Меҳнат қонунчилигида хизмат текшируви ва уни ўтказиш тартиби
Меҳнат қонунчилигида хизмат текшируви ва уни ўтказиш тартиби

Меҳнат қонунчилигида хизмат текшируви ва уни ўтказиш тартиби

710 marta ko'rildi

Маълумки, 2022 йил 29 октябрда янги таҳрирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилиниб, 2023 йил 30 апрелдан бошлаб кучга кирди. Мазкур кодекс ходимларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг, шу жумладан меҳнат қилишга, эркин иш танлашга, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларга ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқнинг давлат томонидан кафолатланишига хизмат қилади.

Эски таҳрирдаги Меҳнат кодекси вақт ўтиши билан бугунги кун талабига жавоб бермасдан қолди ва ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлашда бирмунча қийинчиликлар туғдириб келаётган эди. Хусусан, эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ходим айбли хатти-ҳаракат қилган ёки қилмаганлигини аниқлаш, ходим ҳуқуқбузарлигини содир этиш сабаб ва шароитлари аниқлаб, келгусида ушбу сабаб ва шароитларни бартараф қилиш механизмининг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас эди.

Эндиликда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида хизмат текшируви ва уни ўтказиш тартиби белгиланди, бу эса иш берувчилар томонидан ходимларга нисбатан асоссиз равишда интизомий жавобгарлик қўллашни олдини олади.

Иш берувчининг ташаббуси билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари жумласига, ходим томонидан бир марта қўпол равишда бузиш ва ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузиб келганлик ҳолатлари киради. Ушбу асослар бўйича аксарият ҳолларда иш берувчи томонидан ходим айбли хатти-ҳаракат қилган ёки қилмаганлигини аниқламасдан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳолатлари учраб келган.

Буни суд амалиёти мисолида кўрадиган бўлсак, даъвогар Б. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, АЖ га нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклашни сўраган.

Ишдаги ҳолатлардан кўринишича, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-банди (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиши) га асосан бекор қилган.

Маълумки, судда буйруқни қонунийлигини исботлаб бериш мажбурияти иш берувчига юклатилади. Бироқ, иш берувчи ходим айбли хатти-ҳаракат содир қилганлигини тасдиқловчи мақбул далилларни тақдим қила олмади, чунки иш берувчи ҳолат юзасидан ходимнинг айбли хатти-ҳаракат мавжуд ёки мавжуд эмаслигини лозим даражада текширмаган.

Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2023 йил 27 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, иш берувчининг буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, Б. аввалги вазифасига ишга тикланган.

Хизмат текшируви тушунчасига назар ташласак, хизмат текшируви бу ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, унинг содир этилишида ходимнинг айбини, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни, иш берувчига етказилиши мумкин бўлган моддий зарарнинг хусусияти ва миқдорини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган текширишдир.

Хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун оммавий ахборот воситаларининг хабарлари, ходимнинг бевосита раҳбарининг билдиргиси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилган деб тахмин қилиш учун асос берадиган бошқа маълумотлар асос бўлади.

Хизмат текшируви ўтказиш тўғрисидаги қарор тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади.

Хизмат текшируви ўтказиш учун иш берувчининг буйруғи билан хизмат текшируви ўтказиш бўйича комиссия тузилади (бундан буён матнда комиссия деб юритилади).

Комиссия камида уч нафар аъзодан иборат бўлиши керак, уларнинг бир нафари комиссиянинг раиси бўлади. Комиссия таркибига ташкилотда мавжуд бўлган тақдирда касаба уюшмаси қўмитасининг аъзоси киради.

Комиссия таркибига қуйидаги шахсларнинг киритилишига йўл қўйилмайди:

хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган мансабдор шахс;

ҳаракатлари текширилиши зарур бўлган ходимлар бўйсунувидаги ходимлар;

ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходим билан қариндошлик алоқаларида бўлган шахслар;

хизмат текшируви натижаларидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлиши мумкин бўлган шахслар, шу жумладан ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига ёки интизомий қилмишнинг яширилишига дахлдор эканлиги тўғрисида асосланган гумонлар мавжуд бўлган шахслар;

мурожаати хизмат текшируви ўтказилиши учун асос бўлиб хизмат қилган шахслар;

ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходимлар.

Хизмат текширувини ўтказиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак.

Хизмат текширувини белгиланган муддатда, объектив сабабларга кўра тугаллаш мумкин бўлмаган алоҳида ҳолларда, иш берувчи комиссиянинг асослантирилган важлари асосида хизмат текширувини ўтказиш муддатини яна ўн беш иш кунигача узайтиришга ҳақлидир.

Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома тегишли қарорни қабул қилиш учун овоз берган комиссия аъзолари томонидан имзоланиши керак. Хизмат текширувининг натижалари ҳақидаги қарордан рози бўлмаган комиссия аъзоси хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатномага илова қилинадиган ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён этишга ҳақлидир.

Хизмат текшируви натижалари ҳақидаги далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходим тўғрисидаги (ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, у бажараётган иш (эгаллаган лавозим), ушбу иш берувчидаги иш стажи, илгари содир этилган интизомий ҳуқуқбузарликлар учун интизомий жазонинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотлар);

хизмат текширувини ўтказган комиссия таркиби тўғрисидаги;

хизмат текширувини ўтказиш асослари ҳақидаги;

ходим интизомий қилмиш содир этганлиги фактининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;

интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақидаги;

ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходимнинг тушунтиришларида кўрсатилган важлар тўғрисидаги;

ходимнинг интизомий қилмиш содир этганлиги ҳолатлари ва унинг оқибатлари ҳақидаги;

ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун унинг айбдорлигини тасдиқловчи ёки истисно этувчи материаллар тўғрисидаги;

интизомий қилмиш содир этилганлиги натижасида ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори ҳақидаги (агар шундай зарар мавжуд бўлса).

Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатноманинг якунловчи қисмида хизмат текшируви натижасида комиссия келган хулосалар шакллантирилган бўлиши керак. Ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги факти тасдиқланган тақдирда, хизмат текшируви натижалари ҳақидаги далолатномада ходимни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида, ходим иш берувчига ҳақиқатдан тўғридан-тўғри зарар етказганлиги факти аниқланган тақдирда эса моддий жавобгарликка ҳам тортиш ҳақида иш берувчига йўлланган таклифлар, шунингдек меҳнат интизомини кучайтиришга, ходимлар томонидан интизомий қилмишлар содир этишга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган, профилактика хусусиятига эга бўлган тавсиялар мавжуд бўлиши керак.

Хизмат текширувини ўтказиш тўғрисидаги қоидалар ички меҳнат тартиби қоидаларида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган хизмат текширувини ўтказиш тартиби ҳақидаги ички ҳужжатларда тармоқнинг хусусияти, ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, ходимлар бажараётган меҳнат вазифаларининг тавсифи инобатга олинган ҳолда аниқлаштирилиши мумкин, бироқ ушбу аниқлаштириш ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, хизмат текшируви меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқий меҳанизм сифатида иш берувчи ва ходимнинг манфаатлари учун хизмат қилади ва ҳақиқатни аниқлашга, интизомий ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаб ва шароитларни бартараф этишга, асоссиз равишда ходимга нисбатан интизомий жазо қўллашни олдини олишга хизмат қилади.

 

Ғайрат МАТЯҚУБОВ,

 фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро суди судьяси.

 

 

 

 

 

 

Ulashing:

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan