Табиатни асраш — инсониятни асраш демак
           Табиатни асраш — инсониятни асраш демак

           Табиатни асраш — инсониятни асраш демак

329 marta ko'rildi

Бугунги кунда экология билан боғлиқ муаммолар глобал кўриниш касб этиб, муайян шароитга мослашган бир бутун экотизим йўқолиб кетишига олиб келаётгани ва бунга, биринчи навбатда, антропоген омиллар сабаб бўлаётгани жаҳон аҳлини ташвишга солмоқда.

Албатта, инсоният тамаддунининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва наботот олами инсон ҳаётий фаолияти учун зарур эҳтиёж манбаи бўлиб келган. Техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган ХХI асрда экология, биохилма-хилликни асраш, табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар бир минтақа ёки бир мамлакатгагина эмас, балки барча қитъаларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, инсоният олдидаги долзарб вазифалардан бири — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик ҳисобланади. Ахир экологлар яқин 50 йилда сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик қарийб 50 фоизга камайиши ва бу аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида бизни бежиз огоҳлантирмаяпти. Буни сайёрамизда инсон томонидан ҳосил қилинган чиқинди миқдори табиий пайдо бўладиган миқдорга нисбатан 2 минг баробар кўплиги, ҳайдаладиган ерларнинг 40 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун мутлақ яроқсиз ҳолга келтирилганидан ҳам англаш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатда турларнинг ривожи бамисоли занжирдек бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Табиатнинг ноёб флора ва фаунасини муҳофазалаш, бундай ҳудудларни кенгайтириш мақсадида сайёрамизда 11 январь — Қўриқхона ва миллий боғлар куни сифатида нишонланади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни бевосита тартибга солувчи 15 дан зиёд қонун, табиий ресурсларнинг айрим турларидан фойдаланиш механизмлари ва шартлари, шунингдек, давлат экологик экспертизасини амалга ошириш, турли тоифадаги қўриқланадиган ҳудудларни ташкил қилиш ва уларда алоҳида фойдаланиш режимини ўрнатиш тартиб-таомиллари ва бошқа масалаларни белгилаб берган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва амал қилмоқда.
Мафтункор юртимизда ўсимликларнинг 4 ярим мингга яқин тури ўсади. Биологик ва ландшафт ранг-баранглиги ҳам асосий миллий бойликларимиздан саналади. Умуртқали ҳайвонларнинг фаунаси 105 турдаги сут эмизувчилар, 441 турдаги қушлар, 60 турдаги судралиб юрувчилар, уч турдаги ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшайдиган жониворлар ва 76 турдаги балиқларни ташкил этса, умуртқасизлар фаунаси ўн беш минг турга етади.
Бетакрор табиатимиз ва ундаги биохилма-хилликни тўлиқ муҳофаза этиш, уларни қайта тиклаш ва кўпайтириш ишлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилмоқда. Республикамизда 8 та давлат қўриқхонаси (Чотқол, Зомин, Нурота, Ҳисор, Китоб, Сурхон, Зарафшон, Қизилқум), 2 та миллий табиат боғи (Угом-Чотқол миллий табиат боғи, Зомин миллий табиат боғи), 1 та давлат биосфера резервати (Қуйи Амударё давлат биосфера резервати), 13 та давлат буюртмахоналари, 7 та давлат табиат ёдгорлиги ва ҳайвонларни кўпайтиришга мўлжалланган 3 та табиий питомник («Жайрон» экомаркази ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган 2 та йўрға-тувалоқ парваришлаш питомниги) фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 83 та маҳаллий аҳамиятга эга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мавжуд. Бу ҳудудларда миллий ҳамда халқаро «Қизил китоб»ларга киритилган 181 турдаги ҳайвон, 400 турдаги ўсимлик давлат муҳофазасига олинган.
Бугунги кунда қўриқхоналар ва миллий табиат боғлари ходимлари нафақат ўз ҳудудидаги табиий бойликларни асраш, балки аҳоли ўртасида муҳофаза этиладиган табиат бойликларининг инсон учун нечоғли муҳимлигини тушунтириш, атроф-муҳит озодалиги ва биохилма-хилликни сақлаш билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб бораётгани таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелда имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, чиқиндилар билан боғлиқ ишлар самарали амалга оширилишини таъминлаш белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил қилинди.
Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган вазифаларни бажаришда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, республикамизда экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштирокининг фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш, бу борада қабул қилинган қонунлар ҳамда қарорлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг бош мақсадидир.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Экологик партияси иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланиши тарафдори ва экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратади. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Мухтасар айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Майсара РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Экологик партияси Қўшкўпир туман кенгаши раиси.

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan