган, бироқ меҳнат шартномаси расмийлаштирмаган. Бир неча ой ўтгандан сўнг, МЧЖ раҳбари ошхона ишчиси вазифасида ишлаб, ўзининг фукционал вазифаларини бажариб келган Н.Абдуллаевага у билан меҳнат шартномаси тузмаганлигини, ишга қабул қилмаганлигини, шу сабабли ошхонага қайтиб келмаслигини айтган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддаси олтинчи қисмига кўра, ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Мазкур ҳолатда, Н.Абдуллаева билан ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилмаган бўлсада, амалда ишлаб келган кундан бошлаб у билан меҳнат шартномаси тузилган ҳисобланади, чунки Н.Абдуллаева ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ижозати билан ошхонада ишлаб келган.

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан Н.Абдуллаеванинг даъво талаби қаноатлантирилиб, унинг меҳнат қилиш билан боғлиқ бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланган.

Хулоса ўрнида айтганда, иш берувчи ходимни ишга қабул қилишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиши лозим, акс ҳолда қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини, ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари иш берувчи томонидан таъминланиши, ўз навбатида, корхонада унумдорликка, самардорликка ва меҳнат жамоасини жипслашишига хизмат қилади.

 

Ғайрат МАТЯКУБОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди судьяси.

 

 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan